$
 12814.78
-14.29
 13442.70
97.9
 123.50
-1.41
weather
+26
Кечаси   +14°

ИИВ польшалик журналистни ёлғон маълумот тарқатганликда айблади

ИИВ польшалик журналистни ёлғон маълумот тарқатганликда айблади

Сўнгги кунларда блогер Миразиз Бозоровнинг провакацион чиқишлари ва унга нисбатан номаълум шахслар томонидан етказилган тан жароҳатлари оқибатида жиноят иши очилганлиги кескин муҳокамаларга сабаб бўляпти.

ИИВ Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган хорижий вакиллар ва журналистлар томонидан вазиятга билдирилаётган муносабатлар бўйича баёнот билан чиқиб, Ўзбекистонда “Аль Жазира” нашрининг мухбири сифатида аккредитациядан ўтган польшалик журналист Агнешка Пикулицка (Agnieszka Pikulicka)ни ижтимоий тармоқларда ёлғон маълумот тарқатаётганликда айблади.

ИИВга кўра, журналист жорий йилнинг 29 мартдан бошлаб М.Бозоров атрофида бўлаётган воқеаларга нохолис ёндашиб ўзининг “Твиттер” ижтимоий тармоғидаги саҳифасида аслида рўй бермаётган воқеаларни ёритиб келмоқда.

Жумладан, унинг “Менинг йигитимни махсус хизматлар сўроқ қилишяпти, (у журналист эмас, фаол эмас, фақат кеча мен билан больницада бўлган). Бу нотўғри йўл. Ҳурматли махсус хизматлар, сизлар одамларга ўлдириш билан таҳдид қилаётган, радикаллар билан ишни ҳал этинг”
“Махсус хизматлар гейларни фаол қидиришмоқда. Одамларни расмларини кўрсатиб, уларни гейликда гумонлашяпти. Одамларга ЛБГТ жамоаси хақида маълумот тарқатишлик ҳақида босим ўтказишяпти. Эртага бошқалар ҳам сўроқ қилинади. Бу янги Ўзбекистон”.
“Мен биламан, Махсус хизматлар менинг дўстларимдан гейлар ҳақида сўрашяпти. Мен хорижлик бўлганим учун мени сўроққа чақиришмади. Ишонинг, бу ялмоғизларга ов!”.
“Мен, унинг (М.Бозоровнинг) провокациялари ҳақида биламан. Лекин бу унинг оёғини синдиришга баҳона эмас. Уни гапига биз шубҳа билан қараймиз. Энди, барча уни больницада хабар олган одамларни ЛБГТ жамоага алоқадорлиги савол туғилмоқда. Менинг йигитим синиб қайтиб келди”.
“Менинг бир дўстим ҳозир ДХХда, 4 ёки 5 соатдан бери. Бошқасини эртага чақиртиришяпти” каби бир қатор постлари вазирлик томонидан мутлақо ҳақиқатга тўғри келмайди дея баҳоланмоқда.

“...ушбу маълумотлар ҳақиқатга мутлақо мос келмайди ҳамда мамлакатимизнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларини обрўсизлантиришга қаратилганлигининг яққол мисоли.

Мухбир Агнешка Пикулицка ўзи тайёрлаётган материалларининг тўғри ёки нотўғри эканлигини текшириши ва холис ахборот тақдим этиши мажбуриятини унутиб, ахборотни бузиб талқин этиб ва сохталаштириб тарқатган. Шунингдек оммавий ахборот воситалари эркинлигини суиистеъмол қилган.

Ўзининг ҳаракатлари билан, Ўзбекистон Республикасининг “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни 6 моддаси, “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги қонуни 7-моддаси ҳамда «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги қонуни 6-моддаси талабларини бузган.

Ҳақиқатга тўғри келмайдиган ахборотни тарқатиб, фуқароларимизнинг онгини чалғитиш, давлат органлари фаолиятига нисбатан ишончсизлик уйғотиш ҳамда хорижий оммавий ахборот воситаларига нохолис маълумотлар етказиб, юртимиз ҳақида салбий фикр шаклланишига сабабчи бўлишдан бу аёлга нима наф?

Бу масалага яна қайтамиз”, дейилади ИИВ муносабатида.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йил бошида халқаро журналист Агнешка Пикулицка Twitter`даги саҳифасида Ўзбекистон ТИВ ходими унга шилқимлик қилгани ҳақида ёзган ва бу жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлганди. Шундан сўнг ўша ходимга чора кўрилиб, журналистнинг номаълум сабабларга кўра кечиктириб келинаётган аккредитация масаласи ижобий ҳал этилганди. 

Теги :
Jamiyat