$
 12844.21
-11.72
 13508.26
-62.46
 127.35
-0.81
weather
+26
Кечаси   +14°

Ботулизм ўлим билан тугаши мумкин...

ботулизм

Охирги вақтларда Республикамизнинг аксарият шаҳар ва туманларида аҳоли орасида овқатдан заҳарланишнинг энг оғир тури, жумладан “Ботулизм” касаллиги учраб турмоқда. Санитария-эпидемиология қўмитаси ботулизм, ҳаттоки, ўлим билан тугаши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.

Ҳолат юзага келиши оқибатида жабрланганлар ўз вақтида тиббий ёрдамга мурожаат этмаслиги ушбу касалликнинг оғир кечиши, ўлим билан тугаши ҳатто ёш болалар ўртасида қайд этилмоқда.

Касаллик қандай ривожланади?

Ботулизм касаллигини чақирувчи микроблар кўпинча сабзавотлар, қўзиқорин, гўшт ва балиқ маҳсулотларидан тайёрлаш технологиясига риоя этмасдан уй шароитида тайёрланган, сифациз консерва маҳсулотларида кўпайиб, уларни инсон истеъмол қилганида, жароҳатланган тери ёки оғзига солганида касаллик ривожланиши мумкин.

Юқумлими?

Озиқ-овқат маҳсулотларига ботулизм қўзғатувчилари турли йўллар билан ўтади. Масалан гўштга – ҳайвон сўйилаётганда, нимталанаётганда, балиқларга эса қопламаларидан ёки ичакларидан тушиши мумкин. Баъзи ҳолларда ботулизм тузланган балиқлар орқали тарқалиши мумкин.

Сабзавот, мевалар ва қўзиқоринларга ботулизм қўзғатувчиларини споралари асосан тупроқдан ўтади. Ботулизм қўзғатувчилари ташқи муҳитга ўта чидамли бўлиб, 100 ҳароратда 6 соат, 120 градусда эса 10 дақиқагача тирик бўлади.

Ботулизм қўзғатувчилари қайси маҳсулотларда яхши ривожланади?

Ботулизм споралари қулай шароитга тушиб қолганда, кўпайиб ўзидан токсин ажратиб чиқаради. Спораларни кўпайиши ва ўзидан токсин ажратиб чиқариши учун кислородсиз муҳит қулай ҳисобланади. Шу сабабли, ботулизм қўзғатувчилари консерваланган маҳсулотларда, ветчина, колбаса ва балиқларда яхши ривожланади.

Спораларни ривожланиши учун 22-37 даража энг қулай ҳисобланади. 14 ҳароратдан паст даражада, 10 фоизли ош тузи эритмасида ва 55 фоиздан юқори шакарли муҳитда токсин ишлаб чиқариши тўхтайди.

Касаллик белгилари

Ботулизм таёқчасининг ишлаб чиқарган заҳари қонга тез сўрилади ва жуда кучли таъсир қилади. Касалликнинг яширин даври 2 соатдан 8-10 кунгача, ҳатто 21 кунгача чўзилиши мумкин.

Ботулизм касаллигида марказий нерв тизими зарарланиши белгилари кузатилади. Ботулизм токсинлари билан зарарланган озиқ-овқатларни истеъмол қилгандан кейин 2-3 соат ичида, баъзи ҳолларда эса, бир суткадан кейин, заҳарланган кишининг ошқозони беҳузур бўлиб, қайд қилади. Бош қаттиқ оғрийди, оғиз бўшлиғи ва томоқ йўллари қурийди. Кўзи хиралашиб, нарсалар қўшалоқ бўлиб кўринади (диплопия), қовоқлари тушиб кетади (птоз), бемор ютинишга, чайнашга қийналади.

Ботулинотоксинга асаб тизими, айниқса, кучли сезгир бўлганлиги учун, менингиал симптомлар кузатилади. Нафас олиш, ютиш ва юрак уриш рефлексларининг бузилиши оқибатида ўлим ҳолатлари кузатилади.

Биринчи ёрдам

Ботулизм касаллигида шифокор келгунга қадар беморга кўп миқдорда суюқлик бериш тавсия қилинади. Бу эса, ошқозон-ичак йўлида микробларнинг заҳарли таъсирини бир мунча пасайтиради. Унга қарши зардоб беморга фақатгина шифохона шароитида қилинади. 

Энг кўп тарқалган турлар

Ҳозирда ботулизм қўзғатувчиларининг 6 та: А, B, C, D, Е, R турлари аниқланган бўлиб, энг кўп тарқалган турлари А, B, Е ҳисобланади. Даволашда специфик ботулизм токсинларини нейтрализация қилувчи анатоксинлардан фойдаланилади. Энг кучли токсин А, энг кучсиз эса С тури ҳисобланади.