$
 12697.00
2.04
 13547.70
38.99
 135.05
0.39
weather
+26
Кечаси   +14°

ССВ "Док-1 Макс"дан ўлган болаларнинг яқинларига компенсация тўлайдими?

Фото: Халқаро пресс-клуб Фото: Халқаро пресс-клуб

«Док-1 Макс» сиропидан вафот этган болаларнинг яқинларига компенсация тўлаб бериладими? «Газета.uz» мухбирининг ушбу саволига жавоб берар экан, ССВ раҳбари ўринбосари Эльмира Баситханова «ҳужжат билан тасдиқлансагина, компенсация тўлаш бўйича юридик жараёнлар бошланиши мумкин», дея жавоб берди.

Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган «Док-1 Макс» дори воситаларининг ножўя таъсири сабаб Ўзбекистонда 20 нафар бола ўткир буйрак етишмовчилиги ташхиси билан вафот этди. Бунинг ортидан Ўзбекистон давлат хавфсизлик хизматининг Тергов бошқармаси «Quramax Mediсal» МЧЖ ҳамда «Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази» МЧЖ масъул шахсларига жиноят иши қўзғатди.

18 январь куни бўлиб ўтган Халқаро пресс-клуб сессиясида «Газета.uz» мухбири Соғлиқ сақлаш вазирлиги расмийларидан «Док-1 Макс» дори воситаларидан вафот этган болаларнинг оила аъзоларига компенсация тўлаш масаласида изоҳ сўради.

Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Эльмира Баситханованинг маълум қилишича, айни пайтда ҳар бир ўлим ҳолати ўрганилмоқда.

«[Болаларнинг] дори ичганлиги тўғрисида ота-онаси билан суҳбатдан кейин аниқланган. Қайси дорини ичган, қайси доридан заҳарлангани ҳужжат билан тасдиқлансагина, компенсация тўлаш бўйича юридик жараёнлар бошланиши мумкин бўлади», — деди вазир ўринбосари.

«Болаларнинг [заҳарлангани] оддий шифохонада аниқланмади, уларнинг ҳаммаси нефрология, сунъий буйрак марказларида [аниқланди]. Сунъий буйрак марказидаги болаларнинг 50 фоизи оғир асоратли ва ўлимга олиб келадиган патология билан ётади. Шунинг учун бу тўсатдан ёки йўқ жойдан бўлиб чиққан эмас, улар (вафот этганлар назарда тутилмоқда — таҳр.) нефрология марказидаги болалар. Ҳозир уларнинг ҳар бири тўғрисида текширувлар олиб бориляпти, бу исботланса, кейин ҳеч қандай эътирозсиз барча компенсация маблағи тўланади», — деди Эльмира Баситханова.

Унинг қўшимча қилишича, одамларда «Док-1 Макс» дорисини қабул қилишга ишонч пайдо бўлган. Шу сабабли уларнинг ўзи шифокорга бормасдан мустақил қабул қилишни бошлаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази директори М.Азизовнинг вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Давронбек Жуманиёзовга ёзган хати нусхаси пайдо бўлганди, унда «Док-1 Макс» таблеткалари ва сиропини қабул қилган беморларда асоратлар юзага келгани ва ўлими ҳақида сўз борган.

Орадан вақт ўтиб, Болалар омбудсмани Самарқанда «Док-1 Макс» таблетка ва сиропларини истеъмол қилиши оқибатида вафот этган болалар сони 18 нафарга етганини маълум қилганди. Беморлар Жиззах, Қашқадарё, Навоий ва Самарқанд вилоятларидан бўлган. Урнинг барчаси 6 ёшгача бўлган.

Кейинчалик ССВ 18 нафар бола «Док-1 Макс» сиропини ичиб вафот этганини тасдиқлаган. Унинг таркибидан таркибида заҳарли модда — этиленгликоль топилган. Аниқланишича, дори шифокор рецептисиз, мустақил ёки фармацевт тавсияси билан сотиб олинган ва меъёрдан ортиқ дозада қабул қилинган. Ҳолат ўрганилгач, етти нафар масъул ишдан олинган. Дори савдоси эса тўхтатилган.

Шундан сўнг ДХХ Тергов бошқармаси томонидан 18 бола ўлимига сабабчи бўлган «Док-1 Макс» билан боғлиқ ҳолат бўйича Quramax medical ҳамда «Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази» мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши қўзғатилган.

Ўзбекистон соғлиқни сақлаш (собиқ) вазири Беҳзод Мусаев эса сиропини қабул қилган болалар ўлими ҳақидаги маълумотлар вазирликдан яширилганини айтганди. У 18 нафар боланинг ота-онасига ҳамдардлик билдириб, узр сўраган.