$
 12689.97
-15.03
 13557.96
14.43
 137.20
1.09
weather
+26
Кечаси   +14°

Ўзбекистондаги боғчаларда роботлар хизматидан фойдаланилади

Ўзбекистондаги боғчаларда роботлар хизматидан фойдаланилади

Мактабгача таълим вазирлиги болаларда вазифаларни самарали ечишга қаратилган алгоритмик тафаккурни ривожлантириш бўйича пилот лойиҳасини ишга туширди. Бугун, 9 феврал куни болаларга робототехника ва дастурлаш кўникмаларини ўргатишга мўлжалланган Albert ва Genibot ақлли роботларини топшириш маросимида Корея Республикасидан келган ҳамкорлар Ўзбекистоннинг МТТга 275 та робот ва 350 та ўқув қўлланмасини совға қилишди.

Тадбир Мактабгача таълим вазирлиги, Корея робот саноатини ривожлантириш институти (KIRIA), Корея ўқитувчилар уюшмаси, шунингдек, FRG Korea, Dazzle Edu, Genie Robot ва SK Telecom компанияларининг вакиллари иштирокида онлайн тарзда ўтказилди.

Albert ва Genibot роботлари 6 ёшдан катта тарбияланувчиларга мўлжалланган. Биринчи босқичда бола тайёр кодлаш карталари ёрдамида ўйинчоқни ҳаракатланишга, кўзини милтиратишга, гапиришга мажбур қилади. Шу тарзда у код блокларининг қандай ишлашини тушуниб олади. Ёши каттароқ болалар роботни смартфонга улаб, ўз буйруқлари ва алгоритмларини яратишлари мумкин.

Роботларга асосланган ўқитиш дастури Корея Республикасида яхши натижалар кўрсатди. У ерда ҳукумат кўмагида бутун мамлакат бўйлаб мингдан зиёд ўқувчиларни қамраб олган 140 та синф очилди. Франция, Испания, Коста-Рика ва Перудаги мактаблар ва болалар боғчаларида ҳам шу каби пилот дастурлари ишга туширилган.

«Келажак робототехника ва автоматлаштирилган саноатга тегишли бўлади. Биз Ўзбекистонда ушбу тараққиётга дахлдор эканлигимиздан мамнунмиз ҳамда Корея ва Ўзбекистон нафақат робототехника соҳасида, балки инновация соҳасида ҳам самарали ҳамкорлик қилишига умид қиламиз", – деди KIRIA компанияси президенти Чонил Мун.

Қайд этилишича, Albert ва Genibot роботлари бутун Ўзбекистон бўйлаб 53 та ТМТга тақсимланади. Жойларда устозларни ўқитиш ва пилот лойиҳаси натижаларини мониторинг қилиш ишлари МТВ ҳузуридаги Ахборот ва педагогик технологиялар инновацион маркази томонидан олиб борилади, шунингдек, роботларнинг функцияларини имконияти чекланган болаларга мўлжалланган дастурлар билан ҳам тўлдириш кўзда тутилган.

Теги :
Жамият