$
 12697.00
2.04
 13547.70
38.99
 135.05
0.39
weather
+26
Кечаси   +14°

Ўзбекистонда 250 та микро ГЭС қурилади

Фото: Ўзбекистон Президентининг Матбуот хизмати Фото: Ўзбекистон Президентининг Матбуот хизмати

Ўзбекистонда микро ГЭСлар қуриш учун 250 та истиқболли участка аниқланди. Ҳисоб-китобларга кўра, улар йилига 675 млн киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқариш имкониятига эга бўлади. ГЭСлар ёнида гибрид ГЭСлар қуриш режалаштирилмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев 19 январь куни энергия таъминотини яхшилаш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди ҳамда гидроэнергетика тармоғидаги режалар тақдимоти билан танишди, дея хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Сўнгги йилларда гидроэнергетика йўналишида 500 млн долларлик 27 та лойиҳа амалга оширилиб, қўшимча 260 мегаваттли қувватлар яратилди. «Ўзбекгидроэнерго» тизимидаги станцияларнинг умумий қуввати 2 минг мегаваттдан ошди. Бу — йилига 2 млрд куб метр табиий газ тежалмоқда, дегани.

Жорий йилда 197 мегаваттли 7 та лойиҳа ва 10 та микро гидроэлектр станция ишга туширилиши режалаштирилган. Яна 438 мегаваттли 8 та истиқболли лойиҳа ва 50 та микро ГЭС қуриш бўйича ишлар бошланади.

Давлат раҳбари гидроэнергетикада салоҳият юқорилигини таъкидлаб, қувватларни кескин ошириш бўйича кўрсатмалар берди. Бу борада микро гидроэлектр станциялар қуриш мумкин бўлган 250 та майдон аниқланган. Ҳисоб-китобларга кўра, келгусида бу иншоотларда йилига 675 млн киловатт-соат электр энергиясини ишлаб чиқариб, 200 млн куб метр газни тежаш мумкин.

Микро ГЭСлардан электр энергиясини юқори нархларда сотиб олиш йўлга қўйилгач, соҳага тадбиркорлар қизиқиши ортди.

Гидроэнергетика иншоотлари атрофидаги бўш майдонларда шамол ва қуёшга мослашган гибрид станциялар қуриш бўйича топшириқ берилди. У ерларда тайёр инфратузилма борлиги ҳисобига харажатлар кам бўлади.

Давлат раҳбари соҳада маҳаллийлаштириш масаласига ҳам тўхталди. «Сувсаноатмаш» акциядорлик жамиятида микро ГЭС ускуналари, Тошкент вилоятида гидроагрегатлар ишлаб чиқариш бўйича топшириқ берилди.

Сув омборларини бошқаришни рақамлаштириш, кадрлар малакасини ошириш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.

Йиғилишда аҳолини энергия билан барқарор таъминлаш чора-тадбирлари муҳокама қилинди. Президент мавжуд барча захираларни ишга солиш, янги ва истиқболдаги лойиҳаларни муддатидан кечиктирмаган ҳолда амалга ошириш зарурлигини таъкидлади.

Энергия танқислиги шароитида кунлик ишлаб чиқаришни кўпайтириш, ресурсларни адолатли ва самарали тақсимлаб, жойларга изчил етказиб бериш, узилишларни тезкор бартараф этиш вазифалари белгиланди, дейилади хабарда.

2021 йилнинг декабрида 2022−2026 йилларда 740 МВт қувватга эга 21 та йирик ГЭС лойиҳаларини амалга ошириш режалаштирилаётгани хабар қилинган эди. Ўшанда қишлоқларни электр энергия билан таъминлаш учун эса 22 та майдонда 5 МВтлик мини ГЭСларни қуриш кўзда тутилгани айтилганди.