$
 12149.84
7.74
 14003.91
-76.07
 151.10
0.57
weather
+26
Кечаси   +14°

Ичимлик суви муаммоси. Бизни қандай келажак кутмоқда?

Фото: cieau.com Фото: cieau.com

Сўнгги йилларда бутун дунё жамоатчилигини ичимлик суви билан боғлиқ вазият хавотирга солиб келмоқда. Иқлимнинг исиб кетиши ва сув ресурсларидан нооқилона фойдаланиш ичимлик суви инқирозига сабаб бўлиши мумкин. Бу эса миллионлаб кишининг ҳаётини хавф остига қўйибгина қолмай, балки хавфли ижтимоий-иқтисодий оқибатларни ҳам келтириб чиқариши мумкин. Бугунги мақолада дунёдаги ичимлик суви билан боғлиқ вазият ҳамда келажак кутилмалар ҳақида сўз юритамиз.



Халқаро метереолигия ташкилотининг ҳисоб-китобларига кўра, 2050 йилга бориб Ер юзи аҳолисининг 5 миллиарди етарли даражадаги ичимлик сувидан бебаҳра қолиши мумкин. 2018 йилги маълумотларга қараганда, ўша йили 3,6 миллиард инсон камида бир ой ичимлик сувисиз қолган. Ташкилот ҳисоботи 20 дан ортиқ халқаро ташкилот ва илмий марказ томонидан берилган хулосалар асосида қилинган. У тақдим этаётган рақамлар даҳшатли эканини кўриш мумкин. Масалан, саноатлаштиришгача бўлган даврдан бошлаб ҳозирга қадар намчил ҳудудларнинг 80 фоизи йўқ бўлиб кетган. Шунингдек, охирги 20 йилда ичимлик суви захираси ҳар йили бир сантиметрга пасайиб бормоқда. Бунда ёғингарчилик, ер ости ва ер усти сувлари, музликларни қўшиб ҳисоблаш ҳам киради. Қурғоқчиликнинг давомийлиги охирги 20 йилда 29 фоизга ошган.



Сувсизлик кўплаб давлатлар учун асосий муаммога айланади. Айниқса Африка давлатлари учун бу оғир кечиши кутилмоқда. Ҳозирда 2 миллиарддан ортиқ инсон сув танқис бўлган мамлакатларда яшайди ва уларнинг ичимлик суви ва канализация етишмовчилигидан азият чекмоқда. 2015 йилда тўғридан-тўғри ичимлик сувига эга бўлмаган дунё аҳолиси 844 миллионни ташкил қилган. Шу билан биргаликда, фақатгина 39 фоиз дунё аҳолиси канализациядан фойдаланиш имконига эга.

Шарқий Африка давлатлари бу борада энг кўп зарар кўрмоқда. Climate Hazards маркази мутахассиси Крис Функнинг таъкидлашича, ҳудудда 1999 йилдан олдин қурғоқчилик мавсуми фақат ёмғир ёғмайдиган пайтлардагина 5-6 йилда бир марта юз берган бўлса, 2000 йилдан буён март ва май оралиғида ҳар йили қурғоқчилик кузатилмоқда. Ўтган йилнинг июнь ойида Мадагаскар иқлим ўзгаришлари келтириб чиқарган қурғоқчилик сабабли очликка йўлиққан дунёдаги биринчи мамлакат сифатида қайд этилган эди.

Африкадаги каби қурғоқчиликдан бошқа ерлар зарар кўрмайди, дейиш хато бўлади. Масалан, Бразилия сўнгги 91 йилдаги ўз тарихидаги энг йирик қурғоқчиликни бошидан ўтказмоқда. Бу эса ўз навбатида унинг энергосистемасига ҳам таъсир кўрсатади. Чунки мамлакатдаги асосий электр энергияси гидроэлектростанцияларда ишлаб чиқарилади. АҚШнинг Калифорния штати қурғоқчилик сабаб кенг кўламдаги ўрмон ёнғинлари остида қолмқода бир неча йилдан буён. Шунингдек, Австралия, Франция, Туркия каби давлатларда ҳам қурғоқчилик, иссиқ ҳаво сабаб ўрмон ёнғинлари юз бермоқда.

Қурғоқчилик, ўрмон ёнғинлари билан бир қаторда, бошқа жойларда сув тошқинлари ҳам юз бериши кузатилмоқда. Шуниси ҳайратланарлики, 2000 йилдан буён сув тошқинлари билан боғлиқ фожиалар олдинги йилларга нисбатан 134 фоизга ошган. 1970 йилдан буён сув тошқинлари оқибатида 322 минг инсон ҳалок бўлган бўлса, уларнинг иқтисодий зарари 1,14 миллиард долларни ташкил қилади. Бу йил ёзда Покистонда кузатилган йирик сув тошқинларида минглаб одамлар ҳалок бўлгани, бу борадаги рақамларга янада таъсир кўрсатади.



БМТнинг сув қўмитаси ва UNESCO биргаликда тайёрлаган ҳисоботларга кўра, 2050 йилга бориб сувга нисбатан талаб 20-30 фоизга ўсиши тахмин қилинган. Бунинг сабаби эса демографик ўсиш, иқтисодий ривожланиш, истеъмол тарзининг эволютсийси ҳисобланади. Ҳозирда сув танқислиги хавфи юқорилигича қолмоқда. Чунки, сув ресурслари ёмон бошқарилмоқда. "Ҳокимият ва кенг жамоатчиликни хабардор қилиш учун масъул бўлган миллий метеорология ва гидрология хизматларининг 60 фоизи сув сектори учун иқлим хизматларини кўрсатиш имкониятига эга эмас”, деб ҳисоблайди Халқаро метереология ташкилоти мутахассиси Петтери Таалас. 2018 йилдан буён сув ресурсларини бошқариш самарадорлиги умумий 10 фоизга яхшиланган бўлсада, таҳлил қилинган 166 мамлакатдан 26 тасида ёмонлашган. "107 та давлат ҳали ҳам 2030 йилга бориб сув ресурсларини барқарор бошқаришга эришишда тўғри йўлида эмас", - деб хавотирини билдирди Таалас.

Қишлоқ хўжалиги чучук сув ресурсларининг 72 фоизини ўзлаштирадиган асосий заиф нуқта бўлиб қолмоқда. Ҳозирги пайтда Марказий Осиёдаги сув ресурсларининг 90 фоизи суғорма деҳқончилик учун ишлатилмоқда. Сув қишлоқ хўжалигининг асоси ҳисобланади ва бу тармоқ Марказий Осиёдаги бешта мамлакат иқтисодиётида ҳам муҳим роль ўйнайди, чунки қишлоқ хўжалиги соҳаси бу мамлакатлар ЯИМнинг 10 фоизидан 45 фоизигача бўлган қисмини ташкил этади. Шунингдек, қишлоқ жойлардаги аҳолининг 20 фоиздан кўп қисми шу тармоқ орқали иш билан таъминланган ва тирикчилик қилади.

Марказий Осиё минтақасида сувдан фойдаланишда минтақа давлатлари орасида вазият анча таранглигича қолмоқда. Буни Тошкент ва Бишкек ўртасидаги Кампиробод сув омбори борасидаги келишувларнинг узоққа чўзилганидан ҳам билиш мумкин. Шунингдек, аввалги маъмурият давридаги Қирғизистондаги Қамбарота, Тожикистондаги Роғун ГЭСлари атрофидаги таранглик охирги йилларда анча юмшади. Аслида сувдан унумли фойдаланиш минтақанинг барча мамлакатларига хос муаммо. Масалан, Тожикистон шимолида Қирғизистон билан бу муаммо ҳалигача сақланиб турибди.



Тожикистон Фанлар академияси энергетика ва экология институтининг сув масалалари бўйича катта илмий ходими Ҳусейн Аброров “Америка Овози”га берган интервьюсида жойларда сувдан фойдаланиш маданияти дуруст шаклланмаганини таъкидлаган эди. Унинг айтишича, минтақадаги қишлоқ хўжалигидаги исрофгарчилик, жаҳонда муқаррар қилинган ўртача сув харажатлари ҳажмидан бир неча баробар баландда туради. “Масалан, бизда бир гектар ерга ишлов беришда 12-14 минг кубометр сув сарфланади. Аммо, айтайлик, Исроилда гектарига атиги беш минг кубометр сув ишлатишадию, оладиган пахта ҳосили 50 центнерга етади. Бизда эса ўртача ҳосилдорлик атиги 22 центнер атрофида қоляпти”, деган эди олим. 

2018 йил Тошкентда ўтказилган сув муаммоларига бағишланган конференцияда гапирган ўзбекистонлик олим Искандар Абдуллоев минтақадаги сув муаммоларида Афғонистоннинг ҳам ролини таъкидлаган эди. Ўшанда олим муаммо фақат сувнинг етишмаслигида эмас, балки унинг тақсимотида ҳам деган эди. Ўзбек олимининг фикрича, ҳозир мамлакатлар сув масалаларини ўзлари алоҳида кўраман деса, бир-бирига нисбатан конкуренция бўладиган бўлса, улар, албатта, зарар кўришини англаб турибди, сувни бўлгандан кўра иқтисодий ҳамкорлик яхшироқ ҳисобланади.

“Бу Марказий Осиёдаги беш эмас, Афғонистонни ҳа қўшиш мумкин, олтита мамлакатда ҳам бир хил муаммо ҳисобланади. Бу масалани алоҳида-алоҳида бўлиб ҳам ечиш мумкин, лекин, биринчидан, кўпроқ харажат бўлади, иккинчидан, натижаси бўлмаслиги мумкин. Сиз тартибга солганингиз билан, қўшнида ўнгланмаслиги мумкин. Шунинг учун биргаликда ҳамфикр бўлиб ҳамкорликда ишлаш керак. Қолаверса, биз ҳозир глобал тизимда яшаяпмиз, улардан ажралиб қолган эмасмиз, ўшалар билан ҳам маслаҳат қилиш керак, бошқа мамлакатлар ҳам шу жараёнларни ўтказмоқда. Сув муаммоларини ҳал этишда ҳар хил теория бор, иккита йўналиш бор, иккита мактаб деса бўлади. Бири айтадики, сув бу, албатта ,конфликтга олиб келади. Бошқа бир мактаб айтадики, сув, албатта, ҳамкорликка олиб келади деб. Биз кўпроқ иккинчи мактаб вакилларимиз. Ҳозир дунёда икки юз етмишдан ортиқ сув ҳавзалари бўладиган бўлса, ўшаларнинг ҳаммасида сув бўйича муносабатлар ўрнатилган. Бизнинг ҳудудимизга келадиган бўлсак, 1991 йилдан бошлаб вақтинча бўлсаям бир келишувга келайлик, дейилган эди. Албатта, бу жуда осон кечади деб бўлмайди, чунки мустақил бўлгандан кейин ҳар қайсисининг ўз манфаати бор, лекин уларни бир-бирига қарши қўйиш шарт эмас. Манфаатларда сувни ҳамкорликка айлантириш керак, бу осонмас, лекин қийин ҳам эмас. Агар чегараларда, иқтисодда яхши ҳамкорлик қилинса, биз бир-биримизга кўпроқ боғлансак, сув муаммо бўлмайди, лекин сувни фақат бўламиз деб туриб олсак, у, албатта, муаммога айланади. Охирги 15 йилдан кўпроқ вақтда трансчегаравий сув масалаларини кузатиб бораман. Охирги йилларда бу борада шўролар даврида эллик йиллаб ҳал қилинмаган масалалар ҳал қилинди”, – деган эди Абдуллоев.

Европа давлатларида ҳам қишлоқ хўжалигидаги исроф бўлаётган чучук сув захиралари катта муаммо ҳисобланади. Европа ҳисоб палатаси ҳисоботида таъкдиланишича, Европа қишлоқ хўжалиги сиёсати сувнинг исроф бўлишини таъмонлайди. Чунки асосий молиялаштириладиган маҳсулотлар сувни кўп талаб қиладиган маҳсулотлар ҳисобланади. Хусусан, гуруч, ёнғоқ ва мева-сабзавот. Шунингдек, бу маҳсулотлар етиштириладиган ҳудудлар ҳам сув танқис ҳудудларга тўғри келади.

Сувнинг бундай ишлатилиши ва қурғоқчилик ортидан тоза ичимлик суви танқислиги жараёни яна тезлашиши мумкин. Бу эса оғир оқибатларга олиб келиши мумкин. БМТ ҳисоботларига кўра, сифатли ичимлик суви билан етарли таъминланмаганлик ва оқова сувлари тармоқларининг ишламаслиги оқибатида ҳар йили дунёда 780 минг киши дезинтерия ва холера (вабо)дан вафот этади. Бу сиёсий низолар, эпидемиялар ва зилзилалар оқибатида ҳалок бўлганлар сонидан кўп дегани. Юнисеф маълумотларига кўра эса, ҳар йили тоза ичимлик суви етишмаслиги оқибатида дунёда 361 минг беш ёшдан кичик бўлган болалар диареядан вафот этади.



Хулоса қиладиган бўлсак, ҳозирда кетаётган тенденциялар узоқ йиллик режаларни қайта кўриб чиқишга мажбур қилишини унутмаслик лозим. Сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш уларни узоқроқ муддатга етишини таъминлашда муҳим омиллардан бири эканини унутмаслик лозим. Шунингдек, сув захирасини сунъий яратиш йўлларини ҳам ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқ бўлади. Жумладан, ёғинчарлик сувларидан максимал даражада фойдаланиш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш келажакдаги устивор вазифалардан бири бўлиши лозим. Бундай сув захираларини иқтисодиётнинг айрим соҳаларига йўналтириш яхши самара бериши ва тоза ичимлик суви захирасининг мақсадли ишлашини таъминлаши мумкин.