$
 12829.07
-15.14
 13344.80
-163.46
 124.91
-2.44
weather
+26
Кечаси   +14°

Имтиёзлар аслида ким учун ишлаяпти: бойлар ёки камбағаллар?

Ўзбекистонда сўнгги 9 ойда 769,1 минг тонна бензин ишлаб чиқарилди

Бундан бир ярим ой аввал сайтимизга энергия соҳасидаги ижтимоий адолатсизликлар ҳақида мақола жойланган эди. Эндиликда эътиборингизга яна бир шунга ўхшаш ижтимоий адолатсизликларни ҳавола қилмоқчимиз. Ҳа, ҳар доимгидек халқ жабрланувчи ролида.

“Аномал” имтиёзлар

2022 йилнинг 10 декабридан бошлаб газ тақчиллигини юмшатиш мақсадида AI-80 русумли автобензин учун акциз солиғини “ноль” ставкада қўллаш эълон қилиниб, амал қилиш муддати 2023 йилнинг 1 мартига якунига етиши керак эди. Кейинчалик ушбу имтиёз 2023 йил 31 декабргача узайтирилганди.

Ҳавога учган “ноль” ставка 

2022 йил декабрь ойи бошида Ўзбекистонда AI-80 бензин 6800 сўм атрофида сотилган. Аввалига акциз солиғининг ноллашгани ва маъмурий таъсир чоралари туфайли 80 бензин 5500 сўмдан сотилди. Лекин уч ойлик вақт оралиғида нархлар аввал 5700 сўмгача, кейин "импорт бензин бу" деган ёрлиқ билан 6000 сўмгача, яна маълум муддат ўтгач 6400 сўмгача ва ўн ойдан сўнг 6800 сўмгача кўтарилади. Яъни, 10 ой ичида AI-80 бензин 24%га қимматлади, акцизнинг ноллаштирилиши эффекти баҳор тугамасидан фойдасизга чиқиб қолди. 

Халқ ютиши учун қилинган “ўйин”да ютқазди

Аввалроқ иқтисодчи блогер Отабек Бакиров вазиятни олдиндан кўра билган ҳолда, қуйидагич пост қолдирганди: “2022 йил якунлари бўйича нефть маҳсулотларидан 576,6 млрд.сўм, охирги истеъмолчига реализация қилишдан 3 387,9 млрд.сўм акциз солиғи йиғилган. Бюджет параметрларига кўра 1 февралдан 10%га индексациялангани, шунингдек, импорт, ишлаб чиқаришдаги ҳамда якуний истеъмолчига сотишдаги асосий бензин АИ-80 экани назарда тутилса, йил охиригача ноллаштириш қиймати бюджет учун 4 трлн.сўмдан кўпроққа айланиши мумкин”. Амалда вазият росмана шу аҳволга келиб қолган. Шунингдек бу ойга қадар Аи-92 бензиннинг ўзи охирги 2 ойда 36%га қимматлаган бўлса, 95 ва ундан юқори маркали импорт бензин нархлари йил бошидан ҳисоблаганда 40% атрофида кўтарилган. 

“Концерт” тамом

Йил бошида хусусий бензин шохобчаларидаги AI-80нинг нархи айни кунда 8 000 сўмдан бошланиб, 8800 сўмгача бўлган нархда сотилаётгани ва Ўзбекнефтегаз шохобчаларида AI-80 бензинининг литри 6 800 сўмдан сотилаётгани ҳақида хабар берган эдик. Сабаби, импорт қилинадиган, маҳаллий корхоналар томонидан ишлаб чиқариладиган ва тадбиркорлик субъектлари томонидан якуний истеъмолчиларга сотиладиган AI-80 русумли автобензин маҳсулоти учун, истисно тариқасида, акциз солиғини “ноль” ставкада қўллашнинг амал қилиш муддати ўз якунига етган.

Эски услуб қайтмоқда

Маълум бўлишича, 1 апрелдан бошлаб ўртаҳол, яна ҳам аниқроқ қилиб айтганда мамлакатимиз аҳолисининг асосий қисми фойдаланувчи бензинига кўпроқ, бойлар ва амалдорлар фойдаланувчи юқори октанли бензин турига камроқ солиқ солиш “методикаси” яна қайтмоқда. Демак, апрель ойидан бошлаб 80 бензин учун акциз солиғи тоннасига 303 минг сўмдан 340 минг сўмга етказилса, 91 ва ундан юқори октанли бензинга акциз солиғи ўзгаришсиз, 303 минг сўм даражасида қолади. Шунингдек, Якуний истеъмолчига реализация қилишда солиқ 80 бензин бўйича тоннасига 565 минг сўмдан 633 минг сўмгача оширилади. 91 ва ундан юқори октанли бензин учун солиқ тоннасига 565 минг сўм даражасида, яъни ўзгаришсиз қолдирилади. 

Экологик рағбат ёки ижтимоий адолатсизлик?

Шу ўринда яна эксперт хулосасига таянишни маъқул деб топдик. “Сиз айтишингиз мумкин, буларнинг ҳаммаси импортчи ва ишлаб чиқарувчиларни шиптир 80 дан воз кечиб, экологик тозароқ бензинга ўтишга рағбат бериш учун деб. Янглишасиз, агар шундай бўлганида, 91 бензиндан кўра экологик тозароқ ҳисобланган суюлтирилган газ ва сиқилган газ учун истеъмол солиғини оширишмаган бўларди. Биринчиси бўйича солиқ тоннасига 807,5 минг сўмдан 904 минг сўмгача, иккинчисида кубига 605 сўмдан 678 сўмга оширилмоқда.”, — деб вазиятга муносабат билдиради иқтисодчи блогер.

Қизиқарли савол

Куни кеча “Uzbekneftgaz” АЖ ахборот хизмати раҳбари Мўмин Ибодов телеканаллардан бирининг мухбирига берган интервьюси эфир юзини кўрди. Унда Ибодов бензин нархи ошмагани, лекин солиқ имтиёзи бекор бўлгани ва амалда бўлиб келган имтиёз натижасида бюджет 1,2 трлн сўм зарар кўрганини таъкидлаган. Ушбу сўзларга нисбатан ЎзЛиДеПнинг собиқ депутати Расул Кушербаев ўз блогида халқ арзон бензин олиши учун берилган имтиёз туфайли давлат бюджети 1.2 трлн сўм зарар кўргани, амма бу иш амалда маълум вақт бензин нархини кескин ошиб кетиши ҳамда одамларнинг норозилигига олиб келмаганини иддао қиларкан, энди, худди, шу ёндашувдан келиб чиқиб, UzAvto Motors'га берилаётган имтиёзларга ҳам қарасак, уларга берилаётган имтиёзлар туфайли давлат бюджети ҳар йили қанча зарар кўрмоқда, халқ бу йўқотишлардан манфаат кўрмоқдами?, деган саволни ўртага ташлади. “Халқ манфаат кўрган бензин масаласида бюджет йўқотишлари ошкор қилинган экан, нега монополистга берилаётган имтиёзлар туфайли бюджетдаги йўқотишлар ҳам шундай очиқланмаяпти?”, дея постини якунлаган Кушербаев.

”Сизга нима, сиз ухланг...”

Яна бир муносабат Отабек Бакиров томонидан бўлди. Иқтисодчи “Нимагадир ўзбек чиновниклари доим халқнинг хотираси қисқа ва бемалол алдашимиз мумкин, деб ўйлашади”, — деб ёзар экан, бюджет йўқотган 1,2 трлн.сўм халқнинг фойдасига эмас, 80 бензиннинг ҳар литридан 550 сўмдан қўшимча даромад олган “Uzbekneftgaz” АЖ ва ҳар литрдан 1500 сўмгача суперрента олган ва импортни ўзаро тақсимлаб олган хусусий ташкилотлар чўнтагига бориб тушганлигини таъкидлади. Шунингдек, имтиёз муддатининг узайтирилиши халқнинг эмас, монополист ва олигархларнинг мазахўраклигига хизмат қилганини қўшимча қилди. Юқорида келтирилган остсарлавҳанинг мақоламизнинг бу қисмига ҳеч “алоқаси йўқ”. Бу, шунчаки, эркинликда хаёлотга келган бирнима.