$
 12893.07
18.01
 13386.87
-19.93
 125.96
1.21
weather
+26
Кечаси   +14°

Конституция ва инсоннинг ахборот олиш ҳуқуқи

eminov

Ҳар кимнинг ахборот олиш, ахборот ресурслари, коммуникация технологиялари ва Интернетдан эркин фойдаланиш ҳуқуқлари давлат томонидан кафолатланиши масаласи Конституцияда белгилаб қўйилиши керак, – дейди Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти ходими Анвар Эминов.

 

- Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва Европа Иттифоқининг бир қатор ҳужжатларида замонавий ахборот технологияларидан эркин фойдаланиш инсоннинг ажралмас ҳуқуқлари сифатида эътироф этилган;

- инсонларнинг ахборот олиш, замонавий ахборот технологиялардан эркин фойдаланиш масаласи уларнинг ҳаёт тарзини белгилайдиган ва турмуш фаровонлигига бевосита таъсир қиладиган омилга айланди.

- ахборот олиш ва замонавий ахборот технологияларидан эркин фойдаланишда барча учун бирдек имкониятлар яратилмаслиги жамиятда турли даражадаги тенгсизликни келтириб чиқаради.

- давлат ахборот олиш ва ахборот технологияларидан тўлиқ фойдаланиши учун барча учун тенг имкониятлар яратилишини кафолатлаши керак.

Батафсил:

Ахборот олиш ҳуқуқи, аҳоли учун бу соҳада яратилган имкониятлар билан боғлиқ масалалар барча даврларда ҳам муҳим бўлган, лекин замонавий ахборот технологиялари шиддат билан ривожланаётган ҳозирги вақтда бу масала янада долзарб аҳамият касб этмоқда.

 “Ахборот асри”, “Ахборот жамияти” сингари атамалар сўнгги пайтларда тилимиздан муқим жой олгани бежиз эмас. Дунё миёсида рақамли иқтисодиёт шаклланиб, ахборот технологияларининг халқаро муносабатларга таъсири кучайиб бормоқда.

Давлатларнинг халқаро майдонда муносиб ўринга эга бўлиши, жаҳон иқтисодиётида рақобатбардошлиги замонавий ахборот технологиялари имкониятларидан қанчалик самарали фойдаланишга кўп жиҳатдан боғлиқ бўлиб қолмоқда. Бу масалага етарли эътибор бермаслик мамлакатнинг иқтисодий салоҳиятига, аҳолининг турмуш фаровонлигига салбий таъсир кўрсатади. Айрим ривожланган ва ривожланаётган давлатлар ўртасида кузатилаётган тафовутлар шунга мисол бўла олади.

Шу сабабли БМТнинг бир қатор ҳужжатларида, масалан, Инсон ҳуқуқлари қўмитасининг 2011 йил 16 майдаги доклади, 2016 йил 5 июлдаги резолюцияларида Интернетдан фойдаланиш имконияти асосий инсон ҳуқуқларидан бири экани таъкидланган.

2022 йил апрелида АҚШ, Европа иттифоқига аъзо давлатлар ва бошқа 32 мамлакатлар томонидан қабул қилинган “Интернет келажаги Декларацияси”да замонавий ахборот технологияларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, Интернетнинг “очиқ, ишончли ва хавфсиз”лигини таъминлаш масалаларга катта эътибор қаратилган. Финландия, Эстония, Испания сингари давлатларда замонавий ахборот технологиялардан эркин фойдаланиш давлат томонидан кафолатланиши белгиланган. Франция Конституциявий кенгаши 2009 йили Интернетдан фойдаланишни инсон ҳуқуқларининг ажралмас қисми сифатида эътироф этган.

Алоҳида давлат мисолида ҳам шундай ҳолатларни кузатиш мумкин. Ахборот олиш, ахборот технологияларидан эркин фойдаланиш тенг имкониятлар яратилмас экан, айрим ҳудудлар, турли аҳоли қатламлари орасидаги ижтимоий-иқтисодий тенгсизликка олиб келиши мумкин. Замонавий ахборот технологияларидан қанчалик эркин фойдаланишдаги фарқ маълум бир тоифадаги аҳолининг билим ва кўникма, касб танлаш ҳамда ўзи шуғулланаётган меҳнат фаолиятидан оладиган даромадларида тафовутга сабаб бўлади.

Чунки, ахборот соҳасидаги ўзгаришлар меҳнат муносабатларига катта таъсир кўрсатди, меҳнат бозоридаги рақобат кучайиб, иш берувчиларнинг ходимларга нисбатан талаблари ошиб бормоқда. Инсонларнинг, айниқса ёшларнинг ахборот олиш, замонавий ахборот технологиялардан эркин фойдаланиш масаласи уларнинг ҳаёт тарзини белгилайдиган, уларнинг турмуш фаровонлигига, бевосита таъсир қиладиган омилга айланди.

Мана шу сабабли ҳам кейинги йилларда мамлакатимизда замонавий ахборот технологияларини ривожлантириш, ахборот соҳасидаги ҳуқуқ ва эркинликларини кучайтириш йўналишида улкан ишлар амалга оширилди. Аҳолига кўрсатилаётган давлат хизматлари рақамлаштирилмоқда, давлат органлари очиқлигини таъминланиб, “Электрон ҳукумат” тизими ривожлантирилмоқда.

Фуқароларнинг ахборот олиш имкониятларини кенгайтириш, бундай ҳуқуқларни мустаҳкамлашга қаратилган бир қатор қонун ҳужжатлари қабул қилинди. Амалдаги конституциямизнинг 29-моддасида ҳам “Ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига, ҳар ким ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқига эга”лиги кўрсатилган. Лекин, ўттиз йил олдин қабул қилинган бу норма жамият ҳаётида рўй берган улкан ўзгаришларни, ахборот технологияларининг ижтимоий-иқтисодий муносабатларга таъсирини ҳар жиҳатдан қамраб ололмаслиги аён бўлиб қолмоқда. Бугун ҳар кимнинг фикр ва сўз эркинлиги, ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатиш сингари ҳуқуқларини қандай амалга оширилиши уларнинг ахборот ресурслари, коммуникация технологиялари ва Интернетдан эркин фойдаланишларига бевосита боғлиқ.

Янги ижтимоий-иқтисодий шароитларда талаб даражасидаги билим ва кўникмаларни эгаллаш, меҳнат бозорида рақобатбардош бўлиш ва ҳаётда ўз ўрнини топиш учун барча инсонлар ахборот ресурслари, коммуникация технологиялари ва Интернетдан эркин фойдаланиш имкониятига эга бўлишлари керак. Ушбу ҳуқуқ эса ўз ўрнида конституциямизда алоҳида мустаҳкамлаб қўйилиши керак.

Анвар Эминов, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти ходими