$
 12844.21
-11.72
 13508.26
-62.46
 127.35
-0.81
weather
+26
Кечаси   +14°

Олий суд Қобул Дусов ишини ёритаётган журналист ва блогерларни огоҳлантирди

Олий суд Қобул Дусов ишини ёритаётган журналист ва блогерларни огоҳлантирди

Даъвогар – Халқ таълими вазирлиги жавобгар – Қобул Дусовга нисбатан ташкилотнинг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш тўғрисидаги даъво ариза билан фуқаролик ишлари бўйича Чирчиқ туманлараро судига мурожаат қилган. Ушбу даъво ариза иш юритувига қабул қилиниб, ҳозирги кунда фуқаролик иши қўзғатилган. Олий суд мазкур фуқаролик иши бўйича расмий баёнот билан чиқиб, журналист ва блогерларни огоҳлантирди.

Унда таъкидланишича, дастлабки суд мажлисларида фуқаролик иши бўйича тарафларнинг баёнотлари, гувоҳ кўрсатмалари олиниб, суднинг 2020 йил 23 сентябрь кунидаги ажримига кўра фуқаролик иши юзасидан суд-лингвистика экспертизаси тайинланиб, уни ўтказиш Чирчиқ давлат педагогика институти зиммасига юклатилган ва фуқаролик иши иш юритишдан тўхтатилган.

Мазкур фуқаролик иши экспертиза хулосалари олинганидан сўнг тикланиб, судда кўрилиши давом эттирилади.

“Шу ўринда ижтимоий тармоқларда турли бахс-мунозараларга сабаб бўлган ушбу фуқаролик иши бўйича ўтказилаётган суд жараёнини ёритаётган айрим журналист ва блогерлар эътиборини Ўзбекистон Республикасининг “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги Қонуни 6-моддаси (оммавий ахборот воситалари эркинлигини суиистеъмол қилишга йўл қўйилмаслиги) нинг талабларига яна бир бор қаратмоқчимиз.

Унга кўра, муайян иш бўйича суд қарори чиқмасдан туриб ёки суднинг қарори қонуний кучга кирмай туриб, унинг натижаларини тахмин қилиш ёхуд судга бошқача йўл билан таъсир кўрсатиш тақиқланади.

Мамлакатимизда судлар очиқ-ошкор (ёпиқ суд мажлислари бундан мустасно) фаолият юритади. Суд жараёнларида ҳар ким бемалол иштирок этиши мумкин.

Аммо баъзи журналистлар ва блогерлар суд жараёнида иштирок этаркан, ҳали суд ҳукми ёки қарори ўқиб эшиттирилмай туриб, бу ҳақда тахминий муносабатларини сайтларида эълон қилади. Бу ҳам – судга, судьяга босим ўтказишнинг бир кўринишидир”, дейилади баёнотда.

Теги :
Jamiyat