$
 12915.07
15.07
 14659.90
64.84
 156.43
-0.89
weather
+26
Кечаси   +14°
textileads

6 мингдан 400 тага қисқарган кутубхоналар: муаммо китобхондами ёки ...

kutubxona

Кичкина бўлса ҳам, боғинг ва кутубхонанг бўлса, сен ҳеч нарсага муҳтож эмассан, дейди қадимги Рим файласуфи Цицерон. Одамларни эса тобора камайиб бораётган боғлар ва яшил ҳудудлар билан бирга, йилдан-йилга озайиб кетаётган кутубхоналар ҳам ташвишга солмоқда.

Ўзбекистонда, биринчидан, кутубхона кам; иккинчидан, борлари ҳам қаерда жойлашганини китобхонлар, ҳатто ўқимишли инсонлар ҳам билмайди. Бизнинг муаммомиз кутубхона камлигими ёки одамлар уларнинг қаерда жойлашганини билмаслигими?

Масалан, охирги 20 йилда Ўзбекистондаги кутубхоналар сони 15 баробарга камайиб кетган. 2000 йилда Ўзбекистонда 6027 та кутубхона мавжуд эди, бу кўрсаткич 2021 йилга келиб 402 тагача қисқарган.

2000 йилда 6027 кутубхонанинг 1013 таси шаҳарда, 5014 таси қишлоқларда жойлашган бўлса, 2021 йилга келиб 402 та кутубхонанинг 365 таси шаҳарда, 37 таси эса қишлоқларда қолган.

Кутубхоналар камайиб кетаётгани ҳақида гап кетар экан, кўпчилик буни интернет ривожланиши билан боғлайди. Аммо, бугун дунёда турли шаклдаги 2,7 миллиондан ортиқ кутубхоналар мавжуд, уларда рўйхатдан ўтганлар сони тахминан 1 миллиард 40,2 миллион кишини ташкил этади. Ва дунёнинг кўплаб давлатларида китоб ўқиш ва кутубхоналарга ташриф буюрувчилар сони йилдан йилга ошиб бормоқда.

2021 йил маълумотларига кўра, энг кўп китоб ўқувчилар Ҳиндистон, Таиланд ва Хитойда яшайди. АҚШ аҳолисининг 55 фоизи кутубхоналарга аъзо ёки доимий фойдаланувчи сифатида рўйхатдан ўтган. Демак, интернет асри ва замонавийликнинг кутубхоналар камайиб кетишига заррача алоқаси йўқ.

Кутубхоналар камлиги ҳақида гап кетса, кўпчилик китоб ўқиш учун “book cafe” ёки пулли коворкинг марказларига боришини айтади. “Book cafe”лар шовқин, коворкинг марказлари эса, пулли. Бундай шароитда кўпчилик ёшлар учун энг қулай жой, барибир, кутубхоналар бўлиб қолаверади.

Шундай экан, бизга жамоат кутубхоналари керак. Майли, бошланишига ҳар бир ҳудудга ҳеч бўлмаса биттадан, шу жумладан, Талабалар шаҳарчасига албатта. Кейин заруриятга қараб барча ҳудудларда яна кўпайтирилаверади.

Хориж тажрибаси қандай?

Ҳарвард университети илмий тадқиқотчиси Ботир Қобилов ҳам бизга жамоатчилик кутубхоналари керак, қанча кўп бўлса, шунча яхши, деган фикрда.

“АҚШда жамоат кутубхоналари сони McDonalds ресторанлари ва Starbucks қаҳвахоналари сонидан кўпроқ. Стереотипларни бузадиган бўлсак: америкаликлар кутубхоналарга кинотеатр, спорт тадбирлари, музей, концерт, боғ ва казинолардан кўра кўпроқ боришаркан. Эслатма: кутубхона фақат китоб ўқийдиган жой эмас.

Жамоат кутубхонасида иммигрантлар инглиз тилини бепул ўрганади, компютери йўқлар келиб бепул фойдаланади. Бошпана, иш, ўқиш қаердан топсам бўлади, деган саволларга жавоб олади, болалар тенгдошлари билан мулоқот/дарс, қариялар маданий ҳордиқ чиқариш учун келади. Бошпанаси, уйи йўқлар ҳам келади, улар ҳайдаб юборилмайди. Киришда аъзолик карточкасини ҳам ҳеч ким сўрамайди. Чунки бу жамоат кутубхонаси.

Мен жамоат кутубхоналарининг мухлисиман. Бундай жойлар имкониятларни тенглаштиради, турли табақага мансубларни бир жойга жамлай олади, уларни жисмонан ва маънан бир-бирига яқинлаштиради.

Бостон жамоат кутубхонаси биносининг бир тарафида шундай битиклар бор (содда таржима қиламан): “Тартиб ва эркинликнинг ҳимоячиси сифатида одамларнинг таълими талаб қилинади”.

Қайтараман, жамоат кутубхонаси фақат китобхона эмас. Масалан, Бостон жамоат кутубхонаси таклиф қиладиган бепул хизматлар рўйхати: бошпана, шелтер, текин овқат, текин тиббий ёрдам, текин юридик ва молиявий хизматлар ва ҳакозо”.


2000 — 2021 йилларда Ўзбекистондаги кутубхоналар сонининг ўзгариши:

2000 йил – 6027 та;

2001 йил – 5936 та;

2002 йил – 5943 та;

2003 йил – 6158 та;

2004 йил – 5953 та;

2005 йил – 5892 та;

2006 йил – 1200 та;

2007 йил – 1521 та;

2008 йил – 1650 та;

2009 йил – 2722 та;

2010 йил – 2809 та;

2011 йил – 2809 та;

2012 йил – 2831 та;

2013 йил – 2834 та;

2014 йил – 2877 та;

2015 йил – 2914 та;

2016 йил – 2908 та;

2017 йил – 2898 та;

2018 йил – 2902 та;

2019 йил – 398 та;

2020 йил – 400 та;

2021 йил – 402 та.

Эркин маърифат масканлари ҳам бор

Аммо, бу борадаги ижобий хабарлар ҳам кам бўлса-да, йўқ эмас. Хусусан, китобхонлар учун мутлақо эркин тарзда, ҳеч бир бюрократик тўсиқларсиз фаолият кўрсатувчи ва фойдаланиш учун етарли шароиталрнинг барчаси муҳайё бўлган кутубхоналар ҳам очилмоқда. Булардан бир — қайта очилган 180 мингдан зиёд китоб фондига эга Республика болалар кутубхонаси бўлса, иккинчиси Ёшлар ижод саройида ташкил этилаётган “Креатив парк” бўлиб, ушбу бинолар бугунги кунда китобхонларни қабул қилмоқда. Қачон қарасангиз, ушбу масканлар гавжум, демакки талаб бор. Шундай экан кераксиз фестиваллар, фойдасиз масканларга эмас, мана шундай жамоат кутубхоналарига кўпроқ маблағ ажратиш зарур.

Теги :
Jamiyat