$
 12844.21
-11.72
 13508.26
-62.46
 127.35
-0.81
weather
+26
Кечаси   +14°

"Ноқонуний топшириқларни бажаришни хоҳламайман". Расул Кушербаев — пойтахт ҳокими этиб тайинланиши мумкинлиги ҳақида

Фото: Gazeta.uz Фото: Gazeta.uz

Расул Кушербаев интернетда уни Тошкент ҳокими этиб тайинлаш таклифига жавобан: «бу халқнинг хоҳиши бўлиши мумкин, аммо раҳбариятнинг эмас», — деди. У бунга рози бўлмаслигини, чунки «ноқонуний топшириқлар»ни бажаришни истамаслиги, раҳбарият ҳам буни хоҳламаслигини билдирди.

Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг собиқ депутати Расул Кушербаевни лавозимга тайинлаш таклифлари тарқалди. Пайшанба куни YouTube орқали жонли эфирда унинг ўзи бу таклифларга изоҳ берди.

«Тўғриси, мен эрталаб турсам, шунақа гаплар тарқалиб кетибди икки кун олдин. Ўзим ҳам ҳайрон бўлдим. Бу одамларнинг хоҳиши бўлиши мумкин, лекин аниқки, раҳбариятнинг эмас. Мен шундай деб ўйлаяпман. Раҳбарият, менимча, буни хоҳламайди. Чунки, ёқадими, йўқми, ҳокимиятларга, ҳокимларга бўладиган қонуний топшириқдан кўра ноқонуний топшириқлар жуда ҳам кўп. Ва ҳокимлар ўзлари истаган-истамаган ҳолда ноқонуний топшириқларни ҳам бажаришга мажбур бўлишади», — деди у.

Собиқ депутат 2022 йилда Самарқанда бўлиб ўтган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти саммитига кўрилган тайёргарликни мисол қилиб келтирди.

«Улар Самарқандга темир йўл бўйи билан боришади, деб темир йўл бўйидаги кўп жойларни буздириб ташлашди. Ҳукумат топшириқ беряпти протокол билан 10−15 кун муддатда буздирасан, деб. Ваҳоланки, қонун бўйича ва Ҳукуматнинг ўзининг 467-сонли қарори бўйича, қурилмани аниқлаб, то суд орқали буздиришгача бир, бир ярим ой вақт кетади. Бу — қонуний йўли. Булар 15 кун вақт беряпти», — деди Расул Кушербаев.

Унинг сўзларига кўра, Тошкент вилоятининг Янгийўл шаҳар ҳокими (Расул Кушербаев шу тумандан депутат этиб сайланган) қонунга қарамай, ҳукумат кўрсатмасига ишора қилиб, ҳамма нарсани бузиб ташлаган.

«Ҳоким қонунни бузди, лекин унга келганда прокурор ҳам, ҳаммаси кўзини юмиб турди. Нимага деганда у ҳукуматнинг топшириғини бажарди, деб. Демак, ҳоким бўлиб ишлагандан кейин ноқонуний ишларни қилишга тўғри келади. Ва ҳозирги шароитда ҳар қандай иқтидорли, билимли одамни ҳам бунақа ишлар синдириб қўйиши мумкин», — дея таъкидлади у.

Собиқ депутатнинг фикрича, «раҳбарият» ва «кўрсатма берувчилар» унинг тайинланишидан манфаатдор эмас, чунки: «уларнинг ноқонуний топшириқлари кўп, мен уларни ҳеч қачон бажармайман».

«Ҳозир раҳбариятнинг менга кўзи ҳам учиб тургани йўқ. Одамлар хоҳлагани билан ва бизда ҳар доим ҳам одамларнинг хоҳиши билан ҳамма ишлар бўлаверади, дегани эмас, хафа бўлманглар», — деди у.

Расул Кушербаевнинг фикрича, президентни, депутатларни адашмай сайлай олаётган одамлар ҳокимни ҳам сайлаш олиш қўлидан келади.

Президент Шавкат Мирзиёев душанба куни бўлиб ўтган йиғилишда пойтахт ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев истеъфога чиқишини маълум қилган эди. ««Қуруқ гап, ёлғон «сводка» билан пастга тушмагани учун кечаси штабда ишдан олдим», — деди давлат раҳбари.

Ўтган йил охирида Қонунчилик палатаси вице-спикери Улуғбек Иноятов 2023 йилги Давлат бюджети муҳокамаси чоғида унга сўз бермагани учун Расул Кушербаев депутатлик фаолиятини тўхтатишга қарор қилган эди. «Бундай ишлай олмас эканман, бунга мажбур бўлганимдан афсусдаман», деди у.