$
 12640.21
-49.76
 13559.15
1.19
 137.02
-0.18
weather
+26
Кечаси   +14°

Янгиланаётган Конституцияда инклюзив таълим ҳуқуқи

Чет тилларини яхши ўзлаштирган мактабларга 0,5 млрд сўмгача мукофот берилади

Таълим бўйича алоҳида эҳтиёжларга ва индивидуал имкониятларга эга бўлган болалар учун таълим ташкилотларида инклюзив таълим ва тарбия ташкил этилиши ҳуқуқи кафолатланиши лозим, деб ҳисоблайди “Тараққиёт стратегияси” маркази эксперти Анваржон Миркомилов.


Айни кунларда мамлакатимиз Конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифларни шакллантириш борасида бошланган ишлар эксперт-таҳлилий, илмий-академик доиралар, кенг жамоатчилик шунингдек, Интернет ва ижтимоий тармоқларнинг муҳокама марказида бўлиб турибди.


Муҳокама қилинаётган энг муҳим масалалардан бири – таълим сифати ва таълим олиш имконияти, таълим жараёнининг ижтимоий жиҳатларидир.


Сўнгги йилларда инклюзив таълим тизими соҳасида қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди ва муайян норматив база шаклланди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 13 октябрдаги “Ногиронлиги бўлган болаларга таълим-тарбия бериш тизимини янада такомиллаштириш чора-чадбирлари тўғрисида” қарорига мувофиқ, 2020 — 2025 йилларда халқ таълими тизимида инклюзив таълимни ривожлантириш концепцияси ишлаб чиқилди. Концепция икки босқичда яъни 2020-2022 ҳамда 2023-2025 йилларда амалга оширилиши белгиланди.


Рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб республика бўйича тажриба-синов тариқасида 31 та умумтаълим мактабларида 46 та инклюзив синфлар ташкил этилиб, уларда 82 нафар ўқувчи, 4 та коррекцион мактабларнинг 4 та синфларида 33 нафар болалар таълимга жалб этилди. Инклюзив таълим тизимини босқичма-босқич ривожлантириб бориш ва кўламини кенгайтириш мақсадида 2022/2023 ўқув йилида қўшимча 195 та умумтаълим мактабларида инклюзив таълим йўлга қўйилиши режалаштирилган. Шунингдек, концепцияга мувофиқ Халқ таълими вазирлиги тасарруфидаги Ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш ва психологик-педагогик республика ташхис маркази тузилмаси таркибида “Инклюзив таълим лабораторияси” бўлими ташкил этилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги Фармонида Ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлашнинг самарали тизимини шакллантириш, уларнинг ҳаёт сифати ва даражасини ошириш 66-мақсадда қайд этилди. Унда ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамият ижтимоий-иқтисодий ҳаётига жалб қилиниши ва фаол иштирокини таъминловчи инклюзив таълим ва ишга жойлаштириш тизимини такомиллаштириш масаласи ўз ифодасини топган.

Бу борада тизимли ва самарали ишлар амалга оширилганлигига қарамасдан бажарилиши зарур бўлган қатор вазифалар мавжуд эканлигини таъкидлаш лозим. Жумладан, ногиронлиги бўлган болаларни инклюзив шароитда ўқитиш учун умумтаълим мактабларида зарур шарт-шароитлар, моддий-техника база ҳамда биноларда махсус инфратузилманинг етарли эмас. Шунингдек, ота-оналар ўртасида инклюзив таълим бўйича тарғибот ишлари қониқарли ташкил этилмаган. Нодавлат умумтаълим мактабларида инклюзив таълим тизимини жорий қилиш. Конституцияда мазкур ўзгартириш киритилаётганлиги алоҳида эҳтиёжларга ва индивидуал имкониятларга эга бўлган болалар учун таълим ташкилотларида инклюзив таълим ва тарбия масаласид доимо давлатнинг устувор вазифаси сифатида Бош қомусда мухрланади.

Ҳозирда инклюзив таълим ва тарбия норматив ҳуқуқий хужжатларда қайд этилган бўлсада, конституциявий норма даражасида ўз аксини топмаган.


Умумхалқ муҳокамаси учун қўйилган Конституциянинг 41-модда 5-банддида “Таълим бўйича алоҳида эҳтиёжларга ва индивидуал имкониятларга эга бўлган болалар учун таълим ташкилотларида инклюзив таълим ва тарбия ташкил этилади” деган қўшимча киритилиши назарда тутилмоқда.

Мухтасар айтганда, мазкур қоиданинг Конституциявий норма даражасида мустаҳкамланиши алоҳида таълим эҳтиёжларига мухтож бўлган шахсларнинг жамиятга интеграциялашувида инклюзив таълимни давлат доимий кафотлатлаш мажбуриятини олади. 


Бу билан алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларнинг тенг ҳуқуқли жамият аъзоси сифатида умумтаълим муассасаларида билим олиши таъминланади. 



Анваржон Миркомилов, 

“Тараққиёт стратегияси” маркази эксперти