$
 12475.51
-4.63
 13471.06
23.71
 135.09
0.13
weather
+26
Кечаси   +14°

Оғриқ нуқтаси: Суицид ёши “ёшариб бормоқда”

suicide suitsid суицид

Кўп эмас, ўтган ҳафта давомидаги хабарларни эслайлик: ўзини метро олдига ташлаган, кўприкдан сакраган, ўзини осган эркаклар, 6-қаватдан сакраган 16 ёшли қиз. Бу энг ташвишланарли ҳол ва бунинг сабабларини ҳам бир неча умумий ва хусусий омиллар билан изоҳлаш мумкин: тўқчилик, йўқчилик, севги, ўз жонига қасд қилишни муаммонинг ечими сифатида кўриш, руҳий хасталиклар шулар сирасидандир.

Ўз жонига қасд қилиш азалдан ҳар қандай жамиятда юз бериб келаётган воқелик. Аммо илгари асосан катта ёшлилар орасида учрайдиган бу ҳолат кейинги пайтларда тобора «ёшариб» бораётгани кишини ташвишга солади.

Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти (ЖССТ) маълумотларига қараганда, ҳар 45 сонияда 1 киши, соатига 80, кунига 1918, йилига эса 750 000 дан ортиқ киши ўз жонига қасд қилади. Бу рақамлар сиз айни шу сатрларни ўқиётган маҳалда яна бир киши ўз жонига қасд қилганлигини англатади. Деярли 80% ҳолатлар даромад даражаси кам ва ўртача бўлган мамлакатларга тўғри келади.

Таъкидланишича, суиқасднинг энг юқори кўрсаткичлари сўнгги йилларда ривожланган мамлакатларда қайд этилмоқда. Масалан, ҳар 100 минг кишига — Литвада 68,1 та ҳолат, Беларусда 63, Россияда 58, АҚШда 52, Шри Ланкада 44, Украинада 40 та ҳолат тўғри келади.

Cўнгги 20 йил ичида дунёда ўз жонига қасд қилишлар сони 36 фоизга камайганига қарамай, улар урушлар ва қотилликлардан кўра кўпроқ одам ўлдирган. Ҳар юзинчи ўлим – суицид.

Суицид ёши — 15 – 29!

     Ўзбекистон  ўз жонига қасд қилиш кўрсаткичи бўйича жаҳонда 104-ўринда туради, аниқроқ қилиб айтганда, ҳар 100 минг кишидан 9 таси бу ишга қўл уради. Шунингдек, бундай хатти-ҳаракат асосан 15-29 ёш оралиғидаги авлод вакилларида кузатилиши қайд этилган. Ўсмирлар орасида ўлимларнинг учинчи энг катта сабабчиси ўз жонига қасд қилишдир.

Очиқланган маълумотларга қараганда, Ўзбекистонда ўз жонига қасд қилганлар орасида руҳий касал, асабий характер, хулқ-атворида салбийлик аломатлари юқори бўлган кишилар энг кўп – 45 фоизни ташкил этган.

Оилавий жанжаллар хусусан, эр-хотин, қайнона-қайноталар, эрнинг қавм-қариндошлари ёки ўзининг бошқа бировлар билан жанжаллашиб қолиши туфайли суицид содир этганлар миқдори 13,7 фоизни ташкил этган. 

Шунингдек, моддий-маиший жиҳатдан кам таъминланганлик (2,3 фоиз), гиёҳвандликка ружу қўйиш, соғлом турмуш тарзини йўлга қўя олмаслик (1,7 %), рашк туфайли (0,7 фоиз) ишхонадаги келишмовчиликлар, бошқа бировнинг шахсга тегадиган даражада ҳақорат қилиши (0,3 фоиз) ва бошқалар (севгани билан жанжаллашиб қолиши, ўқишга кира олмаслиги, фарзанд касаллиги ёки йўқлиги, пулини йўқотиш, бошқалар билан зиддият) – 17,6 фоизга етган. 

Асосий сабаб —  жамият ташкил қилган қадрият ва анъаналар

Нега охирги йилларда ёшлар орасида суицид кенг тарқалмоқда, бу каби ҳолатларнинг олдини олиш учун нима қилиш керак, сабаблар ва оқибатлар қандай?

Дилфуза Сатторова, психолог:

«Суицидга кучли эмоционал зўриқишлар сабаб булади. Инсон реал ҳаётдан кутаётган умидларини амалга ошмаслиги натижасида кучли эмоционал синиш, яъни стресс ёки апатия ҳолатига тушиб қолади. Бундан чиқиб кетиш йўлини топа олмаслик натижасида ҳаётига нуқта қўяди.

Ёшлар ўртасидаги суицидлар, асосан, ўсмирлик ва ўспиринлик даврларига тўғри келади. Ўсмирлик ва ўспиринлик даврларига хос хусусиятлардан энг асосийси бу ҳиссиёт бўлиб, айнан шу даврда дўстлик, севги, муҳаббат жўш уради. Оддийгина дўстликдан воз кечиши ёки бошқани севиши натижасида ҳам суицид юзага келиши мумкин».

Завқиддин Гадое, социолог:

«Ўсмирларнинг ўз жонига қасд қилиш даражасига етиб келишига жамият айбдор. Суициднинг асосий сабаби жамият ташкил қилган қадрият ва анъаналар. Моҳияти мавҳум анъаналарга ёпишиб олганмиз.

Социологияда ҳар бир ёш даври ўзининг алоҳида психологик хусусиятга эгалиги белгиланади. Лекин жамият қайси ёшда кимга қандай муомала қилиш кераклигини билмайди. Болага мана бундоқ, ўсмирга эса мана бундоқ гапириш керак, деган тушунча мутлақо мавжуд эмас.

Жамият болани шахс сифатида тан олмайди. Улар эшитилмайди. «Йўқ, мумкин эмас», деган тақиқ бизда жуда кучли. Нега айнан ўтиш даврида суицид ҳолатлари кўп кузатилади? Чунки битта шапалоқ, битта олиб берилмаган кўйлак, рад этилган муҳаббат ҳам ўсмирнинг ўта нозик руҳиятига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Ўсмирни ота-онаси жеркади. Ўқитувчининг эса у билан шуғулланишга вақти йўқ. Синфларда 40дан ортиқ ўқувчи ўтиради. Бунда бола билан қандай қилиб индивидуал шуғулланиш мумкин?! Муаммо комплекс илдиз отганми, демак, унинг ечимига ҳам мажмуавий ёндашиш керак».

Хориж тажрибасида жараёнга қандай ёндашилади?

АҚШда суициднинг олдини олиш кўникмалари мактаб ўқув дастурига киритилган. Болалар билан бевосита иш олиб борилиб, қуйидаги тамойиллар ўргатилади:

- тенгдошларнинг муаммоларига эътиборли бўлиш;

- қийин аҳволдаги одамга ҳамдардлик кўрсатиш;

- муаммо билан ёлғиз қолмаслик, балки бу ҳақда катталарга айтиш.

Ушбу тамойиллар «муаммони эрта аниқлаш» ва «эрта ёрдам сўраш»га хизмат қилади. Нафақат болалик даврида, балки суицидга ҳаракатлар энг кўп кузатиладиган ўсмирликда, шунингдек, бутун ҳаёт давомида руҳий саломатликни сақлашга ёрдам беради.

Японияда эса  «Ўз жонига қасд қилишга қарши курашиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қонун чиқарилиб, суицид бутун жамият учун муаммо деб эълон қилинди. Кенг кўламли чора-тадбирлар кўрилиб, руҳий саломатликни тарғиб этиш, кредит олиб, қарзга ботган кишиларга ёрдам бериш ва ўзини ўлдирганларнинг оила аъзоларига ёрдам кўрсатиш бошланди.

Натижада 2012 йили салбий кўрсаткич 30 мингга етмади ва йилдан-йилга рақамлар пасайишда давом этди. Шу маънода ҳар бир суициднинг сабабларини рўй-рост ўрганиб, керакли хулосаларни чиқариш нафақат инсонлар ҳаётини асраб қолади, балки жамият ҳаёти яхшиланишига ҳам олиб келади.

«ССВ ҳеч қандай иш қилгани ҳам, олиб бораётгани ҳам йўқ»

Афсуски, юртимизда негадир суицид масаласога жиддий эътибор қаратилмайди, бирор чора-тадбирлар ҳақида ҳам эшитмаганмиз. Бу фикрлар юқорироқда ҳам янграган, албатта.

Бундан икки йил олдин Сенат раиси Танзила Норбоева бу бўйича ҳали ҳеч бир иш қилингани йўқлигини танқид қилган эди.

«Ўзининг стандартларига кўра, суицид (ўз жонига қасд қилиш) масаласи билан дунё бўйича Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти шуғулланади. Статистикасини ҳам шу ташкилот юритади. Нима учун суицид бўляпти, қандай чоралар кўриш керак, деган таҳлилларни айнан ЖССТ олиб боради.

Қарорларда давлатимиз раҳбари томонидан Соғлиқни сақлаш вазирлигига ушбу масала бўйича топшириқ берилган. Лекин шу кунга қадар ССВ ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш бўйича ҳеч қандай иш қилгани ҳам, олиб бораётгани ҳам йўқ. Ҳамма ташкилотларга айтиб, қаттиқ кураш олиб бориш лозим. Лекин бизда шу кураш йўқ. Мутлақо йўқ. Суицид бўйича ишлаш йўқ бизда ҳозир. Фақат оқибати билан ишлаяпмиз.

Кимдир ўз жонига қасд қилганидан кейин ўлмай қолган бўлса, бориб унга нега унақа қилмоқчи эдингиз, нима бўляпти, деймиз? Унга қандайдир бир ёрдам берилади. Агар у ўлиб қолган бўлса-чи? Марҳумнинг ота-онасини ёки яқинларини тинчлантириш билан ишлаяпмиз, холос.

Лекин биздаги асосий иш унинг олдини олиш бўйича бўлиши, сабаблари билан ишлашимиз керак эмасми? Бундай ҳолатнинг сабабларини аниқлайдиган ким деганда ҳеч қайси бир ташкилот жавоб бера олмаяпти.2021 йилда ҳам, 2022 йилда ҳам гапираверамиз шунақа бўлибди, деб. Қачон нуқта қўямиз?», - деган эди сенатор ўшанда.

Мана уч йилдирки, бу борада бтрор ўзгариш кўрмадик. Аммо бизга аён бўлган масаланинг айрим жиҳати шу бўлдики, қоғоз ва ҳисоботда боланинг «хўжайини», унга қайғуриши лозим ташкилот, инстанция ва субъектлар кўп, амалда уларнинг фойдали иши, натижаси йўқдек. Ўсмир ёшидаги авлоднинг ўз ҳаётига вақтли нуқта қўйишга уриниши эса фақатгина кечанинг ёки бугуннинг муаммоси эмас. Эртага ҳам бу мавзу ўз-ўзидан ҳал бўлиб қолмайди...

 


Теги :
Жамият