$
 12920.48
-7.79
 13436.01
-26.2
 130.17
0.51
weather
+26
Кечаси   +14°

Ўзбекистонда 12 та давлат бошқаруви органи фаолияти тугатилади

Фото: Gazeta.uz Фото: Gazeta.uz

Президент фармонига кўра, 12 та давлат бошқаруви органлари фаолияти тугатилади, 24 тасининг ташкилий бўйсунуви ўзгаради.

Президентнинг «Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонга кўра, 2023 йил 1 январдан қуйидаги давлат бошқаруви органлари вазифа ва функциялари тегишли вазирлик ва идораларга ўтказилган ҳолда тугатилади:

Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш агентлиги — Қишлоқ хўжалиги билан боғлиқ вазифа ва функциялари Қишлоқ хўжалиги вазирлигига, саноатни ривожлантириш билан боғлиқ вазифа ва функциялари эса Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигига ўтказилмоқда;

Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги — вазифа ва функциялари тегишинча Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги орасида тақсимланмоқда;

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Халқаро ҳамкорлик ва ривожланиш агентлиги — вазифа ва функциялари Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигига ўтказилмоқда;

Молия вазирлиги ҳузуридаги Суғурта бозорини ривожлантириш агентлиги — вазифа ва функциялари Иқтисодиёт ва молия вазирлигига ўтказилмоқда;

Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги — вазифа ва функциялари Иқтисодиёт ва молия вазирлигига ўтказилмоқда;

Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сув хўжалигида капитал қурилиш лойиҳаларини амалга ошириш агентлиги — вазифа ва функциялари Сув хўжалиги вазирлигига ўтказилмоқда;

Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги — вазифа ва функциялари Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасига ўтказилмоқда;

Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги — вазифа ва функциялари Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасига ўтказилмоқда;

Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги «Ўзбекчорванасл» агентлиги — вазифа ва функциялари Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитасига ўтказилмоқда;

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш инспекцияси — вазифа ва функциялари тегишинча Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги орасида тақсимланмоқда;

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш маркази — вазифа ва функциялари Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигига ўтказилмоқда;

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси — вазифа ва функциялари Соғлиқни сақлаш вазирлигига ўтказилмоқда.

2023 йил 1 январдан республика давлат бошқаруви органлари қуйидагича қайта ташкил этилади:

Вазирликлар:

Халқ таълими вазирлиги — негизида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ташкил этилмоқда;

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги — негизида Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ташкил этилмоқда;

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги — негизида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ташкил этилмоқда;

Молия вазирлиги — негизида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ташкил этилмоқда;

Қурилиш вазирлиги ва Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги — негизида Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ташкил этилмоқда;

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги — негизида Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ташкил этилмоқда;

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги — негизида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ташкил этилмоқда;

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги — негизида Рақамли технологиялар вазирлиги ташкил этилмоқда;

Туризм ва маданий мерос вазирлиги ва Маданият вазирлиги — негизида Маданият ва туризм вазирлиги ташкил этилмоқда;

Мактабгача таълим вазирлиги — негизида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузурида Мактабгача таълим агентлиги ташкил этилмоқда;

Инновацион ривожланиш вазирлиги — негизида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузурида Инновацион ривожланиш агентлиги ташкил этилмоқда;

Спортни ривожлантириш вазирлиги — негизида Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги ташкил этилмоқда;

Қўмиталар:

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси — негизида Табиат ресурслари вазирлиги ташкил этилмоқда;

Монополияга қарши курашиш қўмитаси — негизида Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ташкил этилмоқда;

Геология ва минерал ресурслар давлат қўмитаси — негизида Тоғ-кон ва геология вазирлиги ташкил этилмоқда;

Агентликлар:

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги — негизида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигида хизматлар кўрсатиш агентлиги ташкил этилмоқда.

Фармонга кўра, 2023 йил 1 январдан қуйидаги республика давлат бошқаруви органларининг ташкилий бўйсунуви ўзгаради.

Қўмиталар:

Давлат статистика қўмитаси — Статистика агентлиги шаклида қайта ташкил этилиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурига ўтказилмоқда;

Мудофаа саноати давлат қўмитаси — Мудофаа саноати агентлиги шаклида қайта ташкил этилиб, Мудофаа вазирлиги ҳузурига ўтказилмоқда;

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси — Маданият ва туризм вазирлиги ҳузурига ўтказилмоқда;

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат захираларини бошқариш қўмитаси — Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузурига ўтказилмоқда;

Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси — Ўрмон хўжалиги агентлиги шаклида қайта ташкил этилиб, Табиат ресурслари вазирлиги ҳузурига ўтказилмоқда;

Давлат солиқ қўмитаси — Солиқ қўмитаси шаклида қайта ташкил этилиб, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузурига ўтказилмоқда;

Давлат божхона қўмитаси — Божхона қўмитаси шаклида қайта ташкил этилиб, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузурига ўтказилмоқда;

Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси — Оила ва хотин-қизлар қўмитаси шаклида қайта ташкил этилиб, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузурига ўтказилмоқда;

Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси — Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси шаклида қайта ташкил этилиб, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузурига ўтказилмоқда;

Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси — Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузурига ўтказилмоқда.

Агентликлар:

Ёшлар ишлари агентлиги — Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги ҳузурига ўтказилмоқда;

Президент таълим муассасалари агентлиги — Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги шаклида қайта ташкил этилиб, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузурига ўтказилмоқда;

Кинематография агентлиги — Маданият ва туризм вазирлиги ҳузурига ўтказилмоқда;

Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги — Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузурига ўтказилмоқда;

«Ўзархив» агентлиги — Адлия вазирлиги ҳузурига ўтказилмоқда;

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги — Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузурига ўтказилмоқда;

Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги — Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ҳузурига ўтказилмоқда;

Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги — Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузурига ўтказилмоқда;

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги — Дори-дармон ва тиббий буюмларни рўйхатдан ўтказиш билан боғлиқ вазифа ва функциялари Соғлиқни сақлаш вазирлигига ўтказилган ҳолда, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳузурига ўтказилмоқда;

Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги — Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузурига ўтказилмоқда.

Инспекциялар:

Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси — Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузурига ўтказилмоқда;

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекцияси — Сув хўжалиги вазирлиги ҳузурига ўтказилмоқда;

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси — Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузурига ўтказилмоқда.

Бошқа органлар:

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси — Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузурига ўтказилмоқда.

Бундан аввал фармонга кўра, бош вазир ўринбосарлари сони саккизтадан тўрттага қисқартирилади, бош вазир маслаҳатчилари лавозимлари тугатилиши маълум қилинганди. Шунингдек, вазирлик ва идоралар сони 61 тадан 28 тага қисқартирилди.