$
 12820.47
5.69
 13470.47
27.77
 122.26
-1.24
weather
+26
Кечаси   +14°

Ўзсаноатқурилишбанк CAFI сертификатини қўлга киритди

Халқаро молия корпорацияси томонидан Ўзсаноатқурилишбанкка яшил лойиҳаларни молиялаштиришдаги фаолияти учун икки тоифадаги сертификат тақдим этилди. Унда банкнинг Яқин Шарқ ва Марказий Осиё минтақасидаги молия муассасалари орасида етакчи эканлиги эътироф этилган.

Ўзсаноатқурилишбанк томонидан мамлакатимиз миқёсида “яшил” иқтисодиётга ўтиш бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар фаол қўллаб-қувватланмоқда.

Халқаро молия корпорацияси (ХМК) билан ҳамкорликдаги трансформация жараёнида бу борада аниқ механизм яратилган. Хусусан, “Экологик ва ижтимоий хавфларни бошқариш тизимини ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар режаси” ишлаб чиқилган. “Яшил бозор” тадқиқ қилинган. Корпоратив ва улгуржи, кичик ва ўрта бизнес тоифасидаги мижозлар учун яшил молиявий маҳсулотлар ишлаб чиқилган.

Сўнгги йилларда Банк халқаро экспертлар тавсияларига кўра, яшил лойиҳаларни баҳолашда ХМК томонидан ишга туширилган CAFI (Climate Assessment for Financial Institutions – Молиявий институтлар учун иқлим ўзгаришини баҳолаш) платформасидан самарали фойдаланиб келмоқда.

Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида муассаса томонидан ушбу дастур ёрдамида баҳоланган қиймати 101,2 млн. АҚШ долларига тенг лойиҳалар молиялаштирилди. Бу билан атроф-муҳитга тарқаладиган иссиқхона газлари 39,8 минг тоннага қисқартирилди.

ХМК томонидан CAFI дастури бўйича тақдим этилган сертификатда Ўзсаноатқурилишбанкнинг ушбу йўналишдаги фаолияти икки тоифага бўлинган ҳолда эътироф этилди:

– “Энг кўп миқдорда яшил кредитлар ажратиш”;

– “Энг кўп миқдорда иссиқхона газлари чиқиндисини камайтириш”.

Қайд этиш лозимки, CAFI молиявий институтлар учун иқлим ўзгаришларини баҳолаш платформаси ҳисобланиб, унда Халқаро молия корпорациясига ҳамкор молия институтларининг иқлим ўзгаришига қарши курашдаги фаолияти ҳамда улар томонидан молиялаштирилган лойиҳаларнинг ривожланиши ва атроф-муҳитга таъсири ўрганилади.

Бунда ҳар бир йўналиш (тоифа) бўйича алоҳида мезонлар белгиланган бўлиб, у ўз ичига иқлим ўзгаришларига мослашиш, “яшил” бинолар, қайта тикланувчи энергия манбалари, транспорт, сув ва энегия самарадорлиги кабиларни олади.

Бугунги кунда платформадан 50 дан ортиқ мамлакатлардаги 144 та молия институти фойдаланиб келмоқда.

Маълумот учун. Ўзсаноатқурилишбанкнинг яшил лойиҳаларни молиялаштириш фаолияти нафақат ҳукуматимиз, балки жаҳон ҳамжамияти томонидан ҳам юқори баҳоланмоқда.

Европа Тикланиш ва тараққиёт банкининг “Яшил молиялаштириш йўналишидаги энг яхши лойиҳа” совринига икки марта эришгани, «Яшил молия» маркази (Қозоғистон) томонидан “Энг яхши яшил инвестициявий банки” сифатида рағбатлантирилгани бунга мисол бўла олади.

Реклама ҳуқуқи асосида