$
 12844.21
-11.72
 13508.26
-62.46
 127.35
-0.81
weather
+26
Кечаси   +14°

“Контрактдан чегирмалар белгилашни табақалаштирилган усулда амалга оширилиши мақсадга мувофиқ” — сенатор

“Контрактдан чегирмалар белгилашни табақалаштирилган усулда амалга оширилиши мақсадга мувофиқ” — Сенат

Маълумки, Пандемия шароитида аҳолининг тўлов қобилияти пасайиши ҳисобга олиниб, фарзанди тўлов-шартнома асосида ўқийдиган оилаларга бир қатор енгилликлар берилди. Жумладан, амалдаги базавий тўлов-контракт миқдори учун кундузги шаклда ўқийдиган барча талабаларга 10 фоиз чегирма берилди. Бу ижтимоий тармоқларда кенг баҳс-мунозараларга сабаб бўлмоқда. Сенатор Одилжон Иминов ҳам бу масалага ўз муносабатини билдириб ўтди:

“Таъкидланаётганидек, пандемия шароитида таълимни масофавий ташкил этилиши уни сифатига ҳам салбий таъсир этмоқда, талабалар овқатга ёки дорига пул топишга қийналаётган, авваллари ишлаб ёки мардикорчилик қилиб ўқишига пул тўлаётган талабаларнинг кўпчилиги ҳозир ишларидан ҳам айрилишган. Шу шароитда, контракт тўловидан 10 фоиз чегирма берилиши жуда кам, деб баҳоланмоқда ва 30-40 фоиз чегирма бўлиши лозимлиги кўрсатилмоқда. Ижтимоий тармоқларда ҳаттоки, тўлов-контракт миқдори таълим сифати билан ўзаро боғлаб кўрсатилиб, ўқитиш сифати пастлиги натижасида мамлакатнинг бирорта олий таълим муассасаси дунё миқёсида ТОП-1000 га кирмаганлигига ҳам урғу бериб ўтилмоқда, шунингдек, мазкур ҳолатга давлат идоралари ва депутатлар лоқайд муносабатда бўлмоқдалар, деб айтилмоқда.

Албатта, аҳолининг тўлов қобилияти пасайишини ҳисобга олиб, бугунги кунда белгиланган контракт миқдори ўқитишнинг минимал харажатларини ҳам қоплай олмаётганлигига қарамасдан (ўртача 68 фоизи қопланмоқда), талабалар учун енгиллик яратиш мақсадида амалдаги контракт миқдори бўйича барча талабаларга 10 фоиз чегирма берилишини – ижобий баҳолаш лозим. Шунингдек, етим, чин етим, ногирон бўлган талабаларга ҳамда “темир дафтар” рўйхатидаги оиладан бўлган талабаларга контракт тўловларини қоплаш учун манзилли моддий ёрдам кўрсатилиб, 4,0 млн. сўмгача молиявий ёрдам кўрсатилиши белгиланган. Қуролли Кучлар сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаган талабага эса шартнома миқдорининг 35 фоизини тўлаб берилади.

Шу ўринда, барча талабаларни моддий таъминоти даражасидан келиб чиқиб, уларга контрактдан чегирмалар белгилашни табақалаштирилган усулда амалга оширилиши мақсадга мувофиқ бўлар эди, деб ҳисоблаймиз. Чунки, айрим талабалар учун уларнинг моддий ҳолатига нисбатан – нафақат чегирма миқдори, балки бутун контракт миқдори ҳам сезиларли таъсир этмагани ҳолда, бошқалари учун контрактнинг 10 фоизини тўлаш ҳам – ҳозирги шароитда оғирлик қилиши мумкин. Шунинг учун мутасаддилардан юқоридаги масалалар бўйича ўз қарашларини билдиришларини кутиб қоламиз. Пандемия шароити таълим тизимидаги, айниқса – унинг бошқарув механизмидаги қатор камчиликларни кўрсатиб қўйди. Масалан, юқорида қайд этилган муаммо бўйича – нега энди контракт суммаларини ва унга чегирмаларни вазирлик белгилаши керак? Ахир, бу вазифа мустақил юридик шахс сифатида фаолиятини юритувчи – таълим муассасаси раҳбариятининг ўз моддий имкониятларидан келиб чиқадиган вазифаси бўлиши керак эмасми? Фақат ижтимоий нуқтаи назардан чегирмалар учун маблағлари етишмагани ҳолатдагина, таълим муассасаси раҳбарияти субсидиялар учун вазирликка мурожаат этиши лозим, деб ҳисоблаймиз.

Маълумки, жорий йилда мамлакатимиздаги олий таълим муассасаларига бакалавриат босқичига 162 364 та, магистратурага 10 425 та ўрин ажратилган бўлиб, бакалавриат йўналиши бўйича 1 млн. 484 минг нафар абитуриент ҳужжат топширган. Яъни, битта ўринга 10,6 та талабгор тўғри келмоқда, 1 млн. 321 мингдан ортиқ талабгорни эса “кўчада қолиши” кутилмоқда. Нисбийлик назарияси нуқтаи назаридан қаралса, шунча талабгорнинг барчаси ҳам “кўчада қолишга” лойиқмикан? Ахир, оммавий ахборот воситаларида ҳам қайта-қайта таъкидланаётганидек – ривожланган давлатларда 90-95 фоизгача талабгорлар тўлов имкониятига эга бўлсалар, у ёки бу турдаги ўқишларга қабул қилинадику.

Ҳозирги пандемия шароитида ёпиқ бинолар эпидемиологик талабга жавоб бермаслигини инобатга олиб, тест синовларини шаҳарлар ва вилоятлар марказларидаги стадионларда ташкил этишга топшириқ берилди.

Оммавий ахборот воситаларини шу кунларда кузатсак, уларда олий таълим муассасаларига қабул бўйича бугунги куннинг энг долзарб муаммоси бўлиб турган – короновирус пандемиясидан ҳам кўпроқ гапирилаётганлигини гувохи бўламиз. Гапирилганда ҳам асосан –камераларнинг ишлаши, хавфсизликни таъминланиши каби ташкилий масалалар ҳақида сўз боради. Шу ўринда ҳақли савол туғилади – олий таълим менежменти бу “компания”ни тугатиш учун, яъни қабул жараёнларини мамлакатимиздаги хорижий таълим муассасалари каби онлайн режимига тўлиқ ўтказиб, ҳамма давлат тузилмаларини безовта қилмай, фақат ҳақиқий мутахассисларни жалб этган ҳолда шаффоф ўтказиш бўйича қандай чора-тадбирларни амалга оширмоқда? “Кўчада қолиши” кутилаётган ёшларга руҳан ва маънан кўмак бериш учун олий таълим муассасалари имкониятини кенгайтириш орқали балки – сиртқи, кечки, масофавий, дуал каби таълим турлари бўйича қўшимча квоталар ажратиш мақсадга мувофиқдир?

Албатта, юқорида қайд этилган – олий таълимга энг яхши талабгорларни саралаб олиш муҳим мавзу, бундан ташқари – энди таълимни замон талабларига ҳамнафас, сифатли ташкил этиш масалалари алоҳида мавзу бўлиб, мазкур мавзуга алоҳида тўхталамиз...”.

Теги :
Jamiyat