$
 12198.28
-30.3
 14241.49
-41.49
 156.57
0.61
weather
+26
Кечаси   +14°

Йўл маданиятида гўлмизми, “ноль”миз?

driver

Шаҳарда одамлардан, машиналарнинг уёқ-буёққа ўтишидан, турли завод-фабрикалардан ва умуман табиатдан чиқадиган овоздан ташқари, яна бир қулоқни қоматга келтирувчи “шовқин эгалари” бор. Бу — олдидан пашша учиб ўтсаям, “йўлимдан қоч”, дегандек сигнал чалувчи автобус ва машина ҳайдовчилар. 

Хўш, аслида сигнал нима учун чалиниши керак?

2022 йил 1-майдан бошлаб ҳайдовчиларга аҳоли пунктларида транспорт воситаларининг магнитофон ва овоз чиқарувчи бошқа аппаратуралари ҳамда двигателидан белгиланган меъёрдан ортиқ шовқин кўтариш таъқиқланди. Хусусан, сигналдан аҳоли пунктларидан ташқарида бошқа ҳайдовчиларни қувиб ўтиш ҳақида огоҳлантириш учун ҳамда зарур бўлган ҳолларда йўл-транспорт ҳодисасининг олдини олиш мақсадидагина фойдаланиш мумкин. Бошқа ҳолларда сабабсиз-сабрсиз сигнал чалиш БҲМнинг бир баравари миқдорида (330 000 сўм) жарима тўлашга сабаб бўлади. Асосли бўлган тақдирда бир марта сигнал чалиш етарли бўлишига қарамасдан, қайта-қайта “карнайчилик қилиш” эса “беҳуда сигнал чалиш” деб топилади. Лекин бизда бу ҳол шу қадар эркин-ки, улов эгалари ёнида кетаётган бошқа машинадаги ҳайдовчига нимадир демоқчи бўлганида, пиёдаларга йўл беришда, ва ҳатто светофорда қизил ёнса, яшил чироқни чақириб олмоқчи бўлгандек ҳуда-беҳудага кўчани тўлдириб сигнал чала бошлайди.

Қонун бор, ишламайди!

Худди шу ҳолат юзасидан бир ижтимоий тармоқ фойдаланувчиси, ўзининг фейсбук саҳифасида:

“Отчопар”даман. Абу Сахий автотураргоҳининг пастида автобус бекати бор, зўр келса, ўнта, ўн бештагача йиғилиб кетади автобуслар. Бу акалар машина сигналини шунақанги босадики, бирваракайига тўртталаб автобус наҳорги ошга чақирилган карнайчидек қулоқни қоматга келтириб, кишини қуюшқондан чиқариши ҳеч гап эмас. Бир ҳайдовчига ишора қилиб, сигнални босманг, десам, қулоғингни ёпиб ўтир, деган ишорада жавоб қайтариб, атайдан узмасдан босди. Ажабландим, бироз жаҳлим ҳам чиқди, рости. “Падарига лимонад” деб, индамай қўйдим. Бу ҳайдовчилар “ба-баб” қилиб, одамларнинг асабини эговласам, уловим тўсиқдан учиб ўтади, деб ўйлайдими, билмадим. Ўв, барака топкурлар, бошқаларниям ўйланглар…

Ўзи шаҳар ҳудудида, жамоат жойларида бемаза, бетутруқ сигнал чалишни тартибга солиш керак. Отнинг калласидек жарима солиб, топганини тўласагина одамдек сигнал босмасдан ҳайдайди”, — дея мурожаатини ёзиб қолдирган.

Яна бир фойдаланувчи:

Бизда одат бўлиб қолган бу. Қонга сингиб кетган. Европада умуман чалишмайди. Бу уларда одобсизлик, ундан ташқари жаримага сабаб бўлади. Биздаги қонун чиққани билан ишламайди. Бирортасини сигнал чалгани учун жарима тўлаганини эшитмадим. “ГАИ”ларни олдида чалсангиз ҳам бекор. Сабаби, жуда кўпчилик қилади бу ишни, ҳаммасини жаримага тортиш мантиқан имконсиз. Бунинг учун одамларни ўзи бу нарсани тушуниб, одатга айлантириши керак. Тартиб йўқ, йўллар тиқилинч, ҳамма асабий. Сигнал чалиб, шу асабини босишга ҳаракат қилишади”, — деб фикр билдирган.

Сигналдан сақланинг

Ўзи умуман олганда, ривожланиш даражаси юқори ва шаҳарлашган тамаддунларда машина сигналлари фақатгина ўта зарур ҳолларда чалинади. Улардаги энг кўп машина шовқини эса, турли хизматларнинг сирена овозидир. Гўёки улардаги ҳайдовчиларнинг сабри чексиз, ҳаёти давомида тартибли машина ҳайдашдан бўлак иши йўқдек таассурот уйғотади одамда. 

Қанчалар оғриқли бўлмасин, мамлакатимизда аҳолининг ҳатто ҳайдовчилик ва йўловчилик маданияти ҳам бошқа саводхонликлар қатори ҳаминқадарни ташкил этади. Агар ўзгариш қилиш керак бўлса, уни бугундан бошлаган маъқул. Бугун жамлат транспортидан кўпроқ фойдаланиш, бугун ишларни тўғри режалаштириб, шошилмасдан уловга чиқиш, бугун йўл қоидаларига амал қилган ҳолда машина ҳайдаш, бугун асабларни жиловлаб, камроқ сигнал тугмасини босиш керак. Умуман фойдаланмаслик эса, янада аълороқ.