$
 12829.07
-15.14
 13344.80
-163.46
 124.91
-2.44
weather
+26
Кечаси   +14°

Қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Хўжаев халқаро ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё бўйича юқори бошқарув органига раис этиб сайланди

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Ходжаев БМТ ФАО ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё бўйича юқори бошқарув органига раис этиб сайланди. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати хабар қилди.

Қайд этилишича, 2-4 ноябрь кунлари Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти - ФАО Минтақавий конференциясининг Европа учун ўттиз иккинчи сессияси ташкил этилди. Тадбир бошида БМТ ФАО ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий Конференцияисининг 32-сессиясида Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Ходжаев 2022 йилгача ФАОнинг юқори бошқарув органи ҳисоланадиган минтақавий Конференцияга раис этиб сайланди. Вазир Ж.Ходжев 2 йил давомида кейинги Конференция чақирилгунга қадар Конференция фаолиятига раҳбарлик қилади.

Ўзбекистон вакиллари фаолият доирасида амалга ошириладиган лойиҳаларни бошқариб, мувофиқлаштириб, ҳал қилувчи таклифларни киритади. Конференция раиси минтақавий Конференциянинг 2020-2023 йилларга мўлжалланган иш режасини амалга оширишга кўмаклашади ва барча тадбирларни мувофиқлаштиради. Кейинги конференцияга қадар минтақада ФАО фаолияти билан боғлиқ ҳар қандай норасмий консультациялар, ташаббуслар ва дастурлар Конференция раиси билан ҳамкорликда амалга оширилади.

Айни пайтда Ўзбекистон мезбонлигида ташкил этилаётган мазкур нуфузли виртуал йиғилишда Европа ва Марказий Осиёнинг ФАОга аъзо 53 та давлатлари, Еврокомиссия делегатлари, шунингдек халқаро ташкилотлар вакилларининг 400 га яқин вакиллари иштирок этмоқда.

Шунингдек, конференциянинг очилиш маросимида Қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Ходжаев иштирокчиларни қутлар экан, минтақавий анжуман ФАОнинг аъзо давлатлар билан минтақавий ишлари самарадорлигини таъминлашда, шунингдек келгуси икки йиллик ишларнинг устувор йўналишларини белгилашда муҳим ўрин эгаллашини билдирди.

Бундан ташқари, конференцияда Европа ва Марказий Осиёда барқарор озиқ-овқат тизимлари ва соғлом овқатланиш рационлари, ёшларнинг аҳволини яхшилаш, бандликни таъминлаш ва БМТ Оилавий фермер хўжаликлари ўн йиллиги муносабати доирасида қишлоқ туманларини ривожлантириш, озиқ-овқат ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалигини юритиш учун COVID-19 пандемияси оқибатларига қарши курашиш чоралари, қишлоқ хўжалигида инновация ва рақамлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Тадбирда ФАО Бош директори Цюй Дунъюй, БМТ Бош Котибининг 2021 йилда озиқ-овқат тизимлари Саммити бўйича Махсус вакили А. Калибата, Халқаро электр алоқа уюшмаси Бош котиби Ч.Хуолинь, Европа иттифоқининг қишлоқ хўжалиги бўйича комиссари Я.Войцеховский, Туркия, Албания, Озарбайжон, Грузия, Исроил, Италия, Қозоғистон, Қирғизистон, Македония, Молдова, Польша, Тожикистон, Туркманистон каби ўттиздан ортиқ мамлакатлар қишлоқ хўжалиги вазирлари ҳамда ўринбосарлари қатнашмоқда.

БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти - ФАО Минтақавий конференциясининг Европа учун ўттиз иккинчи сессияси 4 ноябрь куни мавзуга доир ялпи мажлислар доирасида ўз ишини давом эттиради.