$
 12957.14
29.97
 14702.47
-15.11
 156.56
0.83
weather
+26
Кечаси   +14°
textileads

Экологик муаммоларни четга суриб, кўмирга ўтиш қанчалик тўғри?

Komir

Кеча IQAir ҳаво сифати мониторинги платформасида Тошкент шаҳри ҳавоси «хавфли» дея қайд этилди, бунда ифлосланиш даражаси меъёрдан 55 бараварга ошганини кўриш мумкин. Тавсифга кўра, ушбу даража барча учун жиддий зарар келтириши мумкин бўлган сифат кўрсаткичи ҳисобланади.

Иқлимшунос Эркин Абдулаҳатовнинг фикрига кўра, бу кўпроқ кўмир ёқиш ва бошқалар таъсирида ҳосил бўлган.

5407 та ижтимоий обект кўмирда иситишга ўтказилди

Маълумки, жорий йилда юртимизда табиий газни тежаш мақсадида кўплаб объэктлар кўмир билан иситиш тизимига ўтказилмоқда. Бу бўйича 16 феврал куни «2023 йилда қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарори қабул қилинди. Ушбу қарорда, йил охиригача 5407 та ижтимоий обект кўмирда иситишга ўтказилиши айтилган. Ушбу ташкилотларнинг 2229 таси боғча, 2432 таси мактаб ва 746 таси тиббиёт муассасаси бўлиб, уларни иситилиши учун 184,4 минг тонна кўмир етказиб бериш кўзда тутилади.

Шунингдек, аҳолига кўмир етказиб бериш ҳажми ҳам ошган. «Ўзбеккўмир» акциядорлик жамияти матбуот котиби Неъмат Душаев 2023-2024 йиллар куз-қиш мавсуми учун аҳолига 1 190,8 минг тонна кўмир етказиб берилиши ҳақида маълумот берган. Бу ҳажм аввалги йилларга қараганда анча кўп, масалан, 2022-2023-йиллар куз-қиш мавсумида республика аҳолисига 882 минг тонна кўмир етказиб берилган эди.

Бир томондан қаралса, ушбу қарорни табиий газни тежаш, қишда аҳолининг қийналмаслиги учун оқилона қарор дейиш мумкин, Аммо танганинг иккинчи томоничи? 

Шундоқ ҳам экологик муоммолар қуршовида қолган, ҳаво ифлослиги бўйича энг юқори ўринларда турувчи мамлакатимиз учун бу қарор қанчалик фойда келтиради? Қишда совқатмаслик бадалини соғлигимиз билан тўлаймизми? 

Бутун дунё юз беражак хавфларнинг олдини олиш, иқлим ўзгаришининг салбий таъсирини камайтириш мақсадида кўмир истеъмолини қисқартириш ҳаракатида бўлган бир пайтда тескари йўл тутишимиз қанчалик оқилона?

Табиатни энг кўп ифлословчи

Кўмир дунёда инсоният фойдаланадиган ёқилғилар ичида табиатни энг кўп ифлословчи ҳисобланади. Статистикага қаралса, 1 даража кўтарилган глобал исишнинг 0,3 даражаси кўмир ҳиссасига тўғри келади. Электр энергиясини ишлаб чиқариш учун кўмирдан фойдаланиш йилига 10,5 млрд тонна карбонат ангидрид ишлаб чиқарилишига сабаб бўлади. Бу эса карбонат ангидрид чиқиндиларининг 30 фоизини ташкил қилади. 

Кўмирдан тарқаладиган заҳарлар уни қазиб олиш, ташишдан то фойдаланишгача бўлган жараёнда атроф-муҳит, ҳаво, тупроқ ва сувни ифлослайди. 

Кўмир — йилига 900 минг эрта ўлимга олиб келади

Кўмирда ишлайдиган турли обектлар, фабрика ва корхоналардан турли хилдаги заҳарли моддалар ҳавога чиқиб, ҳам инсон, ҳам ҳайвонот дунёсига таъсир қилади. Улар ёмғирга қўшилиб сув ҳавзалари ва ўрмонларга ёғади, бу эса биохилмахилликнинг камайишига сабаб бўлади.

Ифлосланган ҳаво бутун дунё бўйлаб соғлиқ учун асоратларнинг асосий омили бўлиб, ҳар 9 ўлимдан 1 таси ҳавонинг ёмонлиги сабабли бўлади. Зарарли ҳаводан 2019 йилда тахминан 6,7 млн ўлим кузатилган.

Кўмир билан ишлайдиган электр станциялари бирламчи заррачалар, масалан, ПМ2.5, шунингдек, иккиламчи заррачалар ҳосил қилувчи олтингугурт диоксиди ва азот оксиди каби ифлослантирувчи моддаларни чиқариш орқали бу муаммога ҳисса қўшади.

Ушбу микрозарралар ўпка тўсиғидан ўтиб, қон тизимига кириб боради. Бунинг ортидан юрак-қон томир тизимига салбий таъсир кўрсатиши ва бевосита нафас олиш касалликларини келтириб чиқариши мумкин.

Кўмир заводларидан чиқадиган ҳавони ифлослантирувчи моддалар инсульт, ўпка саратони ва сурункали обструктив ўпка касаллигини келтириб чиқаради.

Шунингдек, атмосферага сулфат ва нитрат каби ўпкага зарарли бўлган майда заррачалар ҳам чиқади. Бундан ташқари, кўмир ёқилганда ўзидан симоб ҳам ажрата бошлайди. Мутахассислар симоб моддасининг инсон саломатлиги ва табиат учун хавфи тобора ошиб бораётгани юзасидан хавотир билдиради.

БМТнинг ҳисоботида инсон фаолияти оқибатида атмосферага йилига 2000 тонна симоб чиқарилиши айтилади. Демак, ўсимликлар, тупроқ, океан, денгиз ва дарё сувлари симоб моддаси билан заҳарланиши хавфи юқори.

БМТнинг кимёвий тадқиқотлар бўлими дирекори муовини Дейвид заҳарланган балиқ гўштини истеъмол қилиш орқали одамларга ҳам зарар етаётгани ҳақида айтади: «Кичик балиқлар микроорганизмларни ейди, сўнгра каттароқ балиқларга ем бўлади. Охир-оқибат биз, инсонлар ҳам балиқ истеъмол қиламиз. Бунинг натижасида одам организмида катта миқдорда симоб йиғилиши мумкин. Бу эса заҳарланиш эҳтимолини оширади».

Симоб инсон мияси ва асаб тизимини ишдан чиқаради, ёш болаларнинг жисмоний ва руҳий тараққиётига салбий таъсир қилиши ҳам аниқланган. Ҳомиладор аёл симоб моддасини овқат орқали истеъмол қилса ҳомилага жиддий шикаст етиши мумкин.

Умуман юқорида саналган моддаларнинг йирик миқдори инсон саломатлиги учун хавфли ҳисобланиб, йилига 900 минг эрта ўлимга олиб келади.

Энг кўп кўмирдан фойдаланувчи давлат — Хитой

2022 йилда кўмир истеъмоли аввалги йилга нисбатан 1,2 фоизга ўсиб, 8,025 млрд тоннани ташкил этган ва бу рекорд кўрсаткич. Қуйида бир йилда энг кўп миқдорда кўмирдан фойдаланувчи 5 давлатни кўриш мумкин:

• Хитой – 3, 942 млн тонна;

• Ҳиндистон – 767 млн тонна;

• Индонезия – 550 млн тонна;

• Америка Қўшма Штатлари – 544 млн тонна;

• Австралия – 544 млн тонна.

Энг кўп кўмир ишлаб чиқарувчи Хитойнинг кўплаб шаҳарлари атмосферадаги кучли ифлосланишдан азият чекади. Ўтган йилнинг куз-қиш ойларида пойтахт Пекин ва бошқа бир қатор шаҳарларда экологик хавфсизликнинг энг юқори –«қизил» ва «сариқ» даражаси эълон қилинди.

Расмийларнинг режасига кўра, Пекин, умуман Хитой шимолий минтақалари тўлалигича смогдан қутилиши керак. Шу муддатга қадар кўмир билан ишловчи иссиқлик электростансияларининг фаолияти тўхталиб, экологик тоза муқобил энергетикага ўтилади. Ҳозирги вақтда смогнинг пайдо бўлишига 60 фоиз кўмир сабаб бўлмоқда.  

Кўмирга ўтиш экология учун орқага юриш демакдир

Ҳар йили бутун дунё давлатлари йиғилиб ўтказадиган UNFCCC’нинг Томонлар конференцияси, яъни COP (Conference of the Parties)да кўмирдан фойдаланишни қисқартириш кун тартибидаги биринчи масала сифатида кўрилади. Кўмирдан йирик миқдорда фойдаланувчи йирик давлатларга бу ёқилғини қисқартириш бўйича талаблар қўйилади. 2021 йилда ўтган COP26да мамлакатлар кўмирдан бутунлай воз кечиш ўрнига босқичма-босқич камайтириш йўлини танлашганди. 

Ушбу иқлим бўйича конференсия давомида 40 дан ортиқ мамлакатлар янги кўмир электростансияларини молиялаштиришни тўхтатиш тўғрисидаги декларацияни имзолаган. Шунингдек, шартномада мавжуд стансияларни — ривожланган мамлакатларда 2030 йилларда, ривожланаётган мамлакатларда эса 2040йилларда ёпиш кўзда тутилган. Битим карбонат ангидридни ушлаб қолувчи технологиялардан фойдаланмайдиган кўмирда ишлайдиган электростансияларга тааллуқли. 

Бундан ташқари, Ўзбекистон ҳам 2018 йилда Иқлим бўйича Париж келишувини ратификация қилган. Унга кўра, мамлакатимизда 2030 йилгача ялпи ички маҳсулот бирлигига нисбатан иссиқхона газлари (карбонат ангидрид, метан, азот оксиди) ажратилиши ҳажмини 2010 йилдаги базавий даражадан 35 фоизга камайтиришга ваъда берганди. Кўмирга ўтиш эса иссиқхона газларини кўпайишига хизмат қилади, экология учун орқага юриш бўлади. Шундай экан, кўмир энергиясини йилдан йилга камайтириш, муқобил энергия йўлларини излаш, чиқимсиз ишлайдиган қуёш ва шамол энергиясига ўхшаш энергияни оммалаштириш энг оқилона ечимдир.