$
 12228.58
20.5
 14282.98
166.78
 155.96
0.96
weather
+26
Кечаси   +14°

Даҳшатли кўрсаткич: 9 ойда 417 педофилия, 22 боланинг ўлими!

Child abuse

“Қашқадарёда 14 ёшли қиз жинсий қулликда сақланган.” Ачинарли хабар, шундай эмасми?! Охирги пайтларда бунга ўхшаш хабарлар ора кунда кўзимизга тушадиган бўлиб қолган. Вояга етмаган болаларга қилинадиган зўравонликларнинг ҳар қандай кўриниши, ота-она ёки ўқитувчи, тарбияланувчилар томонидан калтакланиши, педофилия яна бир қанча турлари юртимизда ривожланиб бормоқда. Ўзбекистонда вояга етмаганлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш қай даражада? Ўзбекистонда омбудсман ҳолатга шунчаки ўзининг фикрини бериш билан чекланади, холосми?

Ўсиш бор, пасайиш йўқ

Жорий йили Ўзбекистонда 9 ой давомида болаларга нисбатан 1 240 та зўравонлик ҳолати қайд этилган. Зўравонлик оқибатида 22 бола ҳалок бўлган. Бундан 417 таси жинсий зўравонликдир. Ўтган йили бу кўрсаткич 395 та эди. Бу турдаги зўравонликлар охирги пайтларда шу даражада кўп қилинмоқдаки, бизга бу оддий ҳолдек бўлиб қолмоқда. Тўғриси ҳамда, бу ҳолат ўзингизни яқинингиз билан содир бўлса, қандай ҳолга тушасиз?! Ҳали бир йил бўлмаган Хоразмлик етим қизлар мавзусини олайлик. Ундаги педофилларга нисбатан атиги 3 йил қамоқ жазоси белгиланган холос. Агар жиноятни амалга оширган шахс қайсидир лавозим эгаси бўлса, апелляция орқали бир йилга ҳам қолмасдан яна озодликда юраверади. Аслини, олганда педофиллар учун 3 йил муддат бу “олий мақомли” жазодир. Қонунчиликдаги жинсий зўравонликка бериладиган жазо кучайтирилмас экан, бу турдаги жиноятлар сони ортганидан ортиб бораверади.

Бундай ҳолатда вояга етмаган болага ота-она жавобгар деймиз-у, сўнгги хабарларни ўқиётган бўлсангиз, ота-оналар ҳам болаларга қилинаётган зўравонликлардан мустасно эмас. Қайсидир она ичиб келиб, боласини уради, яна бири эрига жаҳл қилиб, болаларини калтаклайди, бошқаси эса мусофирчиликдаги эрига пўписа қилиб, болаларини қўрқитади. Статистикага қарайдиган бўлсак, охирги 3 йилда 2 072 нафар шахс судлар томонидан ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган, шундан 1 777 нафари ёки 86 фоизи ота-оналик мажбуриятларини бажаришдан бош тортганлиги учун бўлса, қолганлари ота-оналик ҳуқуқини суиистеъмол қилганлиги, болаларга нисбатан шафқатсиз муомалада бўлганлиги, куч ишлатганлиги ёки руҳий таъсир кўрсатганлигидандир. Аслини олганда, болага қилинган зўравонлик учун шунчаки ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши бу енгил жазо.

“Оилавий зўравонлик ҳолатлари кўпайиб бораётгани даҳшатли. Тасаввур қилинг, жорий йилнинг тўққиз ойида қариндошлар, жумладан, яқинлар томонидан болаларга нисбатан 166 та зўравонлик ҳолатлари қайд этилган. Афсуски, ҳатто расмий статистика ҳам объектив объектив баҳолашга имкон бермайди. Ҳақиқат бундан ҳам баттар”, — дейди президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева.

Мактаблардаги ўқитувчилар ҳам бу рўйхатда анчагина юқори поғоналарда. Болаларни мактабга олиб бораётганда ота-она “эти сизники, суяги бизники” деб олиб боради. Мактабда эса “устоз отангдек улуғ” деган мақоллар билан тарбияланди. Бу ёқда эса ўқитувчилар сол-сол олиб ўқувчиларни калтаклайди. Бир томондан болалардаги ҳуқуқий саводхонлик ҳам бунга тўсқинлик қила олади. Ҳуқуқ фани 8-синфдан киришни бошлар экан. Бу пайтгача боланинг онги шаклланиб, ташқи босимлар билан ўз ҳуқуқларини талаб қилмайдиган даражага келиб қолади. Мактабгача таълим масканларида болаларни калтаклаётган тарбияланувчилар эса умуман бошқа масала.

“Маҳалла-кўй қаёққа қараяпти”

Албатта, Ўзбекистон Республикасининг жиноят кодексида вояга етмаганларга нисбатан зўравонликларга керакли жавобгарликлар бор. Лекин, бу борадаги жиноятлар тобора ортиб бораётгани сабабли октябрь ойида “Болаларни зўравонликларнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокамага қўйилди. Қонунга кўра болаларнинг барча турдаги ҳуқуқлари ва уларни ҳимоя қилувчи барча ташкилотлар келтириб ўтилган. Лойиҳа 5 боб, 49 та моддадан иборат бўлиб, ушбу қонун Франция, Франция, Дания, Сингапур, БАА , Венгрия, Болгария, Албания, Филиппин, Грузия давлатлари тажрибасини ўрганган ҳолда ишлаб чиқилди. Ҳужжатда бундан ташқари болаларга қилинадиган зўравонлик шакллари ҳамда уларга бериладиган жазоларнинг мезонлари ҳам белгилаб қўйилган. Қонун лойиҳасининг 6-моддасида эса жабрланган болаларнинг бир неча ҳуқуқлари кўрсатиб ўтилган. Унга кўра жабрланувчи қуйидаги ҳуқуқларга эга:

- зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимояга эга бўлиш;

- ўзига нисбатан зўравонлик содир этилганлиги ёки содир этиш таҳдиди тўғрисидаги ариза билан бевосита ўзи ёки қонуний вакили орқали тегишли давлат органларига ҳамда ташкилотларга ёхуд судга мурожаат этиш;

- текин ҳуқуқий, иқтисодий, ижтимоий, психологик, тиббий ва бошқа ёрдам олиш, шунингдек бепул телефон линияси орқали тақдим этиладиган маслаҳатлардан фойдаланиш;

- ҳимоя ордери бериш тўғрисидаги талаб билан мурожаат қилиш, ҳимоя ордери шартлари бузилган тақдирда эса, тегишли давлат органларини бу ҳақда хабардор қилиш;

- содир этилган зўравонлик натижасида ўзига етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланишини ҳамда маънавий компенсация компенсация қилинишини талаб қилиш.

Зўравонликдан жабрланувчи қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

- Боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш унинг ота-онаси, ота-онасининг ўрнини босувчи шахслар, қонунда назарда тутилган ҳолларда эса васийлик ва ҳомийлик органи, прокурор, суд томонидан амалга оширилади.

- Зўравонликдан жабрланувчи ва унинг қонуний вакили етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаш ҳамда маънавий компенсация компенсация қилиш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат этганда давлат божи тўлашдан озод қилинади.

Шаҳноза Мирзиёева “Зўравонлик қурбони бўлган болалар, одатда, зўравонликка дучор бўлганликлари ҳақида хабар бермайдилар. Кўпинча улар қўрқув, уят ҳисси ёки оилага садоқат туйғуси сабаб содир бўлган ҳолат ҳақида индамайди. Айниқса, зўравон болага энг яқин одамлардан бири бўлса.” — деган фикрларни таъкидлаб ўтган.

Статистикага, албатта, очиқланган жиноятлар киритилади. Лекин, ўйлаб кўринг, юқорида таъкидланганидек, очилмай қолинган жиноятлар, болаларга қилинган зўравонликлар қанча. Агар, қонун амалда тасдиқланса, бунга ўхшаш жиноятларнинг олди олиниши, очиқланмай қолинганлар сони ҳам анча қисқариши кўзда тутилган.

Барчамиз инсонмиз, ҳамманинг ўз ҳуқуқлари ва эркинликлари мавжуд. Агар, бу юзасидан чора-тадбирлар кўрилмаса, вояга етмаганларга нисбатан зўравонликлар тобора илдиз отиб бораверади. Ҳар бир инсон бундай ҳолатларга дуч келса, ёки шундай хабар ўқиса, бунга муносабат билдириши жуда муҳим. Вояга етмаганларга нисбатан зўравонликлар қачондир барҳам топиши керак. Болаларни севиш, уларни жамиятнинг бир қисми деб билиш бу инсонийликнинг омилидир.