$
 12910.15
-14.77
 14660.77
40.1
 159.78
-0.16
weather
+26
Кечаси   +14°
textileads

3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни

Nogironlik nogiron nogironlar aravachasi

Бугун 3 декабрь - Халқаро ногиронлар куни. 31 йилдан бери нишонланиб келинаётган ушбу куннинг асосий мақсади ногиронлар дуч келаётган муаммоларни чуқурроқ англаш, шундай масалаларни ҳал этиш, уларнинг қадр-қиммати, ҳуқуқини ҳимоялаш, турмуш шароитини яхшилашга қаратилган.

Тарихга назар

1983 — 1992 йиллар оралиғи БМТ томонидан Халқаро ногиронлар ўн йиллиги этиб белгиланган эди. Мазкур ўн йиллик якунида, 1992 йил 14 октябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 37-ялпи мажлисида қабул қилинган резолюцияга мувофиқ, 3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни деб эълон қилинган. Шу йилдан буён, ҳар йили ушбу кунда ногиронлиги бўлган шахслар учун байрам тадбирлари ўтказилиб, моддий кўмаклар берилади. Бу кунда Ўзбекистонда ҳам тизимли хайриялар ва тадбирлар уюштирилади.

Ўзбекистонда қанча ногиронлиги бор шахслар яшайди?

Жаҳон банкининг маълумотларига кўра, 2022 йилда Ўзбекистон аҳолисининг 845,3 минг киши яъни 2,3 фоизи ногиронлиги бўлган шахслар экани аниқланган. Мамлакатда 3 ва ундан юқори ёшдаги жами аҳолининг 13,5 фоизи ногиронликнинг маълум бир шаклига, 3,5 фоизи эса ногиронликнинг оғир шаклига эга. Тадқиқотга кўра биздаги ногиронликнинг тарқалиши ёш билан чамбарчас боғлиқдир. Унга кўра, 60 ва ундан юқори ёшдагиларнинг 54 фоизида ногиронликнинг маълум бир шакли аниқланган. Ёш билан боғлайдиган бўлсак, Ўзбекистондаги 18 ёшгача бўлган имконияти чекланганлар 142,3 минг, пенса ёшига етмаган ногиронлиги бор шахслар эса 396,7 минг нафарни ташкил қилади. Аниқланишича, ногиронлиги тасдиқланган аёллар сони 369,5 минг нафар бўлиб, эркаклар эса 475,8 минг нафарни ташкил қилиб, аёллардан нисбатан кўпроқдир. Маълум бўлишича, биздаги ногиронлиги бор шахсларнинг катта қисми қишлоқ жойларда яшайди. Бунда, шаҳарларда 313,3 минг, қишлоқларда эса 532 минг ногиронлиги бор шахслар истиқомад қилади. Бу борада энг юқори кўрсатгичлар Навоий ва Сирдарё вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида кузатилмоқда.

Ҳуқуқ, имконият, тенглик…

Ўзбекистонда имконияти чекланган шахсларга бериладиган эътибор қайсидир маънода етарли даражада. Масалан, ногиронлиги бўлган шахслар мамлакатдаги исталган давлат хизматларидан навбатсиз ва имтиёзли равишда фойдаланиш ҳуқуқига эга. Тиббиёт марказидаги хизматлар, халқ қабулхоналари, мансабдор шахслар қабулига кириш шулар жумласидандир. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида ҳам ногиронлар ҳуқуқи, имтиёзлари тўғрисида бир қанча қонун ва қарорлар мавжуд. Улардан асосийларидан бири бу Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонундир. Мазкур қонун Қонунчилик палатаси томонидан 2020 йил 22 июлда қабул қилинган бўлиб, Сенат томонидан 2020-йил 11 сентябрда маъқулланган. Унда, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлаш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган барча ҳуқуқ ва эркинликлар мавжуддир. Қўшимча қилиш жоизки, Ногиронлиги бўлган шахслар ҳам Ўзбекистон Республикасига аҳамиятли бўлган барча сайловларда иштирок этиш ҳуқуқига эгадир. Бунда, ногиронликнинг барча кўринишидаги инсонлар ўз уйидан чиқмаган ҳолда, сайлов комисияси томонидан тузилган навбатчилик гуруҳлари ёрдамида овоз бериш имконияти бор. Кўзи ожизлар учун эса барча сайлов бюллетин қоғозлари брайл алифбосида ёзилади. Бундан ташқари имконияти чекланганлар учун имтиёзлар талайгина. Келинг, булардан кўзга кўринарли бир қанча имтиёзларни кўриб чиқсак:

  • Ногиронлиги бўлган шахслар учун ОТМда давлат гранти асосида қўшимча қабул квотаси ажратилади.
  • Ногиронлиги бўлган шахсларнинг автотранспорт воситалари учун ажратилган тўхтаб туриш жойларидан фойдаланганлик учун ҳақ олинмайди.
  • I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга ДХМ ва (ёки) ЯИДХП орқали хизмат кўрсатишда 50 фоиз миқдорида чегирма қўлланилади.
  • Ногиронлиги бўлган шахслар жамоат бирлашмалари рамзларини давлат рўйхатидан (қайта рўйхатдан) ўтказиш учун давлат божи ундирилмайди.
  • Ногиронлиги бўлган 18 ёшгача болаларга ҳамда I ёки II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга ногиронлик нафақасини тайинлашда давлат хизматлари бепул кўрсатилади.
  • I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар болаларини давлат мактабгача таълим муассасаларига қабул қилишда имтиёзли рўйхатга киритилган.
  • Тегишли тиббий хулоса асосида муҳтож шахсларга протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситалари берилади.
  • Ногиронлиги бўлган шахслар санаторий-курортда бепул соғломлаштириш ҳуқуқига эга.
  • I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларнинг мулкида бўлган мол-мулк 60 квадрат метр доирасида солиқ солишдан озод қилинади.
  • Меҳмонхоналарда ногиронлиги бўлган шахслар учун алоҳида шароитга эга хона ташкил этилади.
  • Хизмат турар жойларида яшаётган I ва II гуруҳ ногиронлари хизмат уйидан бошқа турар жой берган ҳолда кўчирилади.
  • Ногиронлиги бўлган ёшларга БҲМнинг 50 бараваригача (17 млн сўмгача) субсидия ажратилади.
  • I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар ер солиғидан озод қилинади.
  • Бюджет маблағлари ҳисобига молиялаштириладиган бассейнларда шуғулланиш ва улардан фойдаланиш учун ногиронлиги бўлган болалар тўловдан озод этилади.
  • Болаликдан ногирон бўлганлар, шунингдек I ва II гуруҳ ногиронларининг МҲТЕКМнинг 3 баравари (3 млн 150 минг сўм) миқдоридаги маблағлари даромад солиғига тортилмайди.

Жорий йилнинг 27 февралида ҳам Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёэв ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш бўйича қарорни имзолаган эди. Унга кўра, Ўзбекистонда 2022−2026 йилларда аҳолининг муҳтож қисмини замонавий протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация воситалари билан таъминлаш даражасини 60 фоизга етказиш белгиланган. Бунга эришиш учун 2023 йилда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги муҳтож шахсларни замонавий оёқ протез-ортопедия буюмлари билан бепул таъминлайди.

Қолаверса, “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га киритилган ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда И гуруҳ ногиронларига сон протези, болдир протези ва оёқ камари ортопед аппаратлари бепул берилиши кўзда тутилган. Бу йилги Конституциянинг янгиланган таҳрирдаги версиясини нашр қилишда ҳам кўриш имконияти чекланган шахслар ҳам назардан четда қолгани йўқ. Адлия вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни муносабати билан янги таҳрирдаги Конституциянинг Брайл алифбосидаги шакли тайёрланди ва нашр қилинди. Ушбу нашрлар Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти ва бошқа ташкилотлар орқали ногиронлиги бўлган шахсларга мақсадли етказилади. Бундан ташқари, барча аҳолининг Конституция нормалари билан қулай шаклда танишиши учун Конституция нормаларининг аудио формати ҳам тайёрланди.