$
 12829.07
-15.14
 13344.80
-163.46
 124.91
-2.44
weather
+26
Кечаси   +14°

Ҳайвонларга шафқатсиз муносабатда бўлганлар жиноий жавобгарликка тортилади

Ҳайвонларга шафқатсиз муносабатда бўлганлар жиноий жавобгарликка тортилади

Жиноят кодекси 202-1-модда билан тўлдирилиб, унда ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлганлик учун жавобгарлик белгиланади. Бу ҳақда "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги қонун лойиҳаси эълон қилинди.

Қонун лойиҳасига кўра, ҳайвонга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш, уни қийнаш унинг ўлимига ёхуд майиб бўлишига олиб келса базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима ёки икки юз қирқ соатгача жамоат ишлари ёхуд бир йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд олти ойгача озодликни чеклаш ёки олти ойгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ўша қилмишлар:

а) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса;

б) оммавий ахборот воситаларидан ёхуд телекоммуникация тармоқларидан, шунингдек Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиб тарқатган ҳолда содир этилган бўлса;

в) икки ёки ундан ортиқ ҳайвонларга нисбатан содир этилган бўлса;

г) вояга етмаган шахс ҳозирлигида содир этилган бўлса;

д) Қизил китобга киритилган ҳайвонларга нисбатан содир этилган бўлса базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача жамоат ишлари ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилгача озодликни чеклаш ёки бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.