$
 12640.21
-49.76
 13559.15
1.19
 137.02
-0.18
weather
+26
Кечаси   +14°

Фармацевтика маҳсулоти ҳисоби ва назорати ахборот тизими яратилади

Фото: ижтимоий тармоқлар Фото: ижтимоий тармоқлар

“Аҳолини сифатли дори воситалари ва тиббий буюмлар билан таъминлаш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент қарори қабул қилинди.

2023 йил 1 январдан тегишли рўйхатда белгиланган дорилардан ташқари барча янги дори воситалари клиник тадқиқотлар ижобий натижаси асосида давлат рўйхатидан ўтказилади.

Қуйидагилар бекор қилинади: рецептсиз бериладиган дорилар рўйхатини Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқлаш; дори моддаларини (субстанцияларни) давлат рўйхатидан ўтказиш; Ўзбекистондан ташқарида амалга оширилган дори воситалари рўйхатдан ўтказиш натижаларини тан олишда стандарт намуналарини талаб этиш.

Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси орқали молиялаштириладиган республика даражасидаги давлат стационар тиббиёт муассасаларида беморлар дори ва тиббий буюмлар билан шифохона орқали таъминланади.

Мазкур жараён дастлаб республика даражасидаги шифохоналарда 2023 йил давомида тажриба-синов тариқасида амалга оширилади. 2022 йил якунигача шифохоналарда дори воситалари ва тиббий буюмлар хариди бўйича мутахассис лавозими жорий этилади. 

2023 йил 1 июлдан референт нархлари қайд этилмаган ёки қайд этилган нархдан юқори бўлган дори воситаларини сертификатлаштириш тақиқланади.

2023 йил 1 майдан жисмоний шахслар томонидан сотиб олинган дорилар учун дорихоналар томонидан бериладиган харид чеки фискал белгиси солиқ органлари махсус мобил иловасида рўйхатдан ўтказилганда дорилар нархлари Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ахборот тизимидаги дори воситалари чакана референт нархлари билан автоматик тарзда солиштирилади.

Дорилар чакана нархларига белгиланган устамалар ошириб қўлланилгани аниқланган тақдирда, бу ҳақида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун махсус ваколат берилган давлат органига автоматик равишда хабар юборилади. Харид чеки бўйича нарх дорининг чакана референт нархидан ортиқ деб топилганда, ҳуқуқбузардан жарима ундирилади.

2023 йил 1 мартгача дори воситалари ишлаб чиқарилишидан бошлаб улар истеъмоли натижасигача бўлган жараёнларни назарда тутувчи Фармацевтика маҳсулотлари ҳисоби ва назорати ахборот тизими жорий этилади.