$
 10507.46
10.47
 12586.89
35.64
 136.97
-1.62
weather
+25
Кечаси   +12°

«Жамиятда гендер тенгликни тан оладиган эркаклар кўпайиши тарафдориман» – Самира Асланова

«Жамиятда гендер тенгликни тан оладиган эркаклар кўпайиши тарафдориман» – Самира Асланова


Самира Латипова (Асланова) 25 ёш – Newmax Technologies Компаниясининг Express 24 Маркетинг бўлими бошлиғи, 8bit коммуникациялар агентлиги экс-раҳбари.

–       Мен оиладаги беш нафар қиз фарзандларнинг бешинчисиман. Туғилганимдан шу кунга қадар ота-онам ва опаларимнинг кўмагини ҳис қилиб яшайман. Ва айнан шу кўмак ўқишимдаги ва карьерамдаги кўплаб муваффақиятларимнинг сабаби деб биламан. Ёшлигимдан ота-онамнинг оилада бир-бирларига, ҳаётга бўлган муносабатларини кўриб уни ўзимга намуна қилиб олганман. Бирор марта бўлса ҳам оилада фақат қизлар дунёга келганлиги ҳақидаги афсусни эшитмаганман. Улғайганимда ҳар бир инсон ҳаётида, айниқса қиз бола ҳаётида оила катта рол ўйнашини англадим. Бир-бирини тушунадиган, яхши кўрадиган, ўз ҳаёт йўлини танлашга имкон берадиган оилада туғилганим менинг катта омадим.

Маркетингдаги биринчи қадамларимни универститетнинг биринчи курс талабаси бўлган давримда бошлаганман. Ўшанда косметик воситалар онлайн-дўкони ва тагликлар чиқарувчи халқаро бренд бўйича фаолият юритганман. Тажрибам ошиб агентликга ишга кирдим ва у ерда бир йил ёлланма ишчи сифатида ишладим. Бир йилдан сўнг агентлик таъсисчиларининг шеригига айландим. Horeca, Retail, IT ва FMCG сингари турли брендлар билан ишладим. Ҳозирги кунда IT технологиялари соҳасида ишлаяпман, чунки бу жамият тараққиётининг пойдевори, нафақат бизнес, балки истеъмолчиларга ҳам қулайликлар яратади.

Ўз профессионал фаолиятим давомида маркетинг ва креатив соҳаларда кўплаб қийинчиликларга учраганман, кўплаб пайдо бўлган саволларнинг жавобини ҳар хил ресурслардан фойдаланиб топганман ва тажриба орттирганман. Бундан ташқари ёшимни инобатга олсак (ўшанда 21 ёшда эдим) жамоани бошқаришда ҳам камчилик ва хатолар бўлган. Бугун айнан шу хато ва камчиликлар орқали ўрганганларим менга ас қотяпти.

“Бу иш қизларга тўғри келмайди”, “ бу аёлларнинг касби эмас” сингари гапларни жуда ёмон кўраман. Бу жамиятга ўрнашиб қолган фикр, штамп. Бир вақтлар йирик ҳолдингда HR бўлимида ишлаганман, ваҳоланки, бу “аёллар” касби эди, лекин бир умр бу иш билан шуғулланишни хоҳламадим. Ўз тажрибамдан келиб чиқиб шуни айтишим мумкинки, қизлар ҳам ўзларини тўлиқ намоён қила оладиган, ўзлари хоҳлаган, севган ишда ишлашга ҳақлидирлар.

Характер сифатларига келсак, одатда қизлар мулойим, сабрли, эгилувчан бўлишлари кераклиги айтилади. Йигитлар эса – жиддий, мард, кучли бўлишлари лозим. Бу инсонларни айнан шундай бўлишларига мажбур қилади. Аммо улар бундай бўлмасликлари ҳам мумкинку. Бироқ профессионал фаолиятда улар кучли, мустаҳкам характерга ва коммуникатив ҳислатларга эга бўлишлари шарт.

Аёлларга нисбатан зўравонликка муносабатим сўзсиз салбий. Ҳар бир жамиятдаги аёлларга нисбатан дискриминация ва зўравонликка қаршиман. Баъзи оилаларда эри ва унинг қариндошлари томонидан аёлларга қилинадиган жисмоний ва психологик зўравонликлар қонимни қайнатади. Замонавий жамиятда ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари бундай вазиятга кўз юмушлари мени хафа қилади. Ахир улар бу оиладаги аёлларни ҳимоя қилишлари керакку. Унданда кўпроқ хафа қиладигани, ҳамон эскича фикрлайдиган, аёлларнинг ҳақ ва ҳуқуқларини тан олмайдиган инсонлар, эркакларнинг борлиги. Туғилганидан жамият томонидан унга аниқ вазифалар, мажбуриятлар қўйилгани адолатдан эмас. Бундай бўлмаслиги керак. Бизнинг жамиятимиздаги кўплаб инсонлар қизлар тарбияси муҳимлиги ҳақида бонг уришади, лекин шу қаторда ўғил болалар тарбияси ўта муҳимлигини унутмаслик керак. Шуни англаш керакки, тўғри тарбия топган ўғил бола келажакда гендер ноҳақликка йўл қўймаслиги, аёлларни ҳурмат қилиши, уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари поймол қилинмаслигининг кафолатидир. Шахсан мен, жамиятда гендер тенгликни тан оладиган эркакларнинг кўп бўлиши тарафдориман. Ўшандагина жамиятда катта ўзгаришлар юз беради. Оилада, жамиятда аёлларнинг ўрни эркакларникидан кам эмас. Баъзан аёлларга жамиятда ўз овозига эга бўлиш учун асрлар давомида ўрнатилган анъаналар, тўсиқлардан ўтишларига тўғри келади. Бундай вазиятларда атрофдагиларнинг кўмаги ҳам зарур бўлади.

Ишончим комилки, мамлакатимиздаги ҳар бир хотин-қиз фақат фарзанд дунёга келтириш ва уй юмушлари билан банд бўлишдан ташқари ўз имкониятлари устида ишлаб, фан, маданият ёки бизнес йўналишларида ҳам жамият тараққиётига ўз ҳиссасини қўша оладилар. Бунинг учун эса эскича қарашлардан ҳоли бўлган давлат, жамият ва яқинларнинг қўллаб-қувватлаши муҳим.

Теги :
Жамият