$
 12829.07
-15.14
 13344.80
-163.46
 124.91
-2.44
weather
+26
Кечаси   +14°

Ўзбекистоннинг бешта аэропортида Tax Free тизими жорий қилинди

Фото: ижтимоий тармоқлар Фото: ижтимоий тармоқлар

Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Фарғона ва Урганч аэропортларида чет эл фуқаролари учун Ўзбекистонда айрим турдаги товарларни харид қилишда тўланган ҚҚС суммаларини қайтаришни назарда тутувчи Tax Free хизмати шохобчалари иш бошлади.

2 январь куни Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Фарғона ва Урганч аэропортларида Давлат солиқ қўмитаси томонидан ташкил этилган ҳамда тест режимида иш бошлаган Tax Free хизмати шохобчаларининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди, дея хабар бермоқда Uzbekistan airports матбуот хизмати.

Tax Free тизими чет эл фуқароларига Ўзбекистонда чакана савдо билан шуғулланувчи тадбиркорлардан айрим турдаги товарларни харид қилишда тўланган ҚҚС суммаларини қайтаришни назарда тутади. Кешбек тўланадиган товарлар рўйхати Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 8 ноябрдаги қарорида белгиланган. Бу сувенирлар, ёнғоқлар, мевалар ва қуритилган мевалар, чарм ва мўйнали маҳсулотлар, гиламлар, текстиль маҳсулотлари ва бошқалар.

ҚҚС тўловини қайтариш учун Soliq мобил иловасида рўйхатдан ўтиш ва у орқали харидлар учун олинган чекларни сканерлаш лозим. Аэропортдан жўнаб кетаётганда, йўловчи рейсга рўйхатдан ўтиши, сўнгра Tax Free хизматига бориб, бортга чиқиш талони ва товарнинг ўзини кўрсатиши керак. Рўйхатдан ўтган товарларни қўл юкида ташиш учун қолдириш ёки рўйхатдан ўтиш жойига қайтиб, багаж сифатида рўйхатдан ўтказиш мумкин.

Tax Free хизматидан фойдаланиш учун сотиб олинган товарларнинг умумий суммаси 1 млн сўмдан юқори бўлиши лозим. Бундан ташқари, маҳсулот очилмаган ва ишлатилмаган бўлиши керак. Солиқ қўмитаси ходимлари товарларнинг барча мезонларга мувофиқлигини текширгандан сўнг, кешбекни расмийлаштирадилар.

Турли тоифадаги товарлар учун йўловчи ҚҚС суммасининг 90 фоизигача «кешбек» қайтариши мумкин. Кешбек йўловчининг картасига расмийлаштирилади ва рўйхатдан ўтган ойдан кейинги ойнинг 25-кунидан кейин тўлаб берилади.