$
 12865.66
-8.36
 13510.23
-48.69
 125.14
-3.07
weather
+26
Кечаси   +14°

«Бегона юртда ишсиз, уч фарзанд билан ёлғиз қолганман» – Феруза Иззат уни тарбиялаган фожиа, қизлар тарбиясидаги муҳим жиҳатлар ва аёлларнинг жипслаша олмаётгани ҳақида

«Бегона юртда ишсиз, уч фарзанд билан ёлғиз қолганман» – Феруза Иззат уни тарбиялаган фожиа, қизлар тарбиясидаги муҳим жиҳатлар ва аёлларнинг жипслаша олмаётгани ҳақида

Феруза Иззат, 45 ёш

Анталия Билим Университети Чет Тиллар Олий Мактаби инглиз тили ўқитувчиси

Болалик ва ўсмирлигим Совет Иттифоқининг сўнги даврларида ўтган. Зиёли ота-онанинг тўнғич фазанди бўлганман. Болалигимиздан мен ва укаларимнинг таълими ота-онам учун энг актуал масалалардан эди. Ҳатто иқтисодий кризис юқори чўққига чиққан тўқсонинчи йилларда ҳам, ўзлари олим бўлган ота-онам бизни боқиш учун турли хил ишларга ўзларини урган бўлишларига қарамай, ўқишимизни биринчи ўринга қўйишган, ҳеч қачон таълимимизга эътиборни камайтиришмаган.

Жаҳон тиллари Университетига грант асосида қабул қилинган йилим оиладаги иқтисодий аҳволимиз анча танг эди. Эсимда, ўша пайтда тил ўрганувчи талаба учун энг асосий иш қуроли бўлган луғат олишга пулимиз йўқ эди. У пайтда интернет, уяли телефонлар йўқ, луғатлар эса анча қиммат. Стипендиямни йиғиб, луғат олишни ният қилиб қўйганман. Дарсларим бошланадиган кундан бир кун олдин онам қўлларида қоғозга ўраглан бир нарса билан уйга кириб келдилар. Менга узатилган пакетни очиб қарасам, луғат турибди. Севинч ва ҳайрат билан онамга саволамуз нигоҳ йўллаганимда, «Узумини егину, боғини сўрама» дегандилар. Луғатнинг илк саҳифасига: «Бу тил дунёни сенга, сени эса дунёга танитади» деб тилак ёзилган эди. Бугун анча катта ва оғир луғатни ишлатишга эҳтиёж бўлмаса ҳам, раҳматли онамнинг дастхатлари билан ёзилган тилаги учун ҳам уни яшаган ҳар бир давлатимга олиб юраман.

Умуман олганда, ҳаётимда онамнинг роллари жуда катта. Эсимни таниганимдан ҳаётлариниг охирига қадар онамнинг аёллар масалаларида актив фаолият юритганларини эслайман. Гендер масалалари бўйича илмий ишлари, газета ва журналларда чоп этилган кўп сонли мақолалари билан бир қаторда ўзбек аёлларининг илк мустақил электрон журнали Ayol.uz’ни ҳам ташкил қилгандилар. Бугунги кунда аёллар масалаларида гапириб, қайсидир маънода, онамнинг йўлларини давом эттиряпман. Айтиш керакки, доим ҳам аёл ҳуқуқлари, уларнинг жамиятдаги ўрни ҳақида қайғуриб, ёзмаганман. Ҳаётимда мени хозирги Феруза бўлишимга сабаб бўлган бир воқеа содир бўлган. Олти йил олдин бегона юртда ишсиз, уч фарзанд билан ёлғиз қолиб кетишимга тўғри келган. Болалигидан оила деган муқаддас маконга тайёрланадиган, 18 йил эрининг розилигини биринчи ўринга қўйиб келган бир ўзбек аёли учун бу тушуниб бўлмайдиган бир фожеа эди. Ўша воқеа мени тарбиялади. Кўп нарсага: стереотипларимиз, тарбиямиздаги баъзи хусуслар, оила, аёлларга муносабатларимизни қайта кўриб чиқишга ундади. Аввало ўзим учун, оёқда тура олиш учун курашга ундаган ўша ҳолат, кейинчалик бошқа жинсдошларимнинг қийинчиликларига, уларга бўлган ноҳақликларда қарши курашишга ундади.

Бугунги кунда Туркиянинг нуфузли университетларининг бирида ўқитувчилик фаолиятини олиб боряпман. Тарих соҳасида докторлик тадқиқотим ҳам давом этяпти. Фарзандларим университет ва лицей талабалари. Ҳаёт анча изига тушган. Аслида, биз интиҳо деб ўйлаган нарсалар биз учун янги ҳаёт бошлаш йўлида йўлланма бўлар экан. Аёл киши болалигида ота-онанинг кейинчалик турмуш ўртоғининг чизиб берган ҳаёти билан яшаркан. Ажрашишга бизда ўта хунук ва даҳшатли воқеадай қаралади. Аслида, ажрашиш аёл киши учун янги имкониятлар эшигининг очилиши, ҳақиқий, ўз ҳаёти билан яшаш имконияти, ўз кучларини кашф қилиш фурсати экан. Баъзи аёллар бундай имкониятга оилали бўлиб, турмуш ўртоқларининг дастак ва қўлловида эришадилар. Баъзилар эса бундай натижага эришиш учун ажрашишлари керак бўларкан.

Оилани сақлаб қолиш муҳим ва лозим бўлган мажбурият. Фақат, муносабатлар чиқмас кўчага кириб қолиб, бошқа чора қолмаганда, ажрашишдан қўрқиш керак эмас. Бундай ҳолатга тушиб қолган аёлларнинг яқинлари эса, аёл учун ўта мураккаб бўлган бу пайтда уни қўллаб-қувватлашлари, орқаларида туришлари керак. Қизларни албатта ўқитиш ёки бирор ҳунарга эга қилиш, иқтисодий мустақилликлари учун пойдевор яратиш ҳар бир ота-она учун муҳим вазифа бўлиши керак.

Ва албатта, ҳар бир қизалоққа бошқаларни ҳурмат қилиш билан бир қаторда ўзини ҳурмат қилиш ва қадрлашни ўргатишимиз керак.

Жамиятимиздаги катта муаммоларидан бири-аёлларнинг жипслаша олмаётганидир. Аёллар билан боғлиқ турли кўнгилсиз вазиятларда, кўп ҳолларда аёлларнинг ўзи қурбонни айблайди. Қўшни давлатларда бирор аёлга етказилган жисмоний зарар учун аёллар бонг уради, ўша аёлларни қўллаб-қувватлаб тадбирлар ўтказади. Бизда эса яқинда андижонлик келин воқеасида эркакларнинг шаънини ҳимоялаш учун бирлашган эркакларчалик аёллар орасида жипслик йўқ. Шунинг билан биргаликда, йилдан-йилга аёллар масалаларига бефарқ бўлмаганларнинг кўпаяётгани, айниқса, эркаклар ҳам аёл ҳақлари учун қайғураётгани қувонарлидир. Аёл ҳуқуқлари, аёл зўравонликларига қарши кураш, аслида, барча инсонлар учун курашдир. Аёлларининг, болаларининг ҳақлари топталмаган, эмин-эркинлиги чекланмаган ва ҳавфсизлигига раҳна солинмаган жамиятларда ривожланиш самаралироқ кечади.

Теги :
Jamiyat