$
 12829.07
-15.14
 13344.80
-163.46
 124.91
-2.44
weather
+26
Кечаси   +14°

Андижонда эркак хотинини обдаста билан уриб ўлдирди

Фото: ижтимоий тармоқлар Фото: ижтимоий тармоқлар

Асакада оилавий келишмовчилик туфайли юз берган жанжалда эркак 24 ёшли хотинини юзи ва бошига темир обдаста билан уриб ўлдирган ва воқеа жойидан яширинган. Аввалроқ Фарғонада эр аёлининг бошига болта билан уриб унга оғир жароҳат етказганди.

Эркак ўз хотинини уриб ўлдирилиши билан боғлиқ яна битта ҳолат Андижон вилояти Асака туманида рўй берди.

Kun.uz Бош прокуратура матбуот хизматидан олган маълумотга кўра, 5 декабрь куни Асаканинг Арғин маҳалласида яшовчи 24 ёшли аёл жасади қотиллик аломатлари билан яшаш хонадонидан топилган. Шу куни туман прокурори жиноят иши қўзғатган.

Аниқланишича, 5 декабрь куни соат 11:40 ларда оилавий келишмовчилик туфайли келиб чиққан жанжалда 29 ёшли эркак хотинининг юз ва бош қисмларига металлдан ишланган обдаста билан бир неча маротаба уриб, уни қасддан ўлдирган.

Қотил обдастадаги қон доғларини ювиб, тозалаб, сўнгра яшаш хонадонидан чиқиб кетган. Шаҳрихон тумани ҳудудида қурилиши битмаган бинода яшириниб, 7 декабрга ўтар кечаси соат 03:30 ларда яшаш уйига қайтган вақтида ушланган.

Фуқаро Ч. Б. Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми (қасддан одам ўлдириш)да кўрсатилган жиноятни содир этганликда гумондор кўрилиб, тегишли тартибда ушланган.

Бош прокуратура жиноят ишининг тергови назоратга олингани, унинг натижалари тўғрисида қўшимча ахборот берилишини билдирди.

Ноябрь ойи охирида Фарғонада 38 ёшли эркак фарзандлари кўз ўнгида хотинининг бошига болта билан уриб, оғир тан жароҳати етказган ва аёл шифохонага ётқизилган эди.