$
 12844.21
-11.72
 13508.26
-62.46
 127.35
-0.81
weather
+26
Кечаси   +14°

Кадастр соҳасида рақамли технологиялар қўлланилади. Президент йиғилиш ўтказди

Кадастр соҳасида замонавий технологиялар қўлланилади. Президент йиғилиш ўтказди Иллюстрация

Бугун, 21 июль куни Президент Шавкат Мирзиёев ер ҳисоби ва давлат кадастрларини тўлиқ шакллантириш, соҳага рақамли технологияларни жорий этиш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди.

Унда давлат раҳбари геодезия, картография ва кадастр соҳасида тўпланиб қолган қатор муаммолар ҳақида гапирар экан соҳага рақамли технологияларни жорий қилиш бўйича бир қатор топшириқлар берди.

Жумладан, Президент Шавкат Мирзиёев кадастр идораларининг энг асосий вазифаси ернинг ҳисоби ва балансини юритиш бўлиши кераклигини қайд этди. Йил якунига қадар ер тури, контури, чегараси ва фойдаланувчиси ҳақидаги маълумотлар жамланган ахборот тизимини ишга тушириш вазифаси қўйилди. Энди ер ажратиш тўғрисидаги қарор мазкур тизимга киритилсагина ҳақиқий ҳисобланади.

Шунингдек, сунъий йўлдош каналларини ижарага олиш ва сигналларни қайта ишлаш тизимини ташкил этишга кўрсатма берилди. Бу эса космосуратларни йиллар бўйича таққослаш орқали ҳосилдорликни таҳлил қилиш, ерларнинг мелиоратив ҳолатини мунтазам ўрганишда қўл келади.

Баъзи турдаги кадастрлар тўлиқ шаклланмаганига ҳам урғу берилди. Масалан, автомобиль йўллари кадастри 23 фоиз, маданий мерос объектлари 32 фоиз, қувурлар 32 фоиз, шаҳарсозлик кадастри 63 фоиз шаклланган, холос. Шу боис IT-технологияларни ривожлантириш бўйича Бош вазир маслаҳатчисига ишчи гуруҳ тузиб, кадастрлар базасини тўлиқ ишлаб чиқиш топширилди.

Бундан ташқари, Шавкат Мирзиёев соҳанинг кадрлар салоҳияти пастлиги, “Ергеодезкадастр” давлат қўмитаси тизимидаги 27 фоиз ходимлар мутахассислиги соҳага тўғри келмаслигини қайд этди. Шу йўналишда хорижий олий ўқув юрти филиалини ташкил қилиш муҳимлиги, Италиянинг Пиза университети ҳамда Москва давлат геодезия ва картография университети билан ҳамкорлик ўрнатиш кераклиги таъкидланди.