$
 12844.21
-11.72
 13508.26
-62.46
 127.35
-0.81
weather
+26
Кечаси   +14°

«Масжидлар ҳар куни ишлайди» — Мусулмонлар идораси масжидлар фаолияти тикланишига аниқлик киритди

«Масжидлар ҳар куни ишлайди» — Мусулмонлар идораси масжидлар фаолияти тикланишига аниқлик киритди

Аввал хабар берилганидек, Республика махсус комиссиясининг навбатдаги қарорига кўра, 15 августдан карантин талаблари юмшатилиб, бир қатор фаолият турлари фаолияти қайта тикланадиган бўлди.

Жумладан, 17 августдан эътиборан Ўзбекистондаги барча масжидлар, шу қатори бошқа диний ташкилотлар очилади. Бунда ҳар куни дезинфекция ишларини амалга ошириш ва қатъий ижтимоий масофани сақлаш чекловларига риоя этилишини таъминланади.

Шунингдек, диний ташкилотларда жума ва шанба-якшанбалик диний хизматларни вақтинчалик амалга оширмаслик талаб этилади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси мазкур талабнинг айрим сайт ва ижтимоий тармоқларда нотўғри талқин қилингани, масжидлар ҳафтада тўрт кун ишлаб, жума, шанба ва якшанба кунлари эса фаолият кўрсатмаслиги ҳақидаги ҳабарлар англашилмовчилик эканини айтиб, тушунтириш бериб ўтди.

Масжидлар ҳафтада ҳар куни ўз иш фаолиятини олиб боради, фақат жума намози эпидемиологик вазият барқарорлашгунга қадар вақтинча адо этилмай туради.

Пандемия шароитидан келиб чиқиб масжидларда қуйидаги санитария-эпидемиологик қоидалар жорий этилмоқда:

— масжидларнинг кириш жойини дезинфекцион “тўшак”лар билан жиҳозлаш, бирламчи дезинфекциялаш воситалари, пирометрлар (контактсиз ҳарорат ўлчагич) билан таъминлаш;

— ҳар бир фуқаро масжид ичида тиббий ниқобда бўлиши, ҳудудга киришда қўлларини дезинфекциялаш воситасидан фойдаланиши;

— масжидга ташриф буюрган ҳар бир шахснинг касаллик аломатларини текшириш (ҳарорат ўлчаш ва ташқи аломатлар), тана ҳарорати 37ºС ва ундан юқори бўлган ҳолатда фуқароларни алоҳидалаш ва 103 телефон рақами орқали тез тиббий ёрдамга хабар бериш;

— ибодат вақтида ижтимоий масофаланишни сақлаш, фуқаролар орасидаги масофани 1,5 метр этиб белгилаш (махсус чизиқлар ёрдамида катакларга ажратган ҳолда);

— ҳар бир масжиднинг кириш қисмига касалликдан сақланиш, ҳудудда карантин талабларига қатъий амал қилиш, хусусан, 65 ёшдан катта фуқароларни масжидларга вақтинча ташриф буюрмай туришлари тавсия этилиши тўғрисидаги ахборот лавҳаларини ўрнатиш;

— масжид маъмурияти томонида иш фаолиятни карантин даврида ташкил этиш бўйича тегишли буйруқ ва ички тартибларни ишлаб чиқиш (бунда ёши 65 ёшдан улуғ фуқароларни вақтинча ташриф буюрмай туришларини тавсия этиш);

— масжидларда жума намозини вақтинча адо этмаслик;

— ҳудудий Санитария-эпидемиология хизмати ходимлари томонидан масжидларнинг барча ходимлари билан тушунтириш ишларини ташкил этиш;

— ушбу хизмат томонидан белгиланган муддатда (ҳар 3 кунда ёки ҳафтада бир маротаба) масжидлардаги санитария-эпидемиологик ҳолатни ўрганиш ва тавсиялар бериш;

— масжидлар бинолари ва ҳудудини ҳар куни дезинфекция қилиш, хоналарни шамоллатиш;

— масжидга кириш ва чиқиш жойларида аҳолининг тўпланишига қатъий йўл қўймаслик;

— таҳоратхонадан фақат зарур шароитлар яратилган (бир марталик сочиқ-салфетка, антисептик воситалар, суюқ совунлар билан таъминлаш, қисқа муддатларда дезинфекция қилиш), ижтимоий масофаланишни сақлаган ҳолда фойдаланиш каби тартиб-интизомлар алоҳида таъкидланади.

Теги :
Jamiyat