$
 12829.07
-15.14
 13344.80
-163.46
 124.91
-2.44
weather
+26
Кечаси   +14°

Ўзбекистоннинг 5 ҳудудида “фермерлар мактаби”га старт берилди

Ўзбекистоннинг 5 ҳудудида “фермерлар мактаби”га старт берилди2

Кеча, 31 май куни пойтахтдаги «Hilton» меҳмонхонасида «Агробанк» АТБ ташаббуси билан Ўзбекистонда илк бор ташкил этилган «Фермерлар мактаби» лойиҳасининг тақдимот маросими бўлиб ўтди.

Ушбу лойиҳадан кўзланган асосий мақсад – қишлоқ хўжалигида янги бизнес йўналишларини очиш, билимли ва малакали ёш фермерларни тайёрлаш ҳамда уларнинг қишлоқ хўжалиги соҳасида тадбиркорлик кўникмаларини ошириш, ёшларга қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқаришда энг замонавий технологиялардан фойдаланишни ўргатишдан иборат.

Ҳозирча Фермерлар мактаби Республиканинг 5 та ҳудудида ташкил этилган, хусусан, Тошкент (Тошкент, Сирдарё, Жиззах вилоятлари учун), Андижон (Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятлари учун), Самарқанд (Самарқанд, Навоий, Бухоро вилоятлари учун), Термиз (Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятлари учун), Нукус (Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги фуқаролар учун).

“Агробанк” АТБ бошқарувчи директори Абдураҳмон Шеровга кўра, фермерлар мактабига 1-босқичда 150 нафар, йилига эса ўртача 1000 нафар ёш тингловчилар жалб қилиниб, уларга соҳанинг энг тажрибали ўқитувчилари ва мутахассислари томонидан дарслар ўтилади. Шунингдек, Абдураҳмон Шеровга ушбу лойиҳани амалга оширишда хорижий банкларнинг тажрибасидан ҳам фойдаланилганини қўшимча қилди:

– “Яширмайман, ушбу лойиҳани амалга оширишда хорижий банкларнинг тажрибасига таяндик. Кўплаб хорижий банкларда турли йуналишларда ўқув дастурлари мавжуд бўлиб, ушбу дастурлар асосан мижозларнинг молиявий саводхонлигига қаратилган. Аммо аграр соҳадаги банкларда нафақат молиявий саводхонлик, балки соҳада бизнесни юритиш билан боғлиқ билим беришга алоҳида эътибор қаратилган. Биз ўз мактабимизни очишдан аввал Туркия “Ziraatbank”ининг “Ёш фермерлар академияси” ҳамда Россиянинг Россельхозбанки томонидан амалга оширилган “Фермерское школа” лойиҳаларини яқиндан ўргандик”, – деди А.Шеров.

Лойиҳа муаллифларининг қайд этишича, таълим жараёни билан боғлиқ барча харажатлар «Агробанк» АТБ томонидан молиялаштирилади. Барча тингловчилар ўқув курсини тугатганлик тўғрисида ҳамда бизнес режаларни муваффақиятли ҳимоя қилган тингловчилар эса қўшимча кредит сертификатига эга бўладилар.

Бундан ташқари, тақдимот давомида “Агробанк” АТБ Бошқарув раиси ўринбосари Эркин Кахаров жорий йил сентябрида банк томонидан қишлоқ хўжалигига мўлжалланган “Агрозамин” маркетплейс платформаси ишга туширилишини эълон қилди. Унинг сўзларига кўра, мазкур платформа орқали рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар қишлоқ хўжалиги фаолиятига оид маҳсулотларни сотиш ва сотиб олиш, техника хизматлари, агроном ва ветеринар маслаҳатлари, молиявий ва ҳуқуқий хизматлардан фойдаланиш имкониятига эга бўладилар.

Маълумот учун, фермерлар мактабига қабуллар ҳар 2 ойда бўлиб ўтади ва синовлардан муваффақиятли ўтган ўқувчилар мазкур мактабларга қабул қилинади.

Бу ерда ўқиш ниятида бўлганлар фермерлар мактабининг расмий сайти – fermermaktab.uz ёки махсус телеграм бот – @fermerlar_maktabi_bot орқали ҳужжат топширишлари мумкин.


Реклама хукуки асосида

Теги :
Jamiyat