$
 12829.07
-15.14
 13344.80
-163.46
 124.91
-2.44
weather
+26
Кечаси   +14°

Электр тўсиқлар ортида қолаётган ижтимоий адолат

elektr

Ўзбекистонда ҳар ёз ва қиш фаслида электр энергияси мавзуси актуаллашади. Аҳолиниг электр қувватига бўлган эҳтиёжи кескин ортади. Ёзда совутиш, қишда иситиш мақсадида. Кимдир иссиққина уйида қайноқ чойдан ҳўплаб, телевизор қаршисида ўтирар экан, яна кимдир худди шу вақтда таппи ёқиб, шам ёруғида овқатланишга мажбур. Хўш, нима сабабдан ҳалигача бу муаммолар ўз актуаллигини йўқотмаяпти?

Бойларни бой қиламиз

Ўзбекистонда 7 миллион 589 мингта электр энергиясини истеъмол қилувчи абонент мавжуд. Улар бир йил давомид 20 миллиард 71 миллион kW/h электр энергияси истеъмол қилади. Аҳолининг 74,9% қисми умумий энергиянинг 5 млрд. 163 млн. kW/h ини истеъмол қилади. Бу энергиянинг 25,7%. Парадоксни қарангки, қолган роса 25% одам, энергиянинг 74,3 фоизини, яъни 14 млрд. 387 млн. kW/h ини сарфлайди.

Ажабланарлиси, абонентлардан 4000 тасига энергиянинг 1 млрд. 491 млн kW/h улуши тўғри келмоқда. Тушунарлироқ бўлиши учун, жами абонентларнинг 0,1 % дан камроқ қисмига йиллик энергиянинг 7,4% қисми тўғри келмоқда. Юртимизда шу вақтгача барча учун электр энергияси нархи 1 киловатт учун 295 сўмни ташкил қилган. Маҳсулот таннархи эса 800 сўм эди. Давлат истеъмолчиларга ҳар бир киловатт учун 505 сўм субсидя ажратган. Юқорида келтирганимиз, истеъмол ҳажми бир ойда 200 kW/h гача бўлган абонентларнинг асосий, 74,9 фоиз қисмининг ҳар бири бир ой учун давлатдан 101 минг сўм субсидия олади. Бу бир йил учун 1 млн. 212 минг сўм дегани. Истеъмол ҳажми 10000 kW/h бўлган 4000 та абонент эса 5 млн 50 минг сўм субсидия олади. Бу бир йил учун 60 млн 600 минг сўм дегани. Ҳали ҳам бу энг кам сонларда таҳмин қилингани. Даҳшатли кўрсаткичлар, а? Ойига бу даражада юқори электр ишлатувчи шундоқ ҳам шартли "бой", етмаганига давлатдан миллионлаб субсидия олиши қанчалик нормал ҳолат? Одатда, ўзи шундоқ ҳам молиявий аҳволи ёмонроқ бўлган абонент, иложи борича электрни иқтисод қилишга ҳаракат қилади. Молиявий эркин бўлган шахс эса, табиийки, кўпинча бундай "майда" суммалар учун бош оғритиб ўтирмайди. 

Эндиликда, жорий йилнинг 1 ноябридан бошлаб, электр энергиясининг қуввати ўртача ойлик истеъмол миқдоридан ошиб кетган истеъмолчиларига:

1001 kW/h дан 5000 kW/h гача истеъмол учун белгиланган тарифга нисбатан 2 баробар;

5001 kW/h дан 10 000 kW/h гача истеъмол учун белгиланган тарифга нисбатан 3 баробар;

10 000 kWhдан юқори истеъмол учун белгиланган тарифга нисбатан 4 баробар ўсувчи коэффициент қўлланилиши тасдиқланган.

Босим остида қолган тизим

Энди юқоридаги саволга жавоб излашга ҳаракат қиламиз. Нима учун Ўзбекистондаги электр энергиянинг энг кўп қисмини ишлаб чиқарувчи вилоят ёки айни электростанциянинг ёнгинасида истиқомат қила туриб, тез-тез электрдаги узулишларга дуч келиш мумкин? Сабаб шундаки, юртимиздаги электр ускуналарининг 40% дан ортиғи эскирган. Маслан, электр узатиш тармоқларининг 46 фоизи, подстанцияларнинг 51 фоизи, трансформатор пунктларининг ҳар 100 тадан 36 таси яроқсиз ҳолга келиб бўлган. Мамлакат ҳудудидаги мавжуд электр симларининг 40 фоизи 40 йилдан ортиқ вақт давомида ишлатилиб келинган. Умуман олганда, сизнинг уйингизга "нур" кириб келишига сабаб бўлувчи ҳар қандай техниканинг тенг ярми эскириб, ўз муддатини ўтаб бўлган. Ва айни дамда ўзи мўлжалланган ишидан ортиғини бажариб, босим билан ишлаб келмоқда. Бу, таҳминан, 4 тонналик юк олувчи машинага 10 тонна юк ортиш ёки 4 кишилик машинага 10 кишини чиқариб олиш билан баробар.

Келажакка умид

Жорий йилда бизнес учун энергетика тарифлари таннархга яқинлаштирилгани ҳисобига, 2024 йилда энергетика субсидиялари камайиши кутилмоқда. Электр энергияси нархларидаги тафовут учун субсидиялар 2024, 2025 ва 2026 йилларда бир хил — 2,5 трлн. сўмни ташкил этиши прогноз қилинган. Бу 2017 йилги 5,6 миллиард, 2018 йилги 9 миллиард ва 2020 йилги 3,8 миллиард доллардан камлигини, албатта, эътироф этиш керак. Кўплаб иқтисодчилар ва соҳа мутахассислари фикрига кўра, субсидияларни кескин қисқартириб бориш ва улардан воз кечиш мақсадга мувофиқдир. Бу суммалар эвазига моддий техник баъзани модернизациялаш ҳамда электр токи етиб бормаган ҳудудларни электр билан босқичма-босқич таъминлаш ишлари олиб борилиши мумкин.