$
 12844.21
-11.72
 13508.26
-62.46
 127.35
-0.81
weather
+26
Кечаси   +14°

“Сардоба” фожиасига дахлдор 9 киши қамоққа олинди

“Сардоба” фожиасига дахлдор 9 киши қамоққа олинди

“Сардоба” фожиасига дахлдор 9 киши қамоққа олинди

Жорий йилнинг 1 май куни юз берган “Сардоба” сув омбори тўғони ўпирилиши ва бунинг оқибатида катта ҳажмдаги ер майдонларини сув босиши бўйича Жиноят кодексининг 207 ва 258-моддаларида назарда тутилган жиноятлар аломатлари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, дея хабар қилади Бош Прокуратура Ахборот хизмати.

Маълум қилинишича, сув омбори 2010-2017 йилларда қурилган бўлиб, лойиҳага буюртмачи сифатида “Сирдарё сув қурилиш инвест” ДУК (Сув хўжалиги вазирлиги), бош лойиҳачи — “UzGip” МЧЖ, бош пудратчи – “Ўзтемирйўлқурилишмонтаж” УК (“Ўзбекистон темир йўллари” АЖ) танланган. Сув омбори қурилишига давлат бюджетидан 1,2 трлн.сўм сарфланган.

Ҳозирги вақтда тергов органи томонидан тўғон қурилиши, эксплуатация қилиниши, давлат комиссияси томонидан қабул қилинган ҳажмда сув тўпланиши жараёнларида йўл қўйилган қонун бузилиши ҳолатларига дахлдор 9 нафар шахс, жумладан, буюртмачи “Сирдарё сув қурилиш инвест” ДУК, лойиҳачи “UzGip” МЧЖ, бош пудратчи – “Ўзтемирйўлқурилишмонтаж” УК, пудратчи ташкилот “Резаксой сув қурилиш” УК, “Тўпаланг Шеробод” ШК, Сув хўжалиги вазирлиги, Эксплуатация дирекцияси мансабдор шахсларининг бир гуруҳи Жиноят кодексининг тегишли (167-, 205-, 207-, 209-, 258-) моддалари билан жиноий жавобгарликка тортилиб, камоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган.

“Жиноят иши доирасида қурилишга сарфланган бюджет маблағларининг асослилигини текшириш мақсадида ҳужжатли тафтиш ва бажарилган ишлар ҳажмларининг назорат ўлчови тайинланиб, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси мутахассислари раҳбарлигида мутасадди идораларнинг малакали мутахассисларидан иборат комиссия томонидан ўлчов ва тафтиш ишлари олиб борилмоқда”, дейилади хабарда.

Тергов органи томонидан жиноятнинг сабаблари, унга имкон берган шарт-шароитларни, айбдор шахслар доирасини аниқлаш билан бирга, етказилган зарарнинг қопланишини таъминлашга қаратилган чора – тадбирлар амалга оширилмоқда.

Дастлабки терговни ҳар томонлама ва тўлиқ ўтказилишини таъминлаш мақсадида ҳамда жиноят ишининг мураккаблиги ва катта ҳажмдалигини инобатга олиб, дастлабки тергов муддати Бош прокуратура томонидан 5 ойга узайтирилган.

Теги :
Jamiyat