$
 12208.08
32.74
 14116.20
52.46
 155.00
0.71
weather
+26
Кечаси   +14°

Ҳукумат энергия ресурслари бозорини ислоҳ қилиш заруратини эълон қилди

Электр энергияси истеъмоли учун олдиндан тўлов қилиш мажбурий этиб белгиланади

Ҳукумат энергия ресурслари бозори ва энерго таъминот тизимини ислоҳ қилишнинг заруриятларини эълон қилди. Унга кўра:


Биринчидан, иссиқлик электр станцияларидаги (ИЭС) энергоблокларнинг аксарияти 25 йилдан ортиқ муддатда фойдаланиб келинмоқда, улар маънан эскирган технологиялардан фойдаланилади, уларнинг фойдали иш коэффициенти паст. Сўнгги уч йилда ИЭСларга электр энергияси ишлаб чиқариш учун етказиб берилган табиий газ ҳажми 15 млрд куб метрдан 17 млрд куб метрга етди. Шунингдек, ушбу даврда аҳолига етказиб берилган табиий газ ҳажми ҳам 10 млрд куб метрдан 13 млрд куб метрга кўпайди. Шуни таъкидлаш лозимки, табиий газга ички бозорнинг талабини қондириш учун экспорт ҳажмлари кескин камайди. Мисол учун, 2019 йилда табиий газ экспорти 12,2 млрд куб метрни ташкил этган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич 3,3 млрд куб метр атрофида бўлиши кутилмоқда. Бундан ташқари, ушбу даврда табиий газнинг импорт ҳажми 0,2 млрд куб метрдан 4 млрд куб метргача ошди. Талаб бозорга эркин нархларда сотиб олинадиган табиий газ ҳажми оширилиши ҳисобига қопланмоқда.


Иккинчидан, мавжуд электр узатиш тармоқлари ва трансформаторларнинг асосий қисмининг қувват ўтказиш қобилияти пастлиги истеъмолчиларга электр энергиясини етарли ҳажмда етказиб бериш имкониятини бермайди. Шунингдек, электр таъминотидаги кўп сонли узилишларга ва электр энергиясининг сифат кўрсаткичлари ёмонлашишига олиб келувчи тақсимловчи тармоқлар ва трансформаторларнинг юқори даражада эскирганлиги сабаб бўлмоқда. 


Учинчидан, ҳукуматнинг қайд этишича, нархларнинг бозор механизмлари асосида шаклланмаганлиги ва асосий фондларнинг эскирганлиги соҳа корхоналари молиявий аҳволининг ёмонлашувига олиб келмоқда. Хусусан, 2021 йилни Ўзтрансгаз – 2,5 трлн сўм, Ўзбекистон миллий электр тармоқлари – 2,1 трлн сўм зарар билан якунлаган. Уларнинг зарари, табиийки, яна бюджетга тушади. 


Тўртинчидан, амалдаги тарифлар асосан даромади нисбатан юқори ва мос равишда кўпроқ энергия ресурслари истеъмол қиладиган абонентларга катта миқдордаги шартли субсидия берилишига олиб келмоқда. Масалан, электр энергиясининг 1 кВт соатининг таннархини 800 сўм деб олсак, бир ойда ўртача 200 кВт соат электр энергияси ишлатадиган хонадон ойига 101 минг сўм, 400 кВт соат электр ишлатадиган хонадон эса 202 минг сўм миқдорида шартли субсидия олмоқда. Электр энергияси истеъмол қилувчи жами 7,3 млн абонент мавжуд. Уларнинг 80 фоизи ойига ўртача 200 кВт соатгача электр энергиясини истеъмол қилади. 


Республикада табиий газ истеъмол қилувчи жами 4 млн абонентнинг 85 фоизи ёки 3,4 млн та абонент ойига ўртача 500 куб метргача табиий газ истеъмол қилади. мисол учун, бугунги кунда 1000 куб метр табиий газнинг таннархини 1,4 млн сўм деб олсак, ўртача бир ойда 500 куб м газ ишлатадиган хонадон ойига 500 минг сўм, лекин 1000 куб метр газ ишлатадиган хонадон 2 баробар кўп ёки 1 млн сўм шартли субсидия олмоқда.


Бешинчидан, аҳоли сонининг ошиб бориши ва иқтисодиётнинг барқарор ривожланиши натижасида юзага келадиган талабни таъминлаш учун энергия ресурслари ишлаб чиқаришнинг қўшимча қувватларини барпо этиш лозим. Мисол учун, 2030 йилга бориб республика истеъмолчиларининг табиий газга бўлган йиллик талаби ҳозирги 54,2 млрд куб метрдан 65 млрд куб метргача ошиши ҳисоб-китоб қилинган. Электр энергиясида эса бу кўрсаткич жорий 74 млрд кВт соатдан 110 млрд кВт соатгача ошиши кутилмоқда. Йилига 110 млрд кВт соат электр энергияси етказиб бериш учун қўшимча равишда 19 ГВт қувватли янги электр станциялари қурилиши талаб этилади. Мазкур энергоресурслар бўйича қўшимча қувватларни яратиш учун камида 25 млрд доллар маблағлар зарур. Ваҳоланки, “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва “Иссиқлик электр станциялари” АЖнинг амалдаги молиявий ҳолати бу қийматдаги лойиҳаларни амалга оширишга имкон бермайди.

Манба

®