$
 12689.97
-15.03
 13557.96
14.43
 137.20
1.09
weather
+26
Кечаси   +14°

Азиса Раджабова (Azisa Radjabova)

aizsa

Ҳозирги кунда сериаллардаги роллари, куйлаган қўшиқлари ҳамда, ижтимоий тармоқлардаги чиройли, дардли шеърлари билан мухлислар эътиборига тушган ёш актриса, хонанда, модель ва бошловчи Азиса Раджабова кино оламига қандай кириб келганлиги, кўпчиликни қизиқтириши шубҳасиз.

Бу истеъдодли ёш актриса ўзининг илк ролини “Кўча” сериалида ижро қилган. Бош қаҳрамоннинг синглиси эркатой характерли Лайло ролини ёш актриса маромига етказиб ишонарли тарзда талқин этган. Сериал продюсери, режиссёри ва бош роль ижрочиси Азамат Аҳроров. Бу сериалдаги сингил роли Азиза Раджабованинг кино оламига қўйган илк қадамлари бўлган. “Хоразм маликаси” танлови ғолибаси бўлган Азиса Раджабова, бунгача 30 дан ортиқ клиплари ва Хоразмнинг ҚВЗ Дипломат жамоаси концертларидаги чиқишлари билан, томошабинлар эътиборини қозонишга улгурганлиги учун ҳам, кўпчилик уни кинолар ва сериалларда ҳам роль ижро қилишини ҳам кутганлиги шубҳасиз.

Илк ролидан сўнг, Азиса Раджабовани “Дайди қизнинг дафтари” сериалидаги ролга таклиф қилишган. Сериал продюсери Дониёр Агзамов, режиссёрлар Умид Ҳусанов, Руслан Яров. Азиса Раджабова бу сериалда Робия ролини ижро қилган. Унинг қаҳрамони зиёли ва тарбияли оиланинг қизи бўлиб, бир дунё орзу-умидлар билан турмушга чиқади. Сўнг, эри ичкиликка ружу қўйганлиги учун, ажрашиб ота уйига қайтади. Актриса Робиянинг дарди, кечинмаларини ўзидан ўтказиб, таъсирли ижро қилган. Бир сўз билан айтганда ўз қаҳрамони характерини томошабинларга етарлича очиб бера олган. Томошабинлар сериални кўриш давомида уни Робия деб қабул қилиб, унинг тақдири учун қайғуришади. Сериал якунида Робиянинг эри ичкиликдан даволанади ва у билан ярашади. Азиза сериалдаги энг қийин саҳналарни ҳам, жону дилидан ижро қилишга интилган бўлиб, бу унинг актриса сифатида ўз устида тинимсиз ишлашидан далолатдир.

Азиса Раджабованинг маҳорати ва интилишларини кўрган сериал продюсери Дониёр Агзамов уни янги лойиҳа “Қил устидаги тақдир” сериалида бош ролга таклиф этган. Ҳозирда мазкур сериалнинг суратга олиш жараёнлари ўз якунига етган бўлиб, тез кунларда Телеканаллардан бирида намойиш қилиниши кутилмоқда.

Шубҳасиз, бу сериал актриса Азиса Раджабованинг ижодий фаолиятида туб бурилиш ясайди. Чунки, ундаги роли актрисанинг бошқа ролларидан фарқ қилиши билан бирга, бош роллиги туфайли, унга катта масъулият юклаган. Демак, тез кунларда томошабинлар актриса Азиса Раджабовани янги сериалда, бутунлай бошқача бир образда кўришади.