$
 12475.51
-4.63
 13471.06
23.71
 135.09
0.13
weather
+26
Кечаси   +14°

"Одамларнинг соғлиғи бизнесга айланиб кетди. Врачлар таниш аптека орқали дори ёзади” — Эркинжон Турдимов

Dorixona

Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов вилоятда дори соҳаси бизнесга айланиб кетганини, одамларнинг соғлиғи орқали бойишни истаб, беморларнинг аҳволини иккинчи ўринга қўяётган тиббиёт ходимлари борлигини тан олди ва уларни танқид қилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Ноинсоф, ўтирасан-да, ёзаверасан, ёзаверасан рецептни, чўнтагидан ураверасан. Битта Самарқанд бошқа давлатларга 482 миллион доллар пул кўчириб, дори сотиб олади. Бошқа давлат одамларини иш билан таъминлаймиз. Бошқа давлат бюджетини самарқандликлар ҳисобидан тўлдирамиз. Бошқа давлатни бой қиламиз. Ўзимиз у дориларни ичиб, майиб бўламиз. Пачкалаб, тонналаб дори еймиз, — деди вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов. 

Самарқанд ҳокимининг таъкидлашича, вилоятда бир шифохона олдида фаолият юритаётган дорихоналар сони баъзан 20 тадан ошади. 

Бу дори бизнес бўлиб кетди. Одамларнинг соғлиғи бизнесга айланиб кетди. Очиғини айтаман, яширмайман. Кўп врачлар ўзининг таниш аптекаси орқали дори ёзиб беради. Стандартга мутлақо риоя қилмайди, — дейди вилоят ҳокими.

Назорат ўрнатилади

Вилоят раҳбари ҳудудда эндиликда ҳар ҳафта шифокорлар ва дорихона масъулларининг фаолияти назоратга олиниши кераклигини айтмоқда. 

Ҳар ҳафта нима бўлди, қайси ноинсоф аптекачи, қайси ноинсоф врач стандартдан чиқди, назорат қилиш керак. “Частний”ларнинг диққатига, кимдир керак, но керак дориларни ёзиб берадиган бўлса, у корхонага нисбатан ёпиш чораларини кўрамиз. Қонуний. Судга берамиз ўша корхонани ва халққа ўша корхонани таништирамиз. “Главврачи”ни ҳам таъсисчисини ҳам. Буни ҳамма хусусий клиникалар қулоғига қуйиб олиши керак. Халқнинг соғлиғи ортидан бойлик орттиришни ният қилаётган бўлса, у ўзига душманлик қилаётган бўлади, — деди Эркинжон Турдимов.

Самарқанд вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Дониёр Асадовнинг йиғилишда маълумот беришича, Самарқанд шаҳридаги 1-сонли болалар шифохонасида беморни лаборатор текширувлардан ўтказиш учун хусусий клиника билан келишиб, уни клиникага юборганлиги, шунингдек, беморга ёзилган дорилар орасида унга кераги бўлмаган кўплаб ҳар хил турдаги қиммат фирма дорилар борлиги аниқланган.

Нимага “частний”га жўнатган, ўзида текшириш имконияти йўқми? Йўқ бўлиши мумкин, шу сабаб “частний”га юборган бўлиши мумкин, — деди бу маълумотга муносабат билдирган ҳоким. 

Йиғилишда шифохоналарга бюджет маблағлари эвазига олиб берилган дорилар бўлишига қарамасдан, беморларга дорихоналардан сотиб олиб келишга топшириқ берилаётгани ҳам таъкидланган. 

Ҳар битта кирадиган жойга, қанақа дорилар борлигини ёзиб қўйиш керак. Доска қилиб, бўр билан ёзинг. Шифохонада ҳар куни қанақа турдаги дорилар мавжудлигини, қанақа дорилар бепул ва қанақа дорилар пуллик эканини ёзиб қўйиш керак. Айримлар шпристни ҳам олиб келганман дерди. Ҳозир билмайман, ўзим қўлим билан ушламадим ҳали, — деди ҳоким.

Вилоят раҳбари эндиликда ишчи гуруҳ ташкил этилиб, ҳудуддаги мазкур ҳолатларни ўрганишини билдирди. 

Ким стандратдан чиқиб, рецепт ёзса, ишдан кетиши керак. Шунинг учун ҳамма тиббиёт бирлашмалари, “частний” фирмалар ҳамма ходимлар билан тузилган шартномага қўшимча киритади. Адлия ва аргос билан келишиб, ходимлар шартномасини қайтадан тузасанлар, — деди Турдимов. 

Қўшимча қилинишича, Самарқанд вилоятида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан 200 турдаги дори-дармон ишлаб чиқарилади.