$
 12814.78
-14.29
 13442.70
97.9
 123.50
-1.41
weather
+26
Кечаси   +14°

Тошкентдаги Инҳа университети ректорига 7 савол

Тошкентдаги Инҳа университети ректорига 7 савол

Пойтахтдаги Инҳа университети ўзининг олти йиллик фаолияти давомида ёшларни жалб қиладиган марказлардан бирига айланди. Кучли рақобат ва олийгоҳ талабаларига қўйиладиган юқори талабларга қарамай, аксарият ёшлар бу ерга ўқишга киришга интилишади. Тошкент шаҳридаги Инҳа университети ректори Музаффар Муҳитдинович Жалолов таълим муассасасини ривожлантириш истиқболлари, янги йўналишларни очиш режалари, шунингдек, Корея Республикаси билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш хусусидаги саволларга жавоб берди.

28 январь куни Шавкат Мирзиёев ва Корея Республикаси президенти Мун Чжэ Ин ўртасида видеоконференцалоқа шаклида бўлиб ўтган учрашув давомида ўзаро ҳамкорликнинг қатор истиқболлари, жумладан, иқтисодий ҳамда ижтимоий масалалар ҳақида сўз борди. Сизнингча, икки мамлакат ўртасидаги ўзаро алоқаларни ривожлантириш нуқтаи назаридан эълон қилинган режалар қанчалик муҳим ва ушбу мулоқот келгусидаги ҳамкорликка қандай туртки бериши мумкин?

— Корея Республикаси Ўзбекистоннинг муҳим шерикларидан бири саналади. Бу давлат билан ўзаро ҳамкорлик давлатимиз учун ҳам стратегик, ҳам дўстона муносабат тарафидан алоҳида аҳамиятга эга. 2017 йилда давлатимиз раҳбарининг Кореяга илк ташрифи доирасида истиқболли шартномалар, жумладан, турли йўналишларнинг ўзаро манфаатли ривожланишини таъминловчи 60дан ортиқ битимлар тузилди. 2019 йилда эса Президент Мун Чже Ин Ўзбекистонга жавоб ташрифи билан келиб, дастлаб Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида меҳмон бўлди. Бу таълим масаласи икки томонлама ҳамкорликнинг устувор йўналишларидан бири эканлигини яна бир бор тасдиқлайди ва давлат раҳбарларининг ушбу соҳага жиддий эътибор беришаётганини кўрсатади.

28 январь кунидаги видеоконференцалоқа орқали бўлиб ўтган онлайн учрашув якунида яна бир бор таълим тўғрисида сўз борди. Хусусан, Ўзбекистон ҳудудида Корея университетларининг янги филиаллари очилиши алоҳида таъкидланди. Қайд этиш жоиз, мамлакатимизда аллақачон Кореянинг Пучон, Ажу, Ёжу ва албатта, Инҳа каби бир қатор етакчи университетлари филиаллари фаолият кўрсатиб келмоқда. Бизнинг университетимиз икки мамлакат ўртасидаги олий таълим соҳасидаги ҳамкорликнинг илк тажрибаси бўлганини қайд этиш ўринли.

Шунингдек, Корея Республикаси ва Ўзбекистон ўртасида ахборот технологияларини ривожлантириш ва иқтисодиётни рақамлаштириш билан боғлиқ лойиҳалар амалга оширилмоқда, бу борадаги ишлар учрашув давомида ҳам қайд этилди. Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили доирасида тез орада таълим соҳасидаги ислоҳотларга бағишланган халқаро форум ўтказиш, хусусан, жанубий кореялик шерикларимиз томонидан тақдим этилган кредит-модулли таълим тизимини жорий этиш тажрибаси билан ўртоқлашиш ниятидамиз.

Бугун Ўзбекистон ва Корея Республикаси вакиллари ўртасида таълим даражасидаги ҳамкорлик қандай йўлга қўйилган? Амалиёт ўташ ёки тажриба алмашиш бўйича дастурлар ташкиллаштирилганми?

— Тошкентдаги Инҳа университети 2014 йилда ташкил этилган, Кореяда шу номдаги олийгоҳ эса 1954 йилда ўз эшикларини очган. Бизда талабалар компьютер ва дастурий таъминот инжиниринги, шунингдек, логистика бўйича ўқитилади. Дастлаб улар 3+1 дастури асосида таълим олишди. Яъни якуний ўқув йилини Корея Республикасида тамомлашди.

Талабаларнинг биринчи гуруҳи ушбу дастур асосида ўқишди. Сўнгра 2019 йилдан бошлаб уни 4+0га алмаштирдик. Эндиликда юртдошларимиз хорижга бормасдан туриб ҳам шу ерда билим олишлари ва якунда дипломга эга бўлишлари мумкин. Логистика йўналишидаги талабалар эса 3+1 дастури асосида ўқишни давом эттиришяпти. Бироқ коронавирус пандемияси туфайли улар Ўзбекистонда қолишди, чет эллик устозлар эса дарсларни Кореядан туриб онлайн олиб боришди.

Бундан ташқари, бизда ёзги амалиёт дастури ҳам бор. Бунинг учун 10 нафар истеъдодли талабаларни саралаб оламиз. Улар кейинчалик маданий алмашинув доирасида бир ойга Кореяга саёҳат қилиш имкониятига эга бўладилар. У ерда улар кореяликларнинг урф-одатлари, турмуш тарзи, тили, диққатга сазовор жойлари билан танишадилар, мамлакат тарихини ўрганадилар. Шу билан бирга, талабаларимиз хорижий компанияларга ишга жойлашиш имконига эга. Олийгоҳда аллақачон талабаларнинг дастлаб амалиёт ўтаб, кейин доимий ишда қолиши каби ҳамкорликнинг ижобий тажрибаси мавжуд.

Коронавирус пандемияси таълим муассасаси фаолиятига қанчалик таъсир кўрсатди? Олийгоҳ одатий таълим жараёнига қайта олдими?

— Ҳа, пандемия таълим жараёнига жиддий таъсир кўрсатди. Бироқ биз бунинг ижобий томонларини ҳам топа билдик. Масалан, бу даврда олийгоҳда онлайн-дарсларни олиб бориш тажрибасини ўзлаштирдик, ўз таълим платформамизни яратдик. Ушбу электрон майдонга педагоглар видеодарсларни юклаши, шунингдек, ундан талабалар билан мулоқот қилишда фойдаланишлари мумкин.

Ўтган йили имтиҳонларни илк марта онлайн шаклда ўтказдик. Бу ҳам бутун дунёда рўй бераётган вазият билан боғлик эди. Кириш имтиҳонларини кореялик педагоглар ҳам Zoom, ҳам бизнинг платформамиз орқали назорат қилиб боришди. Айтганча, қайд этиш жоиз, абитуриентлар ёки уларнинг ота-оналари томонидан кириш имтиҳонлари жараёнига нисбатан биронта ҳам шикоят келиб тушмади. 

Ўйлашимча, чеклов чоралари юмшатилганидан кейин ҳам онлайн дарсларни ўтказиш тажрибасидан фойдаланамиз. Шу орқали талабаларда маърузаларга масофадан туриб қатнашиши имконияти пайдо бўлади. Бу жуда қулай. Бундан ташқари, биз аллақачон кўпгина гуруҳларни онлайн режимга ўтказдик.

Нисбатан қисқа тарихий муддат ичида халқаро миқёсда эътироф этилган олийгоҳнинг қай бир ютуқлари ҳақида гапириб беришни истаган бўлардингиз?

— Бу жуда тиғиз давр эди. 2014 йилда, университет эндигина очилган вақтларда биргина йўналиш мавжуд эди, кейин дастурни кенгайтирдик. 2016 йилда талабалар сони кўпайгани сабабли иккинчи бинони қурдик. Масалан, биринчи йили 110 нафар талабамиз бўлган. Ҳозир уларнинг сони 1600 нафардан ошади. Сўнг 2019 йилда президент Мун Чжэ Иннинг ташрифи ортидан икки мамлакат ўртасидаги алоқалар янада мустаҳкамлангач, Ўзбекистондаги талабалар халқаро статусга эга бўлган корейс дипломини ола бошлашди. Илгари уни қачонки, Жанубий Корея ҳудудида ўқиган бўлсагина беришарди.

Бундан ташқари, ўтган йиллар давомида талабаларимиз йирик халқаро тадбирларда иштирок этишди. Энг муҳим воқеалардан бири IT-академиялар ва дастурлаш мактаблари очилиши бўлди. 2018 йилдан эътиборан саноат ва давлат идоралари билан алоқалар ўрнатишга имкон берадиган Ахборот-коммуникация технологиялари Инновацион маркази ишлаб келмоқда. 2019 йилда эса талабалар бўш иш ўринлари ҳақида маълумот олишлари мумкин бўлган Карьера маркази очилди. 2020 йилда IT-Park кўмагида Тошкентдаги Инҳа университетининг Инкубацион маркази очилиши доирасида ISO 9001:2015 халқаро сифат сертификатини олдик. Шу тариқа университет халқаро аккредитациядан ўтди ва хорижий олийгоҳлар орасида таълим муассасаси мақомини тасдиқлаш, кўрсаткичлар рейтингини ошириш имконини берувчи сифат менежменти тизими сертификати соҳибига айланди. 

28 январь куни бўлиб ўтган давлат раҳбарлари йиғилишида мамлакатимиз ҳудуди бўйлаб Жанубий Кореядаги етакчи университетларнинг филиаллари ва касбий тайёргарлик бўйича қўшма марказлар сони тобора кўпайиб бораётгани таъкидланди. Тошкентдаги Инҳа университетида ҳам таълим йўналишлари сонини кўпайтириш режалаштирилганми?

— Февраль ойида биз илк маротаба магистрлик дастурини ишга туширишни режалаштиряпмиз. Фикримча, 28 январь куни бўлиб ўтган иккала давлат етакчилари саммити ушбу йўналишнинг очилиш жараёнига кучли туртки беради. Бу йил баҳорги семестрдаёқ 1+1 дастурини ишга туширишимиз кутилмоқда. Яъни магистрантлар бир йил Ўзбекистонда ва яна бир йил Кореяда таълим олишлари мумкин бўлади. Битирувчилар магистрлик даражаси ҳамда халқаро тоифадаги дипломга эга бўлишади.

IT-менежмент бўйича магистрларни тайёрлаш дастури, бакалавр босқичида – логистика йўналиши базасида электрон тижорат ва бизнесни бошқариш йўналишларини ишга тушириш режамизда бор. Бундан ташқари, келгусида университетни ҳудудлар бўйлаб кенгайтириш кўзда тутилган.

Университетда дарсларни чет эллик ўқитувчилар ҳам олиб боришади. Сизнингча, бундай таълим интеграциясининг афзалликлари нимада? Бу омил талабаларга таъсир кўрсатадими?

– Ҳа, университетдаги ўқитувчиларнинг 60 фоизи хориждан келган. Уларнинг барчаси PhD даражасига эга. Бундан ташқари, маҳаллий ўқитувчилар ҳам ўз илмий ишларини хорижда ҳимоя қилишган.  

Ўзим ҳам Кореяда таълим олганман. Чет эллик педагогларда ёндашув бошқача. Бу бизнинг талабаларимиз халқаро андозаларда билим олишлари учун ажойиб имконият. Бироқ ўзимизнинг ўқитувчилар ҳам ортда қолишаётгани йўқ. Улар илмий тадқиқотлар ўтказишга қизиқишади, ҳеч қачон бир жойда туриб қолишмайди, ривожланишга интилишади.

Масалан, яқинда икки нафар ўқитувчиларимиз – Жасурбек Хожаев ва Сарвар Абдуллаевлар атроф-муҳитнинг турли параметрларини онлайн мониторинг ва таҳлил қилиш учун ақлли ечимларни тақдим этишди. БМТТД кўмагида яратилган OXUS-2 метеостанцияси аграр соҳа вакиллари учун фойдали бўлиши мумкин бўлган маълумотларни олиш, қайта ишлаш ва таҳлил қилиш имконини беради. Бундай станцияларни Фарғона водийсида ўрнатиш режалаштирилган. Бундан ташқари, бизнинг ўқитувчиларимиз давлат сектори вакиллари учун курсларни ўтказиш ишида ҳам, масалан, сунъий интеллектни Ўзбекистонда жорий қилиш мавзусида, фаол қатнашиб келишмоқда. Бу билан университетимиз таълим ва илм-фан интеграцияси, шунингдек, орттирилган тажрибани амалиётда фойдали қўллашни ёқлайди.

Олийгоҳга кириши учун абитуриент юқори даражадаги билимга эга бўлиши, физика ва математика бўйича тестларни тўлиқ бажариши, тил сертификатидан ўтиши керак бўлади. Бу йил Тошкентдаги Инҳа университети кириш имтиҳонларига тайёрланаётган абитуриентларга нималарни тавсия қилган бўлардингиз? 

— Албатта, биринчи галда ўз билими устида ишлаш, тайёргарликни эртароқ бошлаш керак. Шунингдек, ўз кучига бўлган ишонч ҳам муҳим. Чунки иккиланишлар ҳаммада бўлади, уларни енгиш керак. Энг муҳими, қўрқиш керак эмас, фақатгина олға интилиш ва ўзини синаб кўриш лозим. Шундагина ҳаммаси амалга ошади.

Теги :
Jamiyat