$
 12149.84
7.74
 14003.91
-76.07
 151.10
0.57
weather
+26
Кечаси   +14°

Байроқбозлик буйруқбозлик натижаси эмасми?

b 1 31

Давлат рамзи ҳисобланган Ўзбекистон Республикаси байроғидан фойдаланишнинг ўзига хос тартиб-таомиллари ҳақида қонунчиликда белгилаб қўйилган. Ўтган йили эса давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги қонунга бир қанча ўзгартиришлар киритилди. Мазкур ўзгаришлар эса бугунги кунга келиб бир неча челленжларга сабаб бўлмоқда.

Ҳоким бошлаган челленж

Илгари Давлат байроғи фақат давлат идора ва ташкилотларида фойдаланиш мумкин эди. Мазкур қонундаги ўзгаришлардан кейин, давлат байроғидан фойдаланиш ҳуқуқи бериладиган жойларга қўшимчалар киритилди. Унга кўра, барча учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғига нисбатан ҳурматни таъминлаган ҳолда, ундан жамоат жойларида, бинолар ва бошқа обектларда, яшаш ёки иш жойларида, шунингдек уларга туташ бўлган ҳудудларда, транспорт воситаларининг салонида фойдаланилиш ваколати берилди. 

Бугун эса ижтимоий тармоқларда уйларга илинган байроқлар расмлари кенг тарқалди. Маълум бўлишича, мазкур байроқлар илинган уйлар тасвири Навоий вилоятидан олинган. Унга кўра, бу ташаббусни вилоят ҳокими Нормат Турсунов бошлаб берган. Кейин эса маънавий-маърифий соҳа вакиллари, корхона, ташкилот, муассаса раҳбарлари ўз яшаш хонадонларига Давлат байроғини илган.

“Х”даги нолалар

Шунингдек, 28 январ куни “давлетовуз” тахаллуси билан фаолият юритадиган блогер Қобил Хидиров ўзининг “Х” тармоғидаги саҳифасига Лондондаги элчихонада илинган Ўзбекистон байроғининг йиртилган фотосуратни жойлаб, тагига байроқни янгилаб қўйиш кераклиги ҳақида шарҳ ёзди. Ушбу постдан кейин унинг изоҳларига бунга ўхшаш расмлар “ёмғири” ёғди. 

Шундан кейин ушбу муаммо челленжга айланиб улгурди. Ачинарлиси бу каби муаммолар мамлакатимизда ҳам кўплаб учрашига гувоҳ бўлишингиз мумкин. Масалан, пойтахт кўчаларининг марказий жойларидан биридаги флагштокка илинган байроқнинг ҳам йиртиқлиги тармоққа жойланди. Шунингдек, марказлар буёқда турсин, илиниши мажбурий бўлган Тупроққалъа туманининг ҳокимият биноси олдидаги байроқни ҳам йиртиқ тургани тасвири ҳам “Х” тармоғига жойланган. 

Осмонўпар байроқлар

Мамлакатдаги исталган йирик шаҳарларда флагштокларни кўриш мумкин. Булардан энг баланди эса, албатта пойтахтда жойлашган. Унга кўра, Тошкентдаги байроқнинг баландлиги 65 метрга тенг. Ундан кейинги навбатда Андижон шаҳридаги 64 метрли флагшток туради. Бухорода эса 60 метрли, Қаршида 50, Деҳқонобод туманида 40 метрли байроқ ўрнатилган. Шунингдек, 35 метрли байроқ Наманган шаҳри ва Қоракўл туманларига ҳам ўрнатилган. Самарқанд шаҳрида ўрнатилган байроқ баландлиги эса 30 метрни ташкил қилади.

Ҳурматсизлик қилганинг жазоси муқаррар

Қонунчиликка асосан, давлат рамзларига ҳурмацизлик қилиш, ундан турли хил тижорий мақсадларда фойдаланиш, қонун бузилишига қараб жавобгарликка тортилади. Унга кўра, давлат байроғи, герби ёхуд мадҳияси тўғрисидаги қонунчиликни бузиш фуқароларга БҲМнинг 3 бараваригача (900 минг сўмгача), мансабдор шахсларга 3 бараваридан 7 бараваригача (900 минг сўмдан 2,1 млн сўмгача) миқдорда жаримага тортилади. Агар ушбу қонунбузарлик такроран содир этилса, фуқароларга БҲМнинг 3 бараваридан 5 бараваригача (900 минг сўмдан 1,5 млн сўмгача), мансабдор шахсларга 7 бараваридан 10 бараваригача (2,1 млн сўмдан 3 млн сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Шунингдек, Давлат байроғи, герби ёхуд мадҳиясига ҳурмацизлик қилиш БҲМнинг 25 бараваригача (7,5 млн сўмгача) миқдорда жарима ёки 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

Бунга мисол қилиб яқинда содир бўлган воқеани келтириш мумкин. Унда фуқаро давлат байроғидан “Лабо” юк машинасига ортилган юкларни ёпишда фойдаланган. Шундан кейин, машина ҳайдовчисига нисбатан иш очилган. Тегишли маъмурий иш Жиноят ишлари бўйича Шаҳрихон туман судида кўриб чиқилган ва ҳайдовчи Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 203-1-моддаси (давлат рамзлари тўғрисидаги қонунчиликни бузиш) 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилган. Унга базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 баравари (1 миллион 20 минг сўм) миқдорида жарима жазоси қўлланган.