$
 12829.07
-15.14
 13344.80
-163.46
 124.91
-2.44
weather
+26
Кечаси   +14°

Ўзбекистон ичимлик сувининг ҳажми маълум қилинди

Ўзбекистон ичимлик сувининг ҳажми маълум қилинди

Давлат геология қўмитаси бўлим бошлиғи Расулжон Бегматов 3 декабр куни ўтказилган матбуот анжуманида республикадаги ичимлик суви захиралари ҳажми ҳақида маълумотлар берди. 

Маълум қилинишича, 2025 йилга бориб ер юзидаги давлатларнинг ярмидан кўпида сув тақчиллиги юзага келади. 2050 йилда эса бу кўрсаткич дунё аҳолисининг 3/4 қисмига тўғри келиши тахмин қилинмоқда.

Қўмита ходимининг айтишича, мамлакат ҳудудидаги 97 та ер конида 64 миллион куб метр умумий сув захиралари мавжуд.

«Дунёда бўлгани каби республикамизда ҳам сув ресурслари чекланган. Чучук сув умумий сув ресурсларининг 8 фоизини, ичимлик сувларининг эса 67 фоизини ташкил этади.

Ўзбекистонда аҳоли ичимлик суви таъминоти учун 2019 йилда 161,4 минг куб метр/сутка, яъни 950 минг кишига етарли миқдордаги чучук сув захираси тасдиқланган. 2020 йилда бу кўрсаткич юқорилаб, 193 минг куб метр/сутка, яъни 1 млн 140 минг кишига етарли сув захиралари тасдиқланиши кутилмоқда.

Айни пайтда аҳоли жон бошига сувдан фойдаланиш меъёри суткасига 115-240 литр бўлиб, бу дунёдаги ўртача кўрсаткичдан паст ҳисобланади. Мисол учун, Бирлашган Араб Амирликларида кунига 700, Россияда 400, АҚШда 200, Германияда эса 130 литр сув суткалик нормани ташкил қилади.

Ўзбекистон ҳудудидаги 97 та ер конида 64 миллион куб метр, яъни сониясига 700 тонна ерости сувлари умумий захиралари мавжуд. Булар асосан Тошкент, Самарқанд, Сурхондарё, Наманган, Андижон ва Фарғона вилоятларида.

Бухоро ва Навоий вилоятларида ўртача сув захиралари бўлса, Қорақалпоғистон ва Хоразмда чучук сувлар деярли мавжуд эмас. Ерости чучук сувлари республика бўйлаб тенг тарқалмагани энг катта муаммолардан», — дея таъкидлади қўмита расмийси.

Ичимлик суви танқислиги бўйича кўрсаткичлар яқин йилларда ошиб бориши тахмин қилинаётгани айтиб ўтилди.

«Ер шарининг учдан икки қисми сувликлардан иборат. Бунинг 97 фоизи шўр сув, 3 фоизи чучук сувдир. Шунинг ҳам 2 фоизи музликлардаги сувлар ҳисобланади. 

Таҳлилларга кўра, 2025 йилга бориб ер юзидаги давлатларнинг ярмидан кўпида сув тақчиллиги юзага келади. 2050 йилга бориб эса дунё мамлакатларининг тўртдан уч қисмида сув тақчиллиги кузатилиши тахмин қилинмоқда.

Бундай шароитда кўпроқ тадқиқотлар ўтказиш, янги дастурларни ишлаб чиқиш талаб этилади. Шу боис, бугунги кунда «Ўзбекгидрогеология» ДУК ва унинг 4 та дала экспедициялари томонидан гидрогеология йўналишидаги тадқиқотлар дастурлари ишлаб чиқилмоқда. Мамлакатнинг барча ҳудудларида ерости сувларини излаш ва баҳолаш бўйича геологик қидирув ишлари олиб борилмоқда», — дейди қўмита ходими.