$
 12175.34
4.67
 14063.74
15.14
 154.29
1.99
weather
+26
Кечаси   +14°

“Заҳарли” даъволар мустақилликка таҳдид эмасми?

босқинчи

19 асрнинг иккинчи ярмида юртимиз тупроқларига истилочи ўлароқ кириб келган рус босқинчилари йиллар давомида у ёки бу усулда халқимизни ўзига тобе қилишга қаратилган ишларини давом эттириб келмоқдалар. Ўтган асрнинг 20 йилларида жадидчилик ҳаракати вакиллари мамлакат аҳлини аллақачон истибдодга олган золим тузумга қарши курашган бўлса, мана, орадан роса юз йил ўтиб, ўша қаттол ва босмачи қатламнинг авлодлари Ўзбекистоннинг ҳудудий яхлитлигига, давлат бошқарув тизими ва миллий қадриятларига очиқча панжа ташлаяпти.

Оддий ҳарбий мустақиллигимизга қарши

Бугун ижтимоий тармоқларнинг ўзбекча сегментида россиялик ёзувчи, “Путин жамоаси” ижтимоий ҳаракати аъзоси, Россия гвардияси полк командирининг ҳарбий-сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Захар Прилепиннинг собиқ СССР ҳудудларини Россия Федерацияси таркибига қўшиб олиш ҳамда унинг аҳолисига рус тилини ўргатишни таклиф қилиб, мамлакатнинг мигрантлар муаммосига шу йўл билан ечим топилиши ҳақидаги мазмундаги гаплари акс этган видео фаол муҳокама қилинмоқда.

Прилепин ушбу фикрини мамлакат пойтахтида бўлиб ўтган “қўмондонлар кенгаши” фаолияти ҳақида матбуот анжуманида баён қилган. Захар тарафдорларнинг саволларига жавоб берар экан, демографиядаги муаммолар ва мигрантлар билан боғлиқ можаролар мавзусига жавобан — “Руслар қанча кўп бўлса, кўп сонли мигрантлар бизнинг юртда ўзини нотўғри тутиши билан боғлиқ муаммолар камроқ бўлади”, дейди.

Шунингдек, Захар мигрантларни Россияда эмас, балки улар келган давлатларда, масалан, Ўзбекистонда ўқитишни таклиф қилади. Фикрга қўшимча сифатида “Мен ҳазиллашаётганим йўқ. Биз Совет Иттифоқининг парчаланишини рад этиш мавзусини кўтарамиз, бу бизга исталган вақтда “Сизнинг икки миллион фуқаронгиз бизнинг ҳудудимизда экан, биз сизнинг ҳудудингизга даъво қиламиз. Чунки кўпчилик аллақачон шу ерда ва улар ҳатто бунга овоз берган” дейишга имкон беради. Киевдаги параддан кейин Евросиё ҳудудида бирор нарса қилишни бизга ким тақиқлайди? Ҳеч ким”, деган Прилепин. Бунга жавобан матбуот анжуманида қатнашаётганлар унинг гапини қарсаклар билан қўллаб-қувватлаган.

Бу биринчиси эмас

Захар Прилепин каби провакаторлар аввалдан бўлиб келган. Мисол учун ўтган йили вафот этган Россия ЛДПР етакчиси Владимир Жириновский ва Мария Захарова шулар жумласидандир. 2021 йилнинг августида Кремлнинг оғзи сифатида қараладиган Жириновский Марказий осиё давлатлари, хусусан Ўзбекистонни Россия таркибидаги губерния сифатида кўраётганлиги ҳақидаги турли гап сўзлар ижтимой тармоқларда айланган эди.

Унга кўра, Афғонистондаги вазият Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларини Россия таркибига киришга мажбур қилиши керак эди.

Яна бир таҳдид сигнали 2020 йилнинг май ойида Мария Захарова томонидан берилганди. Бу сафар тил борасида. (https://t.me/safarblog/3679)

Захарова Ўзбекистонда расмий доираларда давлат тили устувор бўлишини белгиловчи қонун лойиҳаси атрофидаги муҳокамаларга муносабат билдириб, шундай дейди: “Шундай таассурот уйғоняптики, ушбу қонун лойиҳаси тарафдорлари ҳозирча яққол озчиликни ташкил этади. Билдирилаётган фикрларнинг аксарияти рус тилининг расмий мулоқотда сақланиб қолиши муносабатларимизнинг тарихий руҳи ва замонавий сифатига, энг асосийси — кўпинча Россияда ўқиш ёки ишлаш учун танлов қилаётган кўп сонли Ўзбекистон фуқаролари манфаатларига тўла мос келишини кўрсатмоқда”.

Жамоатчилик муносабати

Юқорида таъкидлаганимиздек Захар Прилепиннинг баёноти кўплаб ҳамюртларимизнинг ғазабига сабаб бўлаяпти. Масалан, жамоатчилик фаолларидан бири, “Газета.уз” нашрининг ўзбекча бўлими муҳаррири Муҳрим Аъзамхўжаев ўз саҳифасида вазиятга нисбатан ўз муносабатини ёзиб қолдирди. Унинг фикрига кўра, келгусида Ўзбекистон мустақиллигига ва сувиринетеига даҳил қилган ҳар қандай шахс Ўзбекистонга киритилмаслиги ҳамда бундай шахсларнинг рўйхати тузиб борилиши лозим.

“Пандемиядан аввалги йилмиди, Ўзбекистон ҳақида, уни СССР чегарасида яна Россия таркибига қайтариш ҳақида кўп ва хўб гапирган Владимир Жириновский деган балони Бухорода зўр ҳурмат-эътибор билан кутиб олиб, чопонлар кийгизишганди. Бу иш, Жириновский қандай лавозимдаги шахс бўлишидан қатъи назар, тентаклик эди. Менимча, келгусида мана шундай тентакликлар бўлмаслиги учун ҳам Ўзбекистонга умуман киритилмайдиган советпараст чет элликлар рўйхати шакллантирилиши ва очиқ танишишга имконли бир кўринишда эълон қилиниши керак – улар Ўзбекистонга келгани ҳамоноқ аэропортнинг ўзидан депортация қилиниши ва “умуман қорангни кўрмайлик бу ерда” деб тушунтириб юборилиши шарт.” — деб ёзади журналист.

“Diplomat (Sobirov)” номли телеграм саҳифаси вазият юзасидан қуйидагича изоҳ қолдирган:

“Мана, энди Ўзбекистонни босиб олиш ҳақида очиқча айтишиб, қарсак ҳам чалишяпти. Россия ТИВ бизни мустақил давлат сифатида ҳурмат қилса ҳали бу офитсер “ҳазиллашди” деб чиқар, лекин бу барибир ҳақиқат. Прилепин Россиянинг ҳақиқий ниятини ошкора айтди холос. Россияни ўлиб-тирилиб оқлаётганлар, Украина енгилса нима бўлишини мана бу даббанинг гапидан билиб олиши мумкин. Ахир, улар фақат россияликларнинг гапига ишонади”, - деб ёзади саҳифа эгаси.

Журналист ва шоира Феруза Хайруллаева ҳам ҳолатни мустақил мамлакат устидан кулиш” дея баҳолаган:

“Ҳа, қизларнинг эрта турмуши дахшатли, ҳа, ёлғончилигимиз дахшатли, ҳа, коррупсияга ботганимиз дахшатли. Аммо, мана бунақалар эфирга чиқволиб, бизни босволиш ҳақида очиқчасига гапира олаётганлари унданам дахшатли! балки бунгаям эътибор қаратармиз а?! Бу гаплари очиқдан очиқ мустақил мамлакат устидан кулиш. Кўрамиз, бизникилар бу гапгаям шунчаки лоқайд қараб туришармикин ё ҳақини талаб қилишадими?”

Шунингдек:

“Жаноб Прилепин шуни яхшилаб ўқиб олинг! Ўзбекистон мустақил, суверен давлат . Уни босиб олишга, унда ўз ҳукмини ўтказишга, хорижий тил ўргатишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ ва бундай фикрлар соғлом ақлга тўғри келмайди.

Мустақиллигимизни, суверенитетимизни, давлат чегараларимиз дахлсизлигини ҳимоя қилишга куч-қудратимиз ҳам, журъатимиз ҳам етарли”, — дейди ўзбекистонлик депутат Иномжон Қудратов.