$
 10209.86
2.17
 12021.09
125.05
 137.46
-4.91
weather
+39
Кечаси   +21°

Азиза Умарова ССВга мурожаат билан чиқди. Бошқа бир тадбиркор текинга пульсоксиметр тарқатиш учун рухсат сўраяпти

Азиза Умарова Азиза Умарова, фото kun.uz

«SmartGov Consulting» ижрочи директори, блогер Азиза Умарова ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида ўзбекистонлик тадбиркорлани пандемияга қарши курашда ҳамжиҳат бўлишга, имкон даражасида кислород концентраторлари сотиб олишга чорламоқда.

У Соғлиқни сақлаш вазирлигидан кислород концентраторлари ва пульсоксиметрлар, зарур тиббий жиҳозларни рўйхатдан ўтказишни хусусий тадбиркорлар учун ҳам вақтинча тўхтатиб туришини сўраган. Бу билан улар эркин ва арзон нархларда керакли техникаларни олиб келиши, ушбу қурилмалар кўпчиликнинг ҳаётини сақлаб қолиши мумкинлигини таъкидлаган.

«Хабарларга қараганда, амалдорларимиз зудлик билан нафас олиш аппаратлари ва тез ёрдам машиналарини сотиб олишаётган экан. Шунингдек, ҳукумат кислород концентратлари учун барча тўсиқларни бекор қилибди. Бу жуда яхши янгилик, аммо хусусий тадбиркорлар учун рўйхатга олиш ва сертификациялаш ҳамон мавжуд. Менга бир неча одамлар бу жуда қиммат ва кўп вақт олаётгани ҳақида ёзишди», дейди А. Умарова.

Шунингдек, у Козоғистон ва Қирғизистон Республикаларидаги кўнгиллилар ҳақида ҳам ўз фикрларини билдирган:

«Қозоғистонда ҳомийлар 6000 дан зиёд концентратор сотиб олишибди. Қирғизистонда эса АҚШ ва Европадаги қирғиз диаспоралари камроқ маблағ йиғиб беришибди, лекин у ерда 20 ёшли кўнгиллилар аппаратлар билан уйма-уй юриб, нафас етмаётган, лекин шифохонага қабул қилинмаган юзлаб одамларни қутқаришмоқда. София Айдана исмли қиз ҳафта давомида 187 одамнинг ҳаётини сақлаб қолди».

Азиза Умарова концентраторларни қаердан олиш кераклигига ҳам алоҳида тўхталиб ўтган:

«Бизга қанча кўп бўлса, шунча яхши. Бутун дунёдаги концентраторларнинг 80 фоизи Хитойда ишлаб чиқарилади. Қозоғистон ва Қирғизистон уларни тўғридан-тўғри ишлаб чиқарувчилардан 250-300 доллардан сотиб олган. Йўл харажатлари алоҳида». Шунингдек, Туркия, Россия ва Европада ишлаб чиқарилганлари ҳам бор. Бироз қимматроқ, лекин шунга арзийди. Шифохона ва койкалар етишмаётган вазиятда эса кислород концентраторлари сотиб олиш жуда муҳимдир.

Айни пайтда у Хитойдаги юртдошларга ҳам юзланиб, ишончли етказиб берувчиларни топиш ва фуқароларга буюртма қила олишлари учун ёрдам сўраган:

«Агар бизнинг хориждаги диаспораларимиз ҳам Қозоғистон ва Қирғизистондаги сингари кислород концентраторлари учун маблағ йиғиб берса, ва мазкур аппаратлар билан кўнгиллилар таъминланса ёки улар ҳудудларга юборилса, менимча, бу ўз вақтида берилган зарур ёрдам бўларди.

Ҳукумат эса (ушбу аппаратларни) самолётларда етказиб беришга ёрдам бериши керак. Вақт ғанимат. Ёшлар, сизлар ўзаро бирлашадиган, бир ёқадан бош чиқарадиган пайт келди», дейди Азиза Умарова.

Кўплаб ҳамюртларимиз ушбу ташаббусни қўллаб-қуваттлашмоқда. Жумладан, «Global green tour» МЧЖ директори Шоҳруҳжон Анваров "Uz24"га берган интервьюсида моддий имконияти йўқ оилаларга бепул тарқатиш учун Хитойдан пульсоксиметр олиб келиш нияти борлигини билдирди.

«Биз аслида, туризм билан шуғулланамиз, лекин ҳозирги шароитда бекор ўтиргандан кўра шу йўл билан одмларга ёрдам беришни ният қилганмиз. Бизда пульсоксиметрлар умуман қолмаган. 2-3 кун аввал энг охиргилари 300-400 минг сўм, ҳатто 600 минг сўмгача сотилибди. Хитойда бу қурилманинг нархи турига қараб 5 доллардан бошланади. Уни Ўзбекистонга олиб келиш, ҳамма сарф-харажатларни қўшганда, кўпи билан 8 долларга айланади. Хуллас, Ўзбекистон шароитида унинг нархи 100 минг сўмга ҳам бормайди. Биз унинг маълум қисмини имконияти борларга арзон нархларда сотиб, фойдага қолганларини бепул тарқатмоқчимиз. Бу жуда самарали тизим, қолган тиббий ускуналар билан ҳам шундай қилса бўлади.

Пульсоксиметрлар пульсни, қондаги қислород миқдорини ўлчаб туради. Бу, айниқса, ёши катталарга саломатлигини назорат қилишга қулай. Шифокорлар ҳам ушбу қурилма кўрсаткичларидан келиб чиқиб ташхис қўйишда анча вақтдан ютишаётган экан.

Билишимча, тиббий ускуналарни олиб кириш учун “Фармкомитет” (Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартизацияси Давлат маркази)нинг рухсати керак. Лекин мурожаатни кўриб чиқиш уч ойгача вақтни оларкан. Ҳозирги шароитда бунча кўп кута олмаймиз. Биргина шу нарса олдимиздаги асосий муаммо бўлиб турибди. Қолган барча қонуний талабларни бажаришга тайёрмиз”, дейди Ш. Анваров.

Қозоғистон ҳукумати пандемияга қарши курашга ўз хиссасини қўшиш ниятидаги фонд ва ташкилотларга тиббий ускуналар келтиришда тўсиқ бўлаётган муаммоларни ҳал қилиб бераётган экан. Масалан, қозоқларнинг «Шұғыла» фондига кислород концентраторлари олиб киришда енгилликлар яратиб беришибди.

Сўнгги кунларда коронавирусга чалиниш, айниқса, ўлим ҳолатлари кўпайиб кетди. Бунақа оғир шароитда ёрдам қўллари ҳар қачонгидан кўра кўпроқ зарур. Ўзбекистон ҳукумати ҳам ташаббус билан чиқаётган тадбиркорлар ва кўнгиллиларга юқорида тилга олинган муаммоларни ҳал қилишда амалий ёрдам кўрсатади, деган умиддамиз. Ўзингизни асранг, уйда қолинг!

Зиёдбек ИСМОИЛОВ

Теги :
Жамият