$
 12741.02
-16.92
 14062.26
-63.33
 134.38
-0.68
weather
+26
Кечаси   +14°

Ёшлар орасида китобтхонликни ривожлантириш аҳамияти

Ёшлар орасида китобтхонликни ривожлантириш аҳамияти

Бугунги кунда, тарбия, кучли фуқаролик позицияни шакллантириш ва турли ёт ғоялардан ҳимоя қилиш масаласи долзарб бўлиб қолмоқда.

Ёшларни маънавий, ҳар томонлама етук ва интелектуал жиҳатдан тарбиялаш учун ўқишни оммалаштириш, китобга муҳаббатни кучайтириш зарур.

Қадимдан китоб мутолааси шаҳсни тарбиялашда унинг индивидуал хусусиятларини очиб беришда муҳим ва ажралмас рол ўйнаган, шунингдек унинг шаклланишида муҳим омил бўлиб хизмат қилган. Шу нуқтаи назардан, замонавий дунёда китоб мутолааси биринчи навбатда узлуксиз таълим тизимида, шу жумладан, ҳар кимнинг кундалик фаолиятида алоҳида ўрин тутиши лозим.

Ўзбекистонда бу масалага жиддий эътибор берилмоқда, давлат сиёсати даражасига олиб чиқилнан. 2019 йил март ойида Ўзбекистон Президенти ёшларни тарбиялаш ва ўқитиш учун қўшимча шароитлар яратиш, аёллар бандлигини оширишга қаратилган бешта ташаббусни илгари сурди.

Ижтимоий, маънавий ва маърифий ишларни янги тизим асосида ташкил этиш бўйича бешта муҳим ташаббус қуйидагилардан иборат. Биринчи – ёшларнинг мусиқа, расм, адабиёт, театр ва бошқа санъат турларига қизиқишини ошириш, бу уларнинг истеъдодини рўёбга чиқаришга ёрдам беради. Иккинчи – ёшларнинг жисмоний ҳолати, уларнинг спортда ўз қобилиятларини намойиш қилиши учун зарур шарт-шароитларни яратиш. Учинчи – аҳоли ва ёшлар томонидан компьютер технологиялари ва Интернетдан самарали фойдаланишни ташкил этиш. Тўртинчи – ёшлар маънавиятини юксалтириш бўйича тизимли ишларни ташкил этиш, китоб ўқишни кенг тарғиб қилиш. Бешинчи – аёлларни бандлигини таъминлаш.

Кўриб турганимиздек, тўртинчи ташаббус ёшлар маънавиятини оширишни, китобхонликни кенг тарғиб қилишни назарда тутади. Давлатимиз раҳбари ёшларда китобга бўлган муҳаббатини болаликдан уйғотиш, мустақил фикрлаш ва кенг дунёқарашни шакллантириш зарурлигини таъкидлади, бу унинг фикрига кўра уларнинг ҳаёт тарзида мустаҳкам пойдевор бўлади.

Тўртинчи ташаббусни амалга ошириш доирасида аҳоли, айниқса ёшлар маданиятини ошириш ва китоб ўқишни оммалаштириш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилди. Бугунги кунда мамлакатимизда фаолият юритаётган 201 та ахборот-кутубхона марказларидаги китобларнинг умумий сони 16 319 587 донани ташкил этади, шундан 8 468 593 таси бадий адабиётидир. Ушбу ахборот кутубхоналари аъзолари сони 1 196 233 кишини ташкил қилади. 2020 йилда кутубханаларга 150 724 та китоб етказиб берилди.

Уюшмаган ёшларни китобхонликка жалб қилиш масаласини амалга ошириш ёки амалиётга татбиқ этиш усули бунга тегишли шароит яратиш бўйича чора-тадбирлар билан чамбарчас боғлиқлигини англаган ҳолда, уларни ривожланиш усуллари билан ҳам биргаликда кўриб чиқиш лозим. Бундай усуллар сифатида маҳаллий ҳокимият ва ўзини ўзи бошқариш органларининг муҳим вазифаларидан бири бўлган турли хил лойиҳаларни амалга оширишни таклиф қилиш мумкин, масалан, маҳаллий аҳоли манфаатларини ва қизиқишини инобатга олган ҳолда ҳар бир маҳаллада мини-кутубхоналарни яратиш, жойларда янги ўқишни бошлаган китобхонлар билан консультатив-маслаҳат ишларини ташкиллаштириш ва фаоллаштириш, уюшмаган ёки ишсиз ёшлар ўртасида турли танловларни ўтказиш, юқори бадий китобларни нашр этиш, жойларда учрашувлар, китобхонликга жалб қиладиган қизиқарли тадбирларни ташкиллаштириш. Эфирларда аудиокитоблар, китобларга бағишланган турли телевизион ва радио дастурларни яратиш, адабий янгиликларни муҳокама қилиш мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Шундай қилиб, уюшмаган ёшлар ўртасида китобхонликни ривожлантириш, уларни китоб ўқишга қизиқтириш масаласи бир қарашда кичик бир эътиборсиз қолдирса бўладиган масаладек туйилсада, бироқ ҳозирги глобаллашув жараёнлар жадал ривожланаётганбир пайтда, ёшлар онгини турли ёт ғоялар билан тўлдиришга, уларни тўғри йўлдан адаштиришга йўналтирилган ҳаракатлар даврида, ушбу ташаббус долзарб ва амалга оширилишини кечиктириб бўлмайдиган чора сифатида кўрилиши даркор.

Чунки китобхонлик бугунги кунда олиб борилаётган ёшлар ситёсатининг асосий бир омилларидан бўлиб, у ёшларни бўш вақтларини мазмунли ва самарали ўтказишга, жумладан маънавий-маърифий, ахлоқий-руҳий, ватанпарварлик ва меҳнатсеварлик туйғуларини ривожлантиришга, ва энг асосийси келажакда тўғри йўлни танлашга ва улар ўртасида ҳуқуқбузарликларни қисқартиришга хизмат қилади.

Фарух Досумходжаев,

ТДЮУ Ихтисослаштирилган филиали катта ўқитувчиси

Теги :
Жамият