$
 12829.07
-15.14
 13344.80
-163.46
 124.91
-2.44
weather
+26
Кечаси   +14°

Ўзбекистон ТИВ озар-арман можароси бўйича баёнот билан чиқди

Ўзбекистон озар-арман можароси бўйича баёнот билан чиқди

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Озарбайжон ва Арманистонни зудлик билан ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш ва можарони суверенитет ва ҳудудий яхлитлик тамойилларига риоя қилган ҳолда тинч йўл билан бартараф этиш учун дипломатик музокараларни бошлашга чақирди.

“Озарбайжон Республикаси ва Арманистон Республикаси муносабатларидаги кескинликнинг ошиши Ўзбекистон Республикасида жиддий ташвиш уйғотмоқда. Ўзаро қарама-қаршилик чоғида ҳарбий кучнинг ишлатилиши икки томондан ҳам кўплаб инсонларнинг қурбон бўлишига олиб келиши мумкин.

Ўзбекистон Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигида раислик қилаётган давлат сифатида МДҲ ҳудудида дўстлик, яхши қўшничилик муносабатлари ва ўзаро ишончни мустаҳкамлаш, баҳсли масалаларни халқаро ҳуқуқ нормаларига қатъий мос равишда тинч йўл билан ҳал қилинишининг муҳимлигини яна бир бор тасдиқлайди.

Озарбайжон Республикаси ва Арманистон Республикасини ҳарбий ҳаракатларни тезда тўхтатишга ҳамда можарони суверенитет ва ҳудудий яхлитлик тамойилларига риоя қилган ҳолда тинч йўл билан бартараф этиш мақсадида дипломатик музокараларни бошлашга чақирамиз”, дейилади вазирлик баёнотида.

Эслатиб ўтамиз, 27 сентябр, якшанба куни эрта тонгда Озарбайжон ва Арманистон фронтнинг бутун чизиғи бўйлаб ҳарбий ҳаракатлар бошлангани ҳақида деярли бир вақтда баёнот берди. Доимгидек тўқнашув келиб чиқишида томонлар бир-бирини айблади.

Ўзбекистондан ташқари, Россия ҳам ҳар икки мамлакатдан қуролли тўқнашувларни тўхтатишни сўради. Туркия эса, аксинча, бу тўқнашувда Озарбайжонни қўллаб-қувватлашини маълум қилиб, Арманистонни провакацияда, Минск учлигини эса бу масалага 30 йилдан бери кўз юмиб келаётганликда айблади. Бундан ташқари, расмий Теҳрон ва НАТО ҳам томонларни музокара столига чақирганди.