$
 12475.51
-4.63
 13471.06
23.71
 135.09
0.13
weather
+26
Кечаси   +14°

Бугун кўриш қобиляти чекланганлар учун аудиокутубхона тақдимоти бўлиб ўтади

Yoshlar agentligi

Мамлакатимизда ҳозирда 70 мингдан зиёд кўриш қобиляти чекланган шахслар рўйхатга олинган. Улардаги асосий муаммо ҳар куни ахборотдан фойдаланиш ва махсус технологияларнинг етишмаслиги билан боғлиқдир. Аудиокитоблар кўзи ожиз ва заиф кўрувчи инсонлар ҳаётида алоҳида аҳамият касб этади. Ўзбекистонда аудиокитобларни тинглаш учун турли мобил иловалар ишлаб чиқилаётганига қарамай, у платформалар қиммат ва кўзи ожизлар эҳтиёжларига мослаштирилмаган. Шу сабабли кўриш бўйича ногиронлиги бор кўплаб одамлар учун улардан фойдаланишда турли хил муаммоларга учрайди. Шу пайтгача кўзи ожиз ва заиф кўрувчилар учун аудиокитобларни очиқ ва қулай форматларда бирлаштирган ягона онлайн платформа мавжуд эмас эди.

Эндиликда бундай муаммоларни бартараф этиш мақсадида бугун 14:00 ва 16:00 да Ёшлар ишлари агентлигининг пресс-клубида Ўзбекистонда биринчи кўриш бўйича ногиронлиги бўлган шахслар учун қулай ва бепул аудиокитобларнинг биринчи онлайн кутубхонаси “Kitob Plus” лойиҳасининг гибрид форматдаги тақдимоти бўлиб ўтади. Мазкур лойиҳада кўзи ожизлар учун мўлжалланган барча аудио материалларни жамлаган бепул платформасининг тақдимоти ўтказилади. 

“Ушбу муаммоларнинг инновацион ва инклюзив ечими сифатида Тошкент шаҳар “Sharoit PLYUS” ногиронлар жамоат бирлашмаси Ўзбекистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Ёшлар ишлари агентлигининг молиявий кўмагида кўриш бўйича ногиронлиги бўлган шахслар учун аудиокитоблар онлайн кутубхонасини ишлаб чиқиш бўйича “Kitob Plus” лойиҳасини ташкил этди. Лойиҳадан кўзланган мақсад – Ўзбекистондаги кўриш бўйича ногиронлиги бор шахслар учун барча аудиокитоблар, радио спектакллар ва бошқа аудио материалларни бир жойда жамлайдиган, қулай ва бепул веб-сайт ва унинг Kitob Plus мобиль иловасини яратишдан иборат. Лойиҳанинг дастлабки босқичларида бугунги кунда кўриш бўйича ногиронлиги бўлган шахслар учун камида 500 та аудио китоб ва 300 та радио спектакль тақдим этилади.” – дейилади “Sharoit Plyus”нинг бугунги тақдимот пресс-релизида.

Маълумот учун, “Sharoit Plyus” лойиҳаси 2023 йил 13 июлда кўриш бўйича ногиронлиги бўлган шахслар учун онлайн аудио кутубхона яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Ёшлар ишлари агентлиги қошида ўз фаолиятини бошлаган эди. Ушбу лойиҳа 4 ой муддатга режалаштирилган бўлиб, 232 608 116,88 сўм маблағ ажратилган эди.