$
 12814.78
-14.29
 13442.70
97.9
 123.50
-1.41
weather
+26
Кечаси   +14°

Инсоннинг инсонийлиги нимада? Гендер тенглик масаласи ҳақида

-

Дунёга бир назар ташлайлик. Жамиятдаги аёллар-кимнингдир онаси ё бувиси, опаси ё синглиси, ё рафиқаси, ёки меҳрибон қизалоғидир. 

Яқинда ижтимоий тармоқларда «Асалхоней» номи билан танилган инста-блогер А.Ходжаеванинг ўз уйидан ўлик ҳолда топилгани, ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилгани ҳақидаги хабарни ўқиб қолдим.

Аввало, кўз ўнгимга ҳаётдан умидлари, орзулари ва режалари ўлкан бўлган ёшгина аёл келди. Бу дунёга келган ҳар бир инсон, кимлигидан қатъий назар эркин яшашга, изланишга, орзу қилишга ва табиий ҳолки хатолар қилишга ҳам хақлидир. Ҳеч ким унинг хатоларини миннат қилишга ёки муҳокама қилишга ҳаққи йўқ. Ахир, инонпарвар халқимиз “беайб фақат Парвардигор” деган нақлни бежиз айтмаган. Ижтимоий тармоқлардаги баъзи муносабат билдирган инсонларнинг фикрларини ўқиб унданда ортиқ ачиндим. Нега дейсизми? Ушбу саволга ижтимоий тармоқлардаги турли хил фикр-мулоҳазаларни таҳлил қилиб баъзи хулосаларга келиш мумкин.

Аввало, баъзиларнинг салбий фикрларидаги ваҳшиёна услублар билан ёзилган муносабати ўзига қаратди. Уларнинг аёлни тошбўрон қилиш, қийноқларга солиш, азоб бериш ва хор қилиш хақида енгил-елпи гаплари одамда нафрат уйғотади. Тилида шундай гапларни айтган инсонларнинг қалбида нималар бўлиши мумкин? Уларнинг ўзи нималарга қодир экан, дея уйланиб қолади одам...

Дарҳақиқат, ўзининг оиласини, яқинларини ва энг муҳими ўзини ҳурмат қилган инсонгина инсонийлик фазилатларга бой бўлади. Инсонийлик эса бу аввало аёлларга ҳурмат-эътиборда кўринади. Инсонийликка асосланган жамиятгина ривожланади ҳамда обрў-эътиборга эга бўлади. Бундай давлатнинг фуқаролари эса тинчлик-тотувликда, иноқ қўшничиликда, тўкинлик ва баракада яшайди. Шунинг учун ҳам бугунги Янги Ўзбекистонда гендер тенглик масаласида туб ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Бундай ислоҳотларнинг амалий натижаларини қўллаб-қувватлаш ҳар бир инсоннинг инсонийлигини кўрсатувчи омилдир.

Хўш, жамиятда гендер тенгликнинг зарурати нималарда кўринади?

Асрлар оша халқимизда аёл зотига ҳурмат ва эътироф - энг олий қадриятлардан саналган. Шунинг учун ҳам халқимиз орасида “Аёл бир қўли билан бешикни, иккинчиси билан дунёни тебрата олади” деган нақл бор. Охирги йилларда гендер тенгилик масаласидаги ислоҳотларнинг амалий сифат ва миқдор ўзгаришларнинг гувоҳи бўлиб турибмиз. Булар хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларга эришиш, жамият ва давлат ишларини бошқаришда уларнинг тенг иштирок этишини таъминлаш, хотин-қизларни ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, шунингдек, хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликлардан ҳимоя қилишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларда кўринмоқда.

Ўзбекистон тарихида илк маротаба парламентда хотин-қизлар сони БМТ томонидан белгиланган тавсияларга мос даражага етиб, парламентдаги хотин-қизлар сони қарийб 32 фоизга етди ва дунёдаги 190 та парламент орасида 37-ўринга кўтарилди. Бошқарув лавозимидаги хотин-қизлар улуши 27 фоизга, партияларда 44 фоизга, олий таълимда 40 фоизга, тадбиркорликда 35 фоизга етди.

Хотин-қизларни ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш, улар билан манзилли ишлаш мақсадида «Аёллар дафтари» тизими жорий этилиб, Давлат бюджетидан ҳар йили 300 млрд сўм маблағ ажратиб бориш йўлга қўйилди. Ота-онаси ёки уларнинг биридан айрилган муҳтож қизлар, боқувчиси йўқ ёлғиз аёлларнинг ўқиш тўловларини қоплаб бериш тизими жорий этилиб, олий ўқув юртларига қабул қилишда эҳтиёжманд оилалар қизлари учун грантлар сони икки бараварга ортди. Аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш мақсадида 224 мингдан ортиқ хотин-қизга жами 6,9 трлн сўм миқдорида имтиёзли кредит ажратилди.

Бундай ўзгаришлар халқаро оммавий ахборот воситалари ва экспертларининг эътиборини ҳам ўзига жалб қилмоқда. Яқинда обрўли Хитойнинг Женьминь Жибао каби йирик ОАВ экспертларининг Ўзбекистондаги гендер масаласига қизиқиши билдирган мақола чоп қилинди. Унинг сабаблари нимада деб уйласиз? Аввало бу бугунги инсон қадри учун, шу ўринда, аёллар қадри йўлидаги ислоҳотлар натижасига берилган юқори баҳо, аёлларимизга эътироф, масъулият ва мотивация десак муболаға бўлмайди. Демак, бундай қизиқиш охирги йиллардаги тўпланган ўзимизга хос ва мос бўлган, асрлар оша мерос бўлиб келаетга аёл сиймосига хурмат ва эътибор бўлган миллий қадриятлармиз, синовлардан ўтган ҳаётий тажрибамизда кўриш мумкин.

Хулоса қилар эканмиз, бугунги янги гендер сиёсати борасидаги ислоҳотлар натижасида, нафақат иқтисодий балки, фуқаролик жамияти негизлари ҳам янгича тизимда шаклланмоқда, десак ҳам бўлади. Бу жараёнларда, жамият ва давлат ҳаётида аёлларнинг роли алоҳида бўлиб, уларни доимо қўллаб-қувватлаш нафақат давлатнинг, балки ҳар бир инсоннинг инсонийлик бурчидир.

Усарова Ф.Х. ЎзР ФА ҳузуридаги Ўзбекистоннинг энг янги тарихи масалалари бўйича Мувофиқлаштирувчи-методик маркад директори в.б., с.ф.н., доцент