$
 12844.21
-11.72
 13508.26
-62.46
 127.35
-0.81
weather
+26
Кечаси   +14°

Мирзо Улуғбек туманида дарахтларнинг илдизларига шикаст етказилди

Фото: Тошкент шаҳар Экология бошқармаси Фото: Тошкент шаҳар Экология бошқармаси

Ўтган йили Чилонзор ва Яккасаройда рўй берган шов шувли ҳолатларга қарамасдан Мирзо Улуғбек туманидаги яна ўнлаб дарахтлар илдизи шикастлантирилди. Айбдорлар жаримага тортилди.

Ижтимоий тармоқларда Мирзо Улуғбек туманининг «Шаҳрисабз» МФЙ да амалга оширилаётган ободонлаштириш ва таъмирлаш ишларига жалб этилган махсус техника воситалари дарахтларнинг илдиз қисмини шикастлантираётгани тўғрисида хабар эълон қилинди. Бу бўйича Тошкент шаҳар Экология бошқармаси матбуот хизмати маълумот берди.

Қайд этилишича, ҳолат Мирзо Улуғбек тумани Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўлими давлат инспекторлари ҳамда туман Ички ишлар бўлими ходимлари билан биргаликда ҳудудга чиқиб ўрганилган.

Ўрганилган ишлар натижасида, «Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги қонун талабларига риоя этмаганлиги учун масъулларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 79-моддасига (Дарахтларни, буталарни, бошқа ўсимликларни ва ниҳолларни қонунга хилоф равишда кесиш, кундаков қилиш, шикастлантириш, йўқ қилиш ёки бошқа жойга кўчириб ўтказиш) асосан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, жарима белгиланди.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йил 6 август куни Тошкентда кўчани кенгайтириш ва «ободонлаштириш» бўйича қабул қилинган навбатдаги қарор натижасида 100 га яқин кўп йиллик дарахтга зарар етказилгани ҳақида ёзгандик. Жамоатчилик норозилигидан сўнг лойиҳа қайта кўриб чиқилди, аммо баъзи дарахтлар қуриб қолиши мумкин.

Ундан сўнг, Экология қўмитаси мутахассислари Чилонзор кўчасини реконструкция қилиш жараёнида 101 туп дарахтга, шу жумладан, 92 туп эман, 1 туп чинор, 5 туп тут, 2 туп арча ва 1 туп мевали беҳи дарахтларининг илдиз қисмини шикастланганини аниқлади. Шунингдек, йўлни реконструкция қилиш бўйича давлат экоэкспертизаси хулосаси ҳам олинмаган.

Шундан сўнг президент топшириғига кўра Чилонзор тумани ҳокими ва прокурори ишдан бўшатилди, Тошкент собиқ ҳокими ва прокурорига эса «вазифасига масъулиятсиз муносабатда бўлгани учун» қаттиқ ҳайфсан берилганди.

11 августда эса Яккасаройда шундай ҳолат такрорланганди. Унда Шота Руставели кўчасидаги 28-уй яқинида 4 та катта (улардан бири касал) ва 7 та майда дарахтнинг илдиз тизими шикастланган.