$
 12697.00
2.04
 13547.70
38.99
 135.05
0.39
weather
+26
Кечаси   +14°

Бухоро шаҳар прокурори Жасур Фозиловга “ҳайфсан” берилди

Бухоро шаҳар прокурори Жасур Фозиловга “ҳайфсан” берилди

Сўнгги кунларда Бухоро шаҳар прокурори Жасур Фозиловнинг видеомурожаати кенг муҳокамаларга сабаб бўляпти. Бош прокуратура матбуот хизмати эълон қилган расмий баёнотда ёзилишича, Бош прокурорнинг 21.12.2020 йилдаги буйруғи билан Бухоро шаҳар прокурори Ж.Фозиловга “Ҳайфсан” интизомий жазоси қўлланилган.

Аввалроқ, Бош прокуратура томонидан Бухоро шаҳридаги тадбиркорнинг Бухоро шаҳар прокурори Ж.Фозиловнинг хатти-ҳаракатларидан норози бўлиб ёзган аризаси юзасидан хизмат текшируви ўтказилаётганлиги ҳақида расмий баёнот берилганди.

Текширувнинг холисона ва адолатли ўтказилишини таъминлаш, иш ҳолатларига тўлиқ ойдинлик киритиш, ҳар қандай аралашув ва таъсирларнинг олдини олиш мақсадида Бухоро шаҳар прокурори Ж.Фозилов 2020 йил 2 декабрь куни хизмат вазифаларини бажаришдан вақтинча четлаштирилганди.

Хизмат текшируви якунланганлиги муносабати билан Бош прокурорнинг буйруғига асосан Ж.Фозилов жорий йил 19 декабрдан хизмат вазифаларини бажаришга киришди.

Хизмат текширувида Ж.Фозилов ўз хизмат вазифаларини лозим даражада бажармасдан, масъулиятсизликка йўл қўйиб, ўзи раҳбарлик қилаётган прокуратура иш юритувида бўлган жиноят ишининг тергови устидан назоратни таъминламаганлиги, амалдаги қонунчилик билан муқобил текширувлар бекор қилинган бўлса-да, жиноят ишига алоқаси бўлмаган хўжалик юритувчи субъектлар мансабдор шахсларини терговга жалб қилиб, сўроқ қилиш орқали муқобил текшириш, шунингдек, асоссиз равишда тадбиркорни чақиртириш ва мажбурий келтириш ҳақида қўл остидаги терговчига топшириқ берганлиги аниқланди.

“Шуларга кўра, Бош прокурорнинг 21.12.2020 йилдаги буйруғи билан Бухоро шаҳар прокурори Ж.Фозиловга “Ҳайфсан” интизомий жазоси қўлланилди”, дейилади баёнотда.

Теги :
Жамият