$
 12829.07
-15.14
 13344.80
-163.46
 124.91
-2.44
weather
+26
Кечаси   +14°

«Аrtel» заводларидан бирида ёнғин содир бўлди

«Techno Continental» МЧЖ манзили кўрсатилган ҳудуддаги завод «Techno Continental» МЧЖ манзили кўрсатилган ҳудуддаги завод

Тошкентдаги «Аrtel» заводларидан бирида ёнғин содир бўлди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ахборот хизмати хабар қилди.

Қайд этилишича, бугун соат чамаси 12:00 да Тошкент шаҳри Яшнабод туманида жойлашган «Techno Continental» МЧЖ корхонасидаги ишлаб чиқариш жараёнида ишлатиладиган сиқилган газнинг сизиб чиқиши натижасида ёнғин юзага келди.

Воқеа жойида ишлаётган корхона ходимларидан бир гуруҳи термик жароҳат олган. Воқеа жойига ёнғинга қарши курашиш ходимлари етиб боргунига қадар корхона ходимларнинг саъй-ҳаракатлари билан ёнғин бартараф этилган.

Ёнғинда жароҳат олган ходимлар зудлик билан Республика шошилинч тез тиббий ёрдам марказига жойлаштирилган. Улар шифокорлар назоратига олиниб, беморларга тез ва малакали тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.

Айни пайтда ҳодиса рўй берган жойда вазиятни ўрганиш ва бартараф этиш учун Фавқулодда вазиятлар вазирининг биринчи ўринбосари бошчилигида тузилган республика ишчи гуруҳи фаолият олиб бормоқда.

Маълумот учун, Корпоратив ахборот ягона портали келтирилган маълумотларга кўра, «Techno Continental» МЧЖ корхонасининг манзилида «Аrtel» бренди остида техникалар ишлаб чиқарувчи завод жойлашган. Корхона ва ташкилотларнинг ягона давлат регистри маълумотларида эса, мазкур МЧЖ таъсисчилари сифатида Artel Electronics (62,5%) ва Ilk Sabah Insaat Anonim Sirketi (37,5%)лар кўрсатиб ўтилган.