$
 12741.02
-16.92
 14062.26
-63.33
 134.38
-0.68
weather
+26
Кечаси   +14°

Давлат-хусусий шериклик – мамлакат инвестициявий жозибадорлигининг кафолати сифатида

Давлат-хусусий шериклик

Маълумки, давлат—хусусий шериклик (кейинги ўринларда – ДХШ) соҳаси мамлакатда ёш ва истиқболли соҳалардан ҳисобланади.Давлат ва хусусий секторнинг (тадбиркорлик субъектлари) ҳамкорлигида ижтимоий, иқтисодий ва инфратузилмавий соҳаларда амалга оширилган лойиҳалар, ишлаб чиқариладиган товарлар ва ишлар, кўрсатилаётган хизматларнинг турлари ва сифатининг ошишига, янги иш ўринларининг яратилишида муҳим омил бўлиб хизмат қилади. Бугунги кунда Япония, Корея, Канада, Германия, Бангладеш каби давлатларнинг мазкур соҳадаги ютуқлари яққол тажриба ҳисобланади.

Ўзбекистонда ҳам давлат-хусусий шериклик соҳасини ривожлантириш, унинг ҳуқуқий асосларини яратишга қаратилган бир қанча тадбирлар амалга оширилди. Ҳусусан Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат-хусусий шерикликни ривожлантиришнинг ҳуқуқий ва институционал базасини яратиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ПҚ — 3980-сонли Қарорибилан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузурида Давлат–хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги (кейинги ўринларда– Агентлик) ташкил этилди.Агентликка ўз навбатида ДХШ лойиҳаларини тайёрлаш ва амалга оширишда идоралараро мувофиқлаштиришни таъминлаш, ўрнатилган тартибда лойиҳа концепцияси, лойиҳа баҳолаш ҳужжатлари ва ДХШ тўғрисидаги битимни ишлаб чиқиш ва келишишда вазирликларга, давлат қўмиталарига, идораларга, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига кўмаклашиш, инвесторлар, халқаро молия ва донорлик ташкилотлари, илмий ва эксперт ҳамжамиятлари, шунингдек давлат-хусусий шерикликнинг бошқа иштирокчилари билан ҳамкорликни ташкил этиш ва бошқа бир қатор вазифалар юкланди. Алоҳида таъкидлаш лозимки, бугунги кунга келиб Агентлик иштирокида ва кўмагида транспорт, энергетика, коммунал, соғлиқни сақлаш, таълимкаби соҳаларда ҳар бир ДХШ лойиҳасининг қиймати 1 млн. АҚШ долларидан ортиқ бўлган жами қиймати 6 млрд АҚШ долларига тенг бўлган ДХШ лойиҳалари амалга оширилмоқда.

Мазкур лойиҳаларни амалга оширишда Франция, Жанубий Корея, Бирлашган Араб Амирликлари, Саудия Арабистони, Туркия, Ҳиндистонкаби мамлакатларнинг йирик ва тажрибалари инвесторлари шаффоф ва холис шартларда тендерда ютган ҳолдатегишли соҳаларни жаҳон стандартларига мос ва хос равишда ривожлантиришда ҳисса қўшишмоқда. Шунингдек халқ таълими, соғлиқни сақлаш, коммунал ва сув хўжалиги соҳаларида тендер жараёнида бўлган ва амалга оширилиши бошланган лойиҳаларда маҳаллий инвесторларнинг улуши ҳам салмоқли равишда ошганлигини кўриш мумкин.

Нега айнан давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида хорижий ва маҳаллий инвесторларни жалб этиш манфаатли?Биринчидан,хорижий ва маҳаллий инвестицияларни давлат — хусусий шериклик асосида жалб этиш, бунда ҳам инвесторнинг ҳам давлатнинг ўзаро манфаат ва ҳуқуқларининг кафолатлари ҳамда бизнесдаги таваккалчиликларни ўзаро тақсимлаш орқали давлатнинг инвестицияй жозибадорлиги ва нуфузини оширишга олиб келади.Иккинчидан,ҳар қандай давлатда рақобатбардош, очиқ ва бахслашувчанликни таъминлашга қаратилган бозор иқтисодиётини йўлга қўйишда давлатнинг муайян функцияларини ДХШ асосида хусусий секторга бериш Давлат бюджетидан харажатларнинг камайишига, товарлар ишлар ва хизматлар сифатинининг ошишига, муддат ва макон жиҳатидан инфратузилмани тез суръатларда ривожланишига олиб келади. Учинчидан, таваккалчиликлар ҳисобига ўзининг бизнесини бошлаган тадбиркор, инвестор доимий давлатнинг яъни шеригининг ҳимоясида бўлади. Бунда фаолият билан боғлиқ сертификат ва лицензияларни, лойиҳани амалга оширишда давлат томонидан фойдаланиш учун тақдим этиладиган ер, бино кўринишидаги мол-мулкни аукционсиз олиш имконияти пайдо бўлади.Тўрттинчидан, ДХШ лойиҳасини амалга ошириш муддатининг 3 йилдан 49 йилгача бўлиши инвестор томонидан киритилган маблағларнинг албатта даромад билан чиқишига муддатларни ҳам ўз ичига олади.

Шу ўринда ДХШ соҳасининг ҳуқуқий асосларига тўхталиб ўтиш мақсадга мувофиқ. Аввало шуни таъкидлаш лозимки, мазкур асослар халқаро молия ташкилотлари , хусусан Жаҳон банки, Халқаро молия корпорацияси, Осиё тараққиёт банки ва Европа тикланиш ва тараққиёт банки кўмагида ишлаб чиқилди ва такомиллаштирилиб борилмоқда. Жумладан, халқаро экспертлар иштирокида

2019 йил 10 май санасида Ўзбекистон Республикасининг “Давлат — хусусий шериклик тўғрисида”ги ЎРҚ-537-сонли Қонуни қабул қилинди. Қонунда ДХШ тушунчаси, лойиҳа иштирокчилари, ДХШ лойиҳасини амалга ошириш шартлари ва тендер жараёнларини ўтказиш тартиби, Ўзбекистон Республикаси томонидан инвесторни қўллаб-қувватлаштурларини тақдим этиш каби масалаларўз аксини топган. Шу ўринда таъкидлаш лозимки, жаҳоннинг йирик молиявий ташкилотларидан ҳисобланган Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки ва Европпа тикланиш ва тараққиёт банкининг давлат — хусусий шериклик соҳасидаги таклифлари ва тавсияларига мувофиқ ушбу Қонунга 2021 йил 22 январда тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Хусусан, “Давлат — хусусий шериклик тўғрисидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш ҳақида”ги ЎРҚ-669-сонли Қонуни билан чет эл инвестициялари иштирокида амалга ошириладиган давлат-хусусий шериклик лойиҳалари бўйича Ўзбекистон Республикаси ҳудудида реализация қилинадиган товарлар (ишлар, хизматлар) нархлари Ўзбекистон Республикаси чет эл валюталарига ва шартли бирликларига боғланиши, концессияни тақдим этиш билан боғлиқ муносабатлар, лойиҳани амалга оширишда кредиторларнинг иштироки ва уларни манфаатларининг ҳимояси, маҳаллий ижро ҳокимиятларининг ер ажратишдаги ваколатлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси ва хусусий шерик ўртасида тузиладиган, хусусий шерик ва (ёки) кредиторларга қўшимча кафолатлар ҳамда қўллаб-қувватлаш чораларини давлат — хусусий шериклик тўғрисидаги битим ёки давлат томонидан қўллаб —қувватлаш тўғрисидаги битим орқали расмийлаштириш оид янги нормалар белгиланди.Бу эса ўз навбатида инвесторларда киритган инвестицияларинин бехавотир ва давлат кафолати остида даромад билан олиб чиқиб кетишини англатади.

Қонуннинг 38 — моддасида ДХШ тўғрисидаги битим доирасида хусусий шерикнинг ва (ёки) кредиторнинг (кредиторларнинг) манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси қўллаб-қувватлашнинг қуйидаги турларини тақдим этиши мумкин:

ü субсидиялар, шу жумладан хусусий шерикнинг давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга оширишдан оладиган, кафолатланган энг кам даромадини таъминлашга йўналтириладиган субсидиялар;

ü давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга ошириш учун зарур бўлган активлар ва мол-мулк тарзидаги қўйилмалар;

ü давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга ошириш жараёнида ишлаб чиқарилган ёки етказиб берилган товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) муайян миқдорини ёки бир қисмини истеъмол қилганлик ёки улардан фойдаланганлик учун тўловга йўналтириладиган Ўзбекистон Республикаси бюджети тизимининг бюджетлар маблағлари;

ü бюджет ссудаларини, қарзларини, грантларини, кредит линияларини ва молиялаштиришнинг бошқа турларини бериш;

ü инвесторлар томонидан мажбуриятларнинг бажарилишини таъминлаш мақсадида ўзаро келишувга кўра қўшимча кафолатлар;

ü солиқ имтиёзлари ва преференциялари, шунингдек бошқа имтиёзлар;

ü бошқа кафолатлар ва (ёки) компенсациялар.

ДХШ лойиҳаларини амалга ошириш учун давлат томонидан

қўллаб — қувватлаш тўғрисидаги битим Ўзбекистон Республикаси номидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан имзоланиши ҳамда Давлат бюджетига бевосита ва билвосита таъсир этадиган қўшимча кафолатлар назарда тутилган ДХШ лойиҳаларда лойиҳа концепцияси тасдиқлангунга қадар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишиб олиниши мазкур Қонун билан мустаҳкамланди.

Шунингдек, чет эл инвестициялари иштирокида амалга ошириладиган давлат-хусусий шериклик лойиҳалари бўйича Ўзбекистон Республикаси ҳудудида реализация қилинадиган товарлар (ишлар, хизматлар) нархлари Ўзбекистон Республикаси чет эл валюталарига ва шартли бирликларига боғланишига рухсат берилди.Бу ҳолат шуни англатадики, инвестор томонидан хорижий валютада киритилган инвестициялар орқали келиб тушадиган даромадларни хорижий валютада олиб чиқиш бевосита давлат томонидан кафолатланди. Бу ҳам ўз навбатида инвесторлар фаолиятининг давлат томонидан кафолати ҳисобланади.

ДХШ лойиҳаларини амалга оширишда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг иштироки ва ваколатлариҳам Қонун билан белгилаб қўйилган. Бунда улар нафақат асосий регулятор балки бевосита ДХШ тўғрисидаги битимнинг тарафи бўлиб ҳам иштирок этишлари мумкин.Регулятор сифатида маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари:

ü давлат-хусусий шериклик тўғрисида битим тузилиши мумкин бўлган ўз тасарруфидаги объектларни аниқлайди;

ü давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим асосида амалга оширилиши мўлжалланаётган истиқболли лойиҳаларни, ер участкаларини тегишли ҳудуднинг эҳтиёжларини ҳамда салоҳиятини инобатга олган ҳолда ўрганади ва белгилайди;

ü тегишли ҳудуддаги давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини ўз вақтида ва самарали амалга оширишга тўсқинлик қиладиган омилларни аниқлайди, уларни бартараф этиш чораларини кўради;

ü давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш мақсадида ер участкаларини аукцион ўтказмасдан давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда белгиланган муддатга ажратади.

Шунингдек Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар маҳаллий бюджетининг орттириб бажарилган қисмини ўрнатилган тартибда ДХШ лойиҳасини молиялаштириш учун ваколатли ҳисобланади. Шу аснода республика ҳудудларида ҳам инфратузилманинг ривожланишига, иш ўринларининг яратилишига, иқтисодий ва ижтимоий соҳа объектларининг юқори сифатли технологиялар ва хизматлар билан таъминланишига олиб келади.

Хулоса шуки, давлат ва инвестор ҳамкорлигида, шериклигида амалга ошириш таклиф этилаётган ДХШ лойиҳаларини амалга ошириш натижасида Давлат бюджети харажатларининг камайишига, инвестиция оқимининг ошишига, иқтисодий глоболизациянинг ривожланишига, янги— янги рақобатбардош товарлар, ишлар ва хизматларнинг ишлаб чиқарилишига ва энг асосийси мамалакат ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) ҳажмининг ошишига муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

 

Фотима Юлдашева

Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги юрисконсульти

Теги :
Иқтисодиёт