$
 12829.07
-15.14
 13344.80
-163.46
 124.91
-2.44
weather
+26
Кечаси   +14°

Мактаб ўқувчиларининг совуқда байроқ ҳилпиратиши ортидан директор ва унинг ўринбосари ишдан олинди

Мактаб ўқувчиларининг совуқда байроқ ҳилпиратиши ортидан директор ва унинг ўринбосари ишдан олинди

Куни кеча ижтимоий тармоқларда мактаб ўқувчиларининг совуқда қалин уст кийимбошсиз масъулларни кутиб олиш учун кўчага олиб чиқилгани акс этган суратлар тарқалди. Бу жамоатчилик эътиборини тортиб, ижтимоий тармоқларда кескин норозиликни келтириб чиқарди.

Андижон вилоят халқ таълими бошқармаси мазкур ҳолат юзасидан баёнот берди.

Қайд этилишича, бошқарма томонидан ҳолат ўрганилганда 19 ноябрь куни Андижон шаҳридаги 43-умумтаълим мактабига “Янги Ўзбекистон – Янгича дунёқараш” шиори остида мамлакатимизда кўзга кўринган зиёлилар, санъат, фан-маданият ҳодимлари ҳамда фаол нуронийлардан иборат тарғибот гуруҳи ташриф буюргани маълум бўлган.

Тарғибот гуруҳи вакиллари ташрифидан хабардор бўлган ўқувчилар (соат 11:25)да уларни кузатиш мақсадида йўлакка чиқишган. Ўтказилаётган тадбирнинг фотоальбомини яратиш мақсадида маҳалла фаоллари ва мактаб маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари уларни расмга олган. Ишчи гуруҳ расмдаги болалар билан қилган суҳбатида мана шу суратга олиш вақтида 2-3 дақиқа ташқарида қолишганлиги, сўнг устозлари томонидан танаффус вақти тугамасдан (соат 11:35гача) уларни синф хоналарига киришлари сўралганлиги айтилмоқда.

Ишчи гуруҳнинг расмдаги ўқувчилар ва ота-оналар билан суҳбати жараёнида мазкур ҳолатда фарзандларининг узоқ вақт ташқарида қолиб кетмаганлиги сабабли эътирозлари йўқ эканлигини таъкидлашди.  

Шунга қарамай, ҳар бир ўқувчининг мактабдаги вақтидаги саломатлиги ва хавфсизлигига кенг жамоатчилик вакиллари, блогерлардан ҳам кўпроқ таълим соҳаси вакиллари жон куйдиришлари зарур эканлигини ҳисобга олиб, 43-умумтаълим мактаби директори вазифасини вақтинча бажарувчиси ҳамда мактабнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари эгаллаб турган лавозимидан озод этилган.

“Андижон вилояти халқ таълими бошқармаси барча тизимда фаолият олиб бораётган раҳбарлар, ўқитувчилар ва ҳодимлардан мактабдаги ўқувчиларнинг ҳар бирига ўз фарзандидек даҳлдорлик туйғусида ёндошишни, уларнинг соғликлари ва хавфсизликларига таъсир кўрсатувчи мана шундай ҳолатларга йўл қўймасликларини сўраб қолади”, дейилади хабарда.

Теги :
Jamiyat