$
 12844.21
-11.72
 13508.26
-62.46
 127.35
-0.81
weather
+26
Кечаси   +14°

Ўзбекистон халқ шоири Шукрулло (Юсупов) 99 ёшида вафот этди

Шукрулло Шукрулло Юсупов

Қарийб 100 ёшни қаршилаган ёзувчи ва шоир Шукрулло (Юсупов) ҳаётдан кўз юмди. Бу ҳақда журналист Карим Баҳриев ўзининг Facebook‘даги саҳифасида маълум қилди. 

Шукрулло (1921) — Ўзбекистон халқ шоири (1981), Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими (1977). Педагогика билим юрти (1935−38) ва Низомий номидаги Тошкент педагогика институтини тугатган (1944), 1938 йил Қорақалпоғистонда, 1939−45 йилларда Тошкентда ўқитувчилик қилган. Кейин Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида маслаҳатчи (1945−49), Ўзбекистон давлат нашриётида муҳаррир (1945−51; 1955−65). 

1951 йилда миллатчилик ва советларга қарши тарғиботда айбланиб, 25 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган, Сталин вафотидан кейин озод этилган (1955).Илк шеърлар тўплами — «Биринчи дафтар» (1949). Шундан кейин унинг «Қалб қўшиқлари» (1949), «Ҳаёт илҳомлари» (1959), «Умрим борича» (1960), «Инсон ва яхшилик» (1961), «Инсон — инсон учун» (1964), «Зарралар» (1973), «Суянчиқ» (1977), «Яшагим келади» (1978), «Сенинг бахтинг» (1988), «Тўкилган дардларим» (2001) каби шеърий тўпламлари эълон қилинган.

Шукрулло «Чоллар» (1948), «Россия» (1956), «Икки қоя» (1964), «26-тонготари» (1966), «Гул ва оташ» (1972), «Кўнгил чироғи» (1975), «Аср баҳси» (1985) ва бошқалар достонларини ёзган. Шукруллонинг болаларга бағишланган шеър ва эртаклари «Баҳор совғаси» (1962), «Юлдузлар» (1964) шеърий тўпламларидан ўрин олган. «Хатарли йўл» (1962), «Табассум ўғрилари» (1964), «Тўйдан кейин томоша» (1980), «Ўғрини қароқчи урди» (1982), устоз ёзувчиларнинг ижоди тажрибалари тўғрисида баҳс юритувчи «Жавоҳирлар сандиғи» (1983) эссеси, қатағон даври даҳшатлари ҳақидаги «Кафансиз кўмилганлар» (1989) автобиографик қиссаси, «Қасосли дунё» (1994) публитсистик мақолалар тўплами, Убайдулла Хўжаев тўғрисидаги «Тирик руҳлар» (1999) роман-хроникаси муаллифи.

Шукрулло Карло Готссининг «Бахтиёр гадолар» пьесаси, Ш. Петёфи, Т.Шевченко, Қ.Қулиев ва бошқа шоирларнинг шеърларини ўзбек тилига таржима қилган. Унинг асарлари рус, араб, турк, озарбайжон, қорақалпоқ, қозоқ, қирғиз тилларида нашр этилган.

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофоти лауреати (1994). «Дўстлик» (1994) ва «Эл-юрт ҳурмати» (1999) орденлари билан мукофотланган.

Теги :
Jamiyat